«Яқинда палатка олиб, элчихона эшиклари олдида яшашимизга тўғри келади»
Россиялик Анна Болт ва унинг белоруссиялик турмуш ўртоғи Валерий Ўзбекистондан Минскка ўз уйига қайта олмаяпти. Иккала мамлакат элчихонаси уларга фақат оилани ажратган ҳолда ўз юртларига қайтаишни таклиф этмоқда, яъни Анна – Россияга, Валерий эса –Белоруссияга. Бу ҳақда «Такие дела» нашри хабар беради.
Анна Болтнинг сўзларига кўра, 2019 йил сентябрь ойида у турмуш ўртоғи ва иккита кучуги билан велосаёҳатга отланган. Октябрь ойининг охирида Ўзбекистонга етиб келишган, бу ерда қишни ўтказиб, кейин Тожикистон томонга саёҳатни давом эттиришни, сўнгра Россия орқали Белоруссияга қайтишни режалаштиришган экан. Бироқ март ойида COVID-19 туфайли барча чегаралар ёпилган ва жуфтлик Ўзбекистондан чиқолмай қолган. Ҳозир улар Бухорода яшамоқда.
Баҳор бошларида Анна ва Валерий Россия ва Беларусь элчихоналарига мурожаат қилади. Уларга аввал бошиданоқ итлар ва велосипедларсиз Минскка фақат ўзлари учиб кета олишларини айтишади. Шу боис жуфтлик итларни ташлаб кетмаслик учун шу ерда қолишга қарор қилади, ўша пайтда уларнинг молиявий аҳволи бунинг имконини берарди.
«Пулимиз тугай бошлаганида, биз яна элчихоналарга қўнғироқ қила бошладик. Яқинда палатка олиб, элчихона эшиклари олдида яшашимизга тўғри келади, шекилли. Муаммо шундаки, бизни алоҳида-алоҳида олиб чиқишлари мумкин экан, мени – Россияга, эримни – Беларусга. Аммо бу оилани ажратиш бўлади, ахир иккаламиз ҳам Минскда яшаймиз», — дейди Болт.
Анна, агар эвакуация рейси Россия орқали ўтса, унинг эрини Беларусга олиб кетиб қолишларидан, унинг ўзини эса РФда, ўзи рўйхатда турадиган Татаристонда карантинга жойлаштиришлари мумкинлигидан хавотирда. Анна турмуш ўртоғи билан биргаликда Минскдаги уйига қайтишни истаяпти, аммо элчихоналар бунга кафолат бермаяпти. 26 май куни эр-хотинларнинг ишини Россия ТИВ назорат остига олди.
«Правозащиты Открытки» ташкилотининг адвокати Дмитрий Пятахин “Такие дела” нашрига берган интервьюсида қуйидагиларни қайд этди: «Эри – Беларусь фуқароси бўлиб, хотини Россия фуқароси бўлганида, иккаласи ҳам Минскка қайтишни истаса, бу хотинида Беларусда истиқомат қилиш учун бериладиган ҳужжат йўқлиги билан қийинлашади. Иккаласи ҳам Беларусга бориши учун бу ерда доимий яшаши фактини исботлаш зарур, бунда истиқомат қилиш учун бериладиган ҳужжат ёки доимий регистрацияни тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат зарур бўлади», — дейди адвокат.
Пятахиннинг фикрича, агар бундай ҳужжатлар бўлмаса, унда жуфтликда иккита йўл қолади: эр ўз мамлакатига, хотин эса ўз мамлакатига жўнайдиган вариант ёки иккаласи ҳам Россияга қайтадиган вариант. “Ҳукумат қарорида киришга чеклов РФ фуқароларининг оила аъзоларига ва РФ ҳудудида доимий истиқомат қилувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги кўрсатилган”, — дея таъкидлайди адвокат.
Бош саҳифадаги фотосурт: “Такие дела”
Шарҳлар