“Тез ёрдам” фельдшери: «Бизни ҳимоя воситаларисиз вирус билан урушга жўнатишмоқда»

“Тез ёрдам” фельдшери: «Бизни ҳимоя воситаларисиз вирус билан урушга жўнатишмоқда»

COVID-19 га чалинганлар сони ошиб бораётгани сабабли пойтахт тез тиббий ёрдам хизматига тушаётган юклама бир неча бараварга ошган. Аҳоли “тез ёрдам”ни суткалаб кутишга тўғри келаётганидан шикоят қилади. Кўп ҳолларда беморларнинг мурожаатлари эътиборсиз қолдирилмоқда. Соғлиқни сақлаш тизими ресурслар етишмовчилигидан “букилиб” қолган. Тиббий ходимлар тинмай ишлашига тўғри келяпти, бунинг устига улар аҳолининг тушунмовчилигига ва ҳатто тажовузига ҳам дуч келмоқда. Anhor.uz мухбири “Тез ёрдам” фельдшери Мирсанжар Йўлдошев билан суҳбатлашди. 
 

Пандемия шароитларида тиббий ходимларнинг меҳнатини ҳеч қандай муболағасиз қаҳрамонлик дейиш мумкин. Аммо ҳозир улар, айниқса шошилинч ёрдам ходимлари катта танқид ёмғири остида қолган…
 
Ҳа, ҳаммаси айнан шундай. Асосий муаммо – поликлиникаларга бўлган ишончнинг йўқлиги. Айнан шу сабабли тез тиббий ёрдамга (ТТЁ) катта юклама тушмоқда. Агар фуқаро шамоллаб, ҳарорати кўтарилган бўлса ёки сурункали касалликлар сабабли асоратлар бошланган бўлса, даставвал поликлиникада кўрикдан ўтиш керак. Аммо аслида кўплаб беморлар “тез ёрдам” чақиришни афзал кўради. Бунинг устига поликлиникаларнинг ўзида ҳам 103 га қўнғироқ қилишни таклиф этишади ва буни ходимлар ҳарорати бор беморларнинг олдига бормаслиги билан изоҳлашади. Шу боис ТТЁнинг кўп вақти ҳарорати ёки сурункали касаллиги борларга, яъни хавф таҳдид солмаётган беморларга кетмоқда. Шу сабабли ҳам ТТЁ ходимлари салбий фикр-мулоҳазалар остида қолаётир.

Пандемия бошланганидан буён фаолиятингиз қай даражада ўзгарди?
 
Смена эрталаб 9 да бошланади. Биздан олдинги бригаданинг ўрнига келамиз, дориларни ва биринчи талабномани олиб, чақирув манзилига жўнаб кетамиз. Йўлда янги талабномалар тушади, бир бемордан иккинчисига йўл оламиз. Ҳозир смена 24 соат давом этади. Бир дақиқа ҳам бўш вақт йўқ. Тушликни кечурун қиламиз, кечки овқатни эса тунги 12 да. Кўп ҳолларда вақтни йўқотмаслик учун машинанинг ўзида ўтириб овқатланишга тўғри келади. Ҳолдан тоядиган даражада ишлаяпмиз.
 
Ҳукумат карантин чораларини юмшатиши билан фуқаролар ўз соғлиғига бепарволик билан қарай бошлади – ниқоблар тақишмаяпти, ижтимоий масофага амал қилишмаяпти, кўнгилочарлик мақсадларида жамоат жойларига боришмоқда. Натижада, COVID -19 га чалинганлар сони ошиб кетли, ТТЁга тушаётган юклама ҳам ошди.
 
Агар пандемия бошида мен ишлайдиган Учтепа туман ТТЁ кичик станциясига кунига 250-300 та чақирув тушган бўлса, ҳозир бу рақам уч бараварга ошган бўлиб, талабномалар сони 1000 тагача етмоқда. Тошкентда “тез ёрдам” 12 та кичик станцияга бўлинганини (яъни ҳар бир туманнинг ўз станцияси бор) ҳисобга оладиган бўлса, унда муаммо кўламини тасаввур қилиш қийин эмас. ССВ ушбу масалага масъулиятлироқ ёндашиши ва ҳаммасини яна ўзининг қатъий назорати остига олиши зарур, деб ўйлайман. Фақат шу тарзда вируснинг тарқалиш тезлигини пасайтиришимиз ва муаммони ҳал этишимиз мумкин.
 
Йўналишга ҳар куни нечта машина чиқади?
 
Аниқ айтолмайман. Мен ишлайдиган Учтепа туманидаги кичик станция балансида 20 та машина бор, улардан 4 таси педиатрия мақсадларида қўлланади, 16 таси эса катта ёшли беморлар учун мўлжалланган. Яқинда бизга яна бир нечта дамас ажратишди, энди фельдшер ва шифокор алоҳида-алоҳида ишламоқда, шу тарзда битта ходим икки кишининг ишини бажаряпти. Бир сменада бир мутахассисга 60 га яқин талабнома тўғри келади. Биз беморни кўрикдан ўтказиш ва унга ёрдам беришга, кейин эса давлат талаб қилганидай 15 дақиқа ичида кейинги беморгача етиб боришга жисмонан улгурмаяпмиз. Бир уйда бир нечта бемор бўлиши мумкин, етиб келишимиз билан укасини, қизини, дадасини ва бувисини кўрикдан ўтказишимизни сўрашади. Табиийки, биз рад этолмаймиз. Биз фақат фуқаролар ТТЁни чақирганда сабр-тоқатли бўлишларини истаймиз, холос.
 
Коронавирусга чалинган беморлар олдига кетаётган “тез ёрдам” ходимларига қандай талаблар қўйилади? 
 

Covid-19 га чалинган беморлар учун алоҳида бригадалар мавжуд. Оддий бригада бундай беморлар билан шуғулланмайди. Агар беморда коронавирусга гумон бўлса, биз талабномани 10-сонли юқори кичик станцияга йўналтирамиз. Бу кичик станция Яккасарой туманида жойлашган бўлиб, пандемия даврига коронавирусга чалинган баморлар учун қайта профиллаштирилган. Ушбу станцияга ҳар бир туман кичик станциясидан биттадан машина ажратилган. Агар беморда диагноз тасдиқланмаса, унга 14 кунга ўзини изояляциялашни маслаҳат беришади. Яъни улар COVID -19 га ижобий натижаси бўлмаган  беморнинг уйига боришмайди.
 
Ҳимоя воситалари билан таъминот қай аҳволда?
 
Ёмон аҳволда. Пандемия бошланганида бизга ҳар куни янги ҳимоя комбинезонларини беришарди. Кейин формани икки сменада кия бошладик. Тез орада эса ҳимоя кийимини уч сменада кийишни бошладик. Бу бир марталик комбинезонлар, улардан кўп марта фойдаланиб бўлмайди, чунки ювгандан кейин улар герметиклигини ва ҳимоя сифатларини йўқотади. Агар тиббиёт ходимлари уч сменада кийиладиган кийимда ишлашига тўғри келса, унда маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг савияси ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. 

Бизни ниқоблар ва қўлқоплар билан таъминлашга ҳам улгуришмаяпти. Айтгандай, машиналарга ҳамширалар тайёрлаб берадиган хлор эритмаси билан ўзимиз ишлов берамиз. Давлат ўз аскарларини урушга жўнатаётганда уларни қурол, форма ва бронежилетлар билан таъминлайди. Биз ҳозир ўша аскарлардаймиз, вирусга қарши муваффақиятли курашиш учун ходимлар максимал даражада ҳимояланган бўлиши керак, аммо, афсуски, ўзимизни хавфсизликда ҳис қилмаяпмиз, бизда вирусдан тўлақонли ҳимояланиш имконияти йўқ.

 
Беморлар асосан қандай шикоятлар билан қўнғироқ қилишади?
 
Кўпинча баланд ҳароратдан шикоят қилишади.  Кўпчилик 37 даража ҳароратда ваҳимага тушиб, туман поликлиникасига қўнғироқ қилади, улар эса ўз навбатида, 103 га қўнғироқ қилишни маслаҳат беришади. Одамлар 37.4 ҳарорат билан тез ёрдамни чақирган ҳолда, шошилинч ёрдамга эҳтиёжи борларга ёрдамни кечиктиришаётганини тушунишмайди. Эҳтимол ҳозир кимнингдир отаси инфарктдан оғир аҳволда ётгандир, қанд касаллигига чалинган бемор ҳаёт учун курашаётгандир ёки гипертонияга чалинган киши ҳушидан кетиб ётгандир.

Хорижда тиббий ходимларнинг кўпчилиги уйга қайтмаслик ва яқинларини хавф остига қўймаслик учун ўзларини алоҳида хоналарда изоляциялашади. Сизда шундай имконият борми?
 
Соғлиқни сақлаш тизими ходимларининг кўпчилигида бундай имконият йўқ. Аксарият кекса ота-онаси, фарзандлари билан бир уйда яшашда давом этади. Мен ҳам шулар қаториданман. Афсуски, улардан алоҳида яшаш имкониятим йўқ, чунки уйни ижрага олиш ойига 200-250 долларни ташкил қилади.
 
Коронавирусга чалинишдан қўрқмайсизми?
 
Кўпроқ ўзим учун эмас, яқинларим учун қўрқаман, ахир улар учун потенциал юқтириш манбаи ҳисобланаман. Бир ҳафта олдин яқин кишимни йўқотдим, у ўпка шишидан вафот этди. Иш кўплиги сабабли унинг олдига боролмадим, ҳамон ўзимни айблайман. Шу воқеадан кейин эртаси куни оғир аҳволда ётган аёлга ёрдам бердим. Касалхонага кетаётганимизда у жон беришига сал қолди,  аммо уни реанимация бўлимига етказишга ва ҳаётини сақлаб қолишга улгурдик. Бундай пайтларда ҳаммаси ҳам менга боғлиқ эимаслигини, ҳаётнинг ўз режалари борлигини теранроқ тушунасан.

Мен ҳалқимиз учун ташвишланяпман, убу мураккаб даврни бошдан кечириш учун қўлимдан келганича барча чораларни кўряпман. Ишда тиббий ёрдамдан ташқари, ўзимнинг Инстаграмдаги саҳифамда мамлакатда юз бераётган воқеалар ҳақида ҳикоя қиламан, “тез ёрдам”нинг ички томонини кўрсатаман, у ёки бу вазиятда қандай ҳаракат қилиш кераклиги ҳақида гапириб бераман.
 
Элина Рустамова суҳбатлашди

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.