Ўзбекистонда онлайн-аукцион: ғолибдан мулкдоргача бўлган узун йўл

Ўзбекистонда онлайн-аукцион: ғолибдан мулкдоргача бўлган узун йўл

Ўзбекистонда расмий онлайн-аукционда қатнашиш нимаси биландир лотереяни эслатади. Агар омад чопса, ҳаммаси хамирдан қил суғургандай ўтади ва харидор мулкнинг қонуний эгасига айланади. Ушбу материалнинг асл нусхаси CABAR.asia таҳлилий порталида чоп этилган.

Бироқ баъзида омад юз ўгириши ҳам мумкин. Шунда, харид барча процедуралар ва шартларга амал қилганига қарамасдан, мулкнинг олдинги эгалари савдолар якунларидан шикоят қилишлари ва унинг бекор қилишга эришишлари мумкин. Бу жойлардаги амалдорларнинг аралашуви билан, асосийси эса – суд қарори билан юз беради.

Суд қарори билан мусодара қилинган мулкни сотиш ишлари шаффоф бўлиши ва барча иштирокчилар учун тушунарли қоидалар бўйича ўтказилиши учун 2017 йилда давлат томонидан «E-IJRO AUKSION» электрон савдолар онлайн-платформаси яратилди.

Бугунги кунда барча давлат активлари, ер участкалари ҳамда суд қарорлари бўйича савлога қўйилган мулк ушбу платформа орқали марказлаштирилган тартибда сотилади.

Ёзма аризаларни тақдим этиш ва савдоларни “жисмоний” форматда ўтказиш ҳақидаги эски нормалар бекор қилинди.

Марказий идоралар ушбу янгиликларни жорий этиш заруратини шундай тушунтиради: «Янги тизим турли амалдорлар томонидан нарх бўйича манипуляцияларга ва суиистеъмолликларга йўл қўймайди. Шунингдек у жисмоний ва юридик шахсларнинг, шу жумладан хорижлик инвесторларнинг ягона электрон онлайн-аукциондан кенг фойдаланишини таъминлайди».

Бироқ республика миқёсидаги жанжал билан якунланган қатор савдолар тизимнинг номукаммал эканлигидан далолат бермоқда.

Ушбу электрон тизим фаолиятининг таҳлили қуйидагиларни кўрсатмоқда: харидорларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатлари тез-тез бузилиши ҳолатлари мавжуд, кейинчалик харидорлар ўзлари сотиб олган мулкни муддатида ололмаяптилар. Онлайн-савдолар натижалари, қонуний ғолибларнинг далилларига қарамасдан, кейинроқ турли инстанция судларининг қарорлари билан осонгина бекор қилиняпти; харидорлар кўрган зарар ва неустойкалар ҳамда сарфланган вақт ва асаблар ҳеч ким томонидан компенсация қилинмаяпти.

Аввал қандай эди?

«E-IJRO AUKSION» ягона онлайн-майдончаси яратилгунга қадар давлат мулки ва суд қарорлари бўйича мусодара қилинган объектлар давлат мулк қўмитасининг шаҳар (туман)  филиаллари томонидан ўтказиладиган маҳаллий аукцион савдолари орқали сотиларди.

Тадбиркорлар ва ҳуқуқшунослар жойларда бу савдолар қонунни қўпол равишда бузган ҳолда ўтказилишини бир неча бор қайд этишган. Масалан, бўлғуси савдолар ҳақидаги эълонлар расмиятчилик учун адади 500 нусхадан ошмайдиган туман газетасида чоп этиларди. Демак, савдолар ҳақида ҳам деярли ҳеч ким билмасди.
 
Ташкилотчилар савдоларга “бегоналар”ни қўймаслик учун (хорижий инвесторлар ҳақида гапирмаса ҳам бўлади) турли ишларга қўл уришарди. Шаҳар ва туман маъмуриятлари раҳбарларининг қарори бўйича ер участкалари жисмоний шахсларнинг мулкига мутлақо бепул ўтиши ҳам мумкин эди.

Омадсиз харид

Самарқандлик тадбиркор Санъат Қодиров 2017 йилдан бошлаб эски фирибгарликлар ва қонунсизликка барҳам берилди деб ўйлаганида, хато қилганди.

Тадбиркор 2019 йил август ойида машина-трактор парки (МТП) бинолар мажмуасини 1 млрд 539 млн 328 минг сўмга харид қилади (бу 150 минг АҚШ доллари атрофида) (лот №0097993). Олдин бу мулк суд нозирлари томонидан мусодара қилинган.

Бироқ 1 йилдан сўнг, 100 фоиз тўлов амалга оширилганига қарамасдан, Қодиров ҳамон объектнинг тўлақонли хўжайинига айлана олмаяпти ёки, юридик тилда айтганда, мулкчилик ҳуқуқига кириша олмаяпти.

Бунга олдинги мулкдор – «Самарқанд Агросервис МТП» масъулияти чекланган жамияти тўсқинлик қилмоқда. МТП бинолари мажмуи ушбу МЧЖ томонидан банк олдидаги кредит мажбуриятларини бажара олмагани учун суд қарори бўйича олиб қўйилган ва савдоларга қўйилган эди.

Аукцион якунлари маҳаллий суд қарори билан бекор қилинди. Бу жараёнга Самарқанд вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳам аралашгани маълум бўлди. Юқори мартабали амалдорнинг асоссиз равишда аралашуви факти расмий ҳужжатлар билан ҳам тасдиқланди, ушбу ҳужжатлар журналистик текшириш ишлари давомида таҳририятга тушиб қолди.
 
Санъат Қодиров – бундай қийинчиликларга дуч келган ягона харидор эмас. Маҳаллий ОАВда E-IJRO AUKSION» харидорларининг ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги мақолаларни тез-тез учратиш мумкин.

Фарғоналик тадбиркор Сойибжон Бувожонов 2018 йил октябрь ойида онлайн-аукционда қиймати 279 млн сўмлик (қарийб 27 минг АҚШ доллари) мусофадар қилинган мулкни харид қилади. Савдолар орқали харид қилинган мулк Фарғона вилоятининг Риштон туманида жойлашган бўлиб, олдин «Ўзагрокимёҳимоя» акциядорлик жамиятига тегишли бўлган. Ушбу корхона акцияларининг 51 фоизи давлатга тегишли.

2019 йил февраль ойида Фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди онлайн-савдолар якунларини бекор қилди. Прокуратура томонидан эълон қилинган эътирозга қарамасдан, Фарғона вилоят суди туман судининг қарорини ўзгаришсиз қолдирди.

Бир йилдан сўнг, 2020 йил март ойида ЎзР Олий суди ушбу фуқаролик низосини назорат тартибида кўриб чиққан ҳолда, онлайн-савдолар якунларини тиклади ва тадбиркор Сойибжон Бувожоновнинг ушбу мулкка бўлган қонуний ҳуқуқини тан олди. Вилоят ва туман судларининг аввалги қарорлари бекор қилинди.

Биринчи қаҳрамонимиз, тадбиркор Санъат Қодиров, билан боғлиқ вазият зиддиятли. 2020 йил марть ойида биринчи инстанция суди – Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди мулкчилик ҳуқуқини Қодировда қолдирди ва ўтказилган онлайн-савдоларни бекор қилмади.

Бироқ 2020 йил июль ойида Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди апелляция тартибида биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди ва «E-IJRO AUKSION» савдоларининг якунларини ҳақиқий эмас деб тан олди.

Қонун нима дейди?


«E-IJRO AUKSION» бош офиси. Фотосурат: расмий веб-сайт

«Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» давлат унитар корхонаси (ДУК) «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасининг эгаси ҳисобланади.  У Мажбурий ижро бюроси ҳузурида Бош прокуратура бўлинмаси сифатида яратилган. Кейинчалик ушбу ДУК Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлигининг ихтиёрига берилди.

Онлайн-аукционни яртиш учун асос бўлиб хизмат қилган Ўзбекистон президентининг қарорида шундай дейилади:

«Аукцион натижалари ҳақидаги баённома харид қилиш-сотиш шартномасининг кучига эга бўлиб, у мулкка қўйилган ҳибсни олиб ташлаш, уни аукцион ғолибига бериш учун асос ҳисобланади, шунингдек мулкни ғолибнинг номига рўйхатдан ўтказиш (ҳисобга қўйиш), унга бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа мулкий ҳуқуқлар учун асос бўлиб хизмат қилади» (ЎзР Президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сонли қарорининг 52-банди).

Бироқ ўша  Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш агентлигининг ўзидан олинган маълумотга кўра, «E-IJRO AUKSION» савдоларининг якунларини судлар томонидан бекор қилиниш ҳолатлари ҳамон кузатилмоқда.

«2017 йилдан 2020 йилга қадар «E-IJRO AUKSION» электрон майдончаси орқали 32,9 мингта очиқ савдо ўтказилган. Шундан 42 та ҳолатда савдолар якунлари бекор қилинган. Бу барча савдоларнинг бор-йўғи 0,1% ни ташкил қилади», – дейилади ЎзР Давлат активларини бошқариш агентлигининг CABAR.asia сўровига берган жавобида.

Давлат активларини бошқариш агентлиги судлар томонидан савдолар якунларининг бекор қилинишига “мулкни очиқ савдоларга қўйишда суд нозирларининг ноқонуний ҳаракатлари” сабабчи эканини кўрсатмоқда.
 
Суд қарорларини бажарувчи идора – Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ҳам мулкни онлайн-савдоларга қўйишда суд нозирларининг ғайриқонуний ҳаракатлари билан боғлиқ  фактларни тан олади.

«Келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олиш ва уларга йўл қўймаслик учун бу ишга масъул бўлган ҳудудий бошқармаларнинг тегишли ўринбосарлари устидан қатъий назорат ўрнатилди», – дейди мазкур бюро директорининг ўринбосари Шавкат Ҳайдаров CABAR.asia сўровига.

Аммо айрим тадбиркорлар ва ҳуқуқшунослар, судлар томонидан онлайн-савдолар якунларини суд нозирлари ёки бошқа органларнинг гўёки “ноқонуний ҳаракатлари” деб бекор қилиши – бу фақат баҳона эканига, уларнинг ортида учинчи шахсларнинг яширин манфаатлари борлигига, улар олдин сотилган мулкни қайтаришдан манфаатдор эканига ишончлари комил.

Самарқандлик тадбиркор САнъат Қодиров билан боғлиқ ҳолатда, онлайн-аукцион якунларини бекор қилиш ортида шахсан Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг ўзи турган. Бир қарашда вилоят маъмурияти ва сотилаётган мулк орасида бевосита алоқа йўқдай кўринса ҳам.
Ҳоким Турдимовнинг Самарқанд вилоят иқтисодий судининг раиси Ойбек Асадовга юборган хатида қуйидагилар ёзилган:

«Гаровга қўйилган ва аукцион орқали сотилган «Иштихон Агросервис МТП» мулки давлат мулки эканини инобатга олган ҳолда ушбу суд ишини қайта кўриб чиқишингизни, бунда давлат улуши мавжуд бўлган корхона мулкини бегоналаштирганда давлат манфаатларига зарар етиши эҳтимолини эътиборга олишингизни сўраймиз».


Самарқанд ҳокимлиги. Фотосурат: samarkand.uz

Иқтисодий ишлар бўйича Самарқанд вилоят судининг раиси Ойбек Асадов ушбу мурожаатга изоҳ берар экан, “Самарқанд вилоят ҳокимининг ушбу хати ишни кўриб чиқишда мажбурий характерга эга эмаслигини” айтди.
 
«Бундан ташқари, суд мазкур хатни суд иши доирасида далил сифатида қабул қилмаганини маълум қилади», – дея жавоб беради Асадов CABAR.asia сўровига.

Бироқ суд, Самарқанд вилоят маъмурияти ушбу суд ишида томонлардан бири эмаслигини инобатга олган ҳолда, бу хатни суд иши материалларига тикиб қўйиш сабабини  тушунтиргани йўқ.

CABAR.asia таҳририяти вилоят маъмуриятининг раҳбари Эркинжон Турдимов хатининг мазмунига изоҳ бериш илтимоси билан Самарқанд вилоят ҳокимлигига мурожаат қилди.
 
Ҳокимлик матбуот кобити Манучеҳр Мирзаев: «Ушбу суд жараёнида даъвогар ва жавобгардан ташқари халқ ва давлат манфаатлари ҳам бор», деган қисқа жавоб билан чекланди. Конкрет қандай манфаатлар ҳақида сўз бораётганига матбуот котиби аниқлик киритмади.

Вилоят маъмуриятининг ушбу суд жараёнига аралашувини ЎзР Адлия вазирлигининг кадрлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Қўчқоров ҳам CABAR.asia таҳририятига берган жавобида тасдиқлади.

«Самарқанд вилоят маъмурияти 2020 йил 24 апрелда «Самарканд Агросервис МТП» МЧЖнинг мурожаатини қўллаб-қувватлаган ҳолда Олий суд қарорига шикоят киритиш учун Бош прокуратурага №01-16/769-сонли хатни киритди».

Вилоят маъмуриятининг ушбу хати судда ҳал қилувчи ролни ўйнагани шубҳасиз, шу туфайли суд иши жараёнига энди Ўзбекистон Бош прокурорининг ўринбосари Светлана Ортиқова ҳам аралашади.

Ўзбекистон парламентининг қуйи палатаси депутати Расул Кушербаев тадбиркор Санъат Қодировнинг ҳуқуқларини ёқлаб чиқади. У Тошкентда қабул қилинаётган нормаларнинг жойларда эътиборсиз қолдирилаётганига норозилик билдиради.
 
«E-IJRO AUKSION» нуфузини ошириш ва келгусида савдолар якунларининг бекор қилинишига йўл қўймаслик мақсадида 2019 йил 26 августдаги ПҚ-4427-сонли президент қарорига алоҳида равишда қуйидаги таъриф қўшилади: «…аукцион ғолибининг ёки ер участкасига ҳуқуқлари бўлган шахсларнинг айби бўлмаганида маъмурий процедураларгамал қилмаганлик муносабати билан электрон онлайн-аукцион натижалари ҳақидаги баённомани бекор қилиш ёки ўзгартиришга йўл қўйилмайди».

«Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази» ДУК директори Мухиддин Хўжаев маҳаллий ОАВда аукционлар якунларини бекор қилиш билан боғлиқ вазиятга изоҳ берар экан, буни судлар томонидан амалдаги қонунчилик нормаларига амал қилинмаётгани билан боғлайди.

«E-IJRO AUKSION»: 229-модда қўллаб-қувватланишини талаб қиламиз» сарлавҳаси остида чиққан мақолада Хўжаев ҳатто суд қарори бўйича ҳам аукцион харидоридан мулкни олиб қўйиш мумкин эмаслигини таъкидлайди. Бироқ амалда судлар бирибир уларни бекор қилмоқда.

ЎзР Фуқаролик кодексининг 229-моддасига мувофиқ, агар мулк аукцион орқали суд қарорини бажариш доирасида сотилган бўлса, виждонли харидордан бу мулкни талаб қилиб (қайтариб) олишга йўл қўйилмайди.

ЎзР Олий суди CABAR.asia таҳририятининг изоҳ бериш ҳақидаги сўровини жавобсиз қолдирди.

Ғолиблар қандай қилиб харид қилинган мулкка эришишмоқда

Аукцион якунларини бекор қилиш ҳолатларидан ташқари, харидорлар ҳуқуқларининг тез-тез бузилиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. «E-IJRO AUKSION» майдончаси харидорга қоғоз ҳужжат – “Ютуқ ҳақида далолатнома”ни бериш билан чекланади, ушбу ҳужжат харид қилиш-сотиш шартномасининг кучига эга, аммо у мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқлайдиган ҳужжат ҳисобланмайди. Харидор томонидан “Ютуқ ҳақида далолатнома” олинишидан бошлаб то мулкни давлат рўйхатидан ўтказиш ва унга бўлган мулк ҳуқуқининг кучга киришигача ойлаб, баъзида эса йиллаб вақт ўтиши мумкин.

Жиззахлик Ҳаёт Норматов 2019 йил ноябрь ойида «E-IJRO AUKSION» орқали 159,5 млн сўмга (15,5 минг АҚШ долларига яқин) суд қарори бўйича суд нозирлари томонидан савдога қўйилган №0133794 «Участкага эга тураржой мулки» лотини харид қилади. Бироқ аукцион натижаларини ҳеч ким бекор қилганига қарамасдан, у ўзи харид қилган мулкка кира олмайди. Сабаби – у сотиб олган уйда одамлар яшайди, Норматов одамларни у ердан кўчира олмайди.

Норматовнинг сўзларига кўра, суд нозирлари мулкни савдога қўйиш пайтида унда одамлар яшаётганини ва уларни суд орқали мустақил равишда кўчириш кераклигини кўрсатмаган.

Шунингдек, ўша суд нозирлариолдинги хўжайинларнинг коммунал хизматлар бўйича 8 млн сўмга яқин (800 АҚШ долларига яқин) маблағни ташкил қилувчи қарзларини тўлашни ҳам харидордан талаб қилган.

Фақат ҳамма идораларга, шу жумладан президентга ва омбудсманга кўп сонли шикоятлардан сўнг Жиззах вилоятининг Пахтакор туман прокуратураси туман Мажбурий ижро бюроси ходимларининг талабларини ноқонуний деб тан олди. Прокуратура коммунал хизматлар учун қарзларни олдинги хўжайинлардан ундириш ҳақида қарор чиқарди.
 
Шуларга қарамасдан, мулк сотиб олинганидан сўнг деярли бир йилдан кейин уйдан одамларни кўчириш масаласи энди фуқаролик ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилади.
 

Мен яшайдиган уйда табиий газ йўқ, отам бронхиал астма билан касалланган унга қўлбола печканинг тутуни мумкин эмас. Шу муносабат билан аукцион орқали шу уйни харид қилишга қарор қилгандим, бунинг учун бор чорва молимни сотдим. Бир йилдирки, ушбу харидим билан муаммолар тугамаяпти, у ерга кўчиб ўтолмаяпман. Ҳаммадан ҳам отамнинг олдида уятли бўлиб қолдим”.

Ҳаёт Норматов онлайн-аукцион орқали харид қилган уйга бир йилдан ортиқ вақт мобайнида кўчиб ўтолмаяпти.

«E-IJRO AUKSION» огоҳлантиради

Аукцион ўзининг расмий сайтида ғолибларни қуйидагилар ҳақида огоҳлантиради: Савдолар якунланганидан кейинги 5 кун давомида лот тўлиқ тўланмаган тақдирда, аукцион натижалари ҳақиқий эмас деб тан олинади, харидор томонидан олдин киритилган 5% бўнак эса қайтарилмайди.

Ушбу шарт ҳақида Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 27 июлдаги ПҚ-3149-сонли “Суд ҳаракатлари ва бошқа органларнинг ҳаракатлари бажарилганида мулкни сотиш бўйича электрон онлайн-аукционларни ташкиллаштириш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарорига Низомда сўз боради.

Ўз навбатида, «E-IJRO AUKSION» майдончасининг ўзи электрон онлайн-аукцион тўхтатилиши ёки бекор қилиниши сабабли иштирокчига етказилган зарар учун жавобгар эмаслигини кўрсатади. Ушбу шарт электрон онлайн-аукционга қўйилган мулк давлат ижрочисининг талабномаси асосида сотилаётгани билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг маълумотларига кўра, 2020 йил август ойида «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасининг эгаси – “Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази” ДУК Товар ёки молия бозорида устувор ҳолатни эгаллаган хўжалик юритувчи субъектлар давлат реестрига киритилган. Шу муносабат билан яқин келажакда «E-IJRO AUKSION» фаолияти ушбу ДУК томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари  ва манфаатлари чекланганлигини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.