Ўзбек олимлари ипак қурти чиқиндисини утилизация қилишнинг янги технологиясини таклиф этди

Ўзбек олимлари ипак қурти чиқиндисини утилизация қилишнинг янги технологиясини таклиф этди

Ўзбекистон Полимерлар кимёси ва физикаси институти ипак қуртини чиқиндисиз қайта ишлаш технологиясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш устида ишламоқда, дея хабар беради Ut.uz.

Маълумки, пилла ғумбаги табиий ипак ишлаб чиқаришида чиқинди сифатида қолади. Ушбу хомашё манбаи хитин, хитозан, ғумбак мойи, органоминерал ўғитлар ва иқтисодиётнинг турли соҳаларида қўлланадиган оқсилли маҳсулотларни олиш учун истиқболли база бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бир неча йил олдин Полимерлар кимёси ва физикаси институти ушбу ғоя устида ишлашни бошлаганди.    

Хитозан асосидаги “Ўзхитин” препарати бу борада натижага эришилган илк маҳсулотга айланди. Мазкур препарат сабзавот ва полиз экинларининг уруғларига кўчатсиз усулда экиш даврида ишлов бериш технологияси ва уларни капсулалаштиришда қўлланади. Бу уруғнинг бир текис униб чиқиши, ўсиши, ривожланиши ва экинларнинг ҳосилдорлигини оширишга кўмаклашади. Хусусан,  сабзавот ва полиз экинларининг ҳосилдорлиги ҳар бир гектар ерга 4-7 тоннага ошади.    
Шунингдек лаборатория мутахассислари ишлаб чиқаришга жорий этиш учун  ғумбак мойини олиш технологиясини ишлаб чиқди ва тайёрлади. Ушбу мой фармацевтика, тиббиёт, парфюмерия саноати, паррандачилик, балиқчилик соҳаларида катта талабга эга.

Сўнгги пайтларда олимлар нанотехнологиялардан фойдаланган ҳолда чиқиндиларни қайта ишлаш усуллари устида ишламоқда. Хитозаннинг сувда эрийдиган ҳосилалари бўлган карбоксиметиласкорбат ва сульфоаскорбат моддаларини яратиш – ана шундай йўналишлардан бири ҳисобланади. Ушбу моддалар тиббиётда, қишлоқ хўжалигида, биотехнологияларда, парфюмерия ва бошқа соҳаларда қўлланади. Мазкур технологияларнинг ривожланиши хусусиятлари яхшиланган нанополимерларни яратиш билан боғлиқ.

Бундан ташқари, хитозаннинг поливалентли металлар билан наноструктурланган металлкомплекслари устида ишланяпти. Улар қишлоқ хўжалик экинларини касалликлар ва зараркунандалардан ҳимоя қилувчи биологик фаол, экологик хавфсиз препаратларни ишлаб чиқиш учун зарур. Ушбу бирикмалар ўзининг биологик мувофиқлиги, биологик парчаланиши, токсиклик даражасининг пастлиги ва арзонлиги билан афзал. Улар экология тизимига салбий таъсир кўрсатмайди, енгил модификацияланади.  
 
Фотосурат: Ut.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.