ОАВ: Ўзбекистон ҳукумати МТСнинг мамлакатга қайтишига рухсат берди
Ўзбекистон ҳукумати Россия МТС компанияси маҳаллий уяли алоқа бозорида ўз фаолиятини тиклаши ҳақида қарор қабул қилди, дея хабар беради Интерфакс. Агентликнинг маълумотига кўра, қарор чоршанба куни Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қабул қилинган.
Унга кўра Россия компанияси МТС бренди остида фаолият кўрсатадиган шўъба корхонасини ташкил этади. Қўшма корхонанинг таъсис ҳужжатлари яқин кунларда имзоланади.
МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши билан боғлиқ бошқа шартларга аниқлик киритилмаган.
Қайд этиб ўтамиз, МТСнинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақидаги янгиликлар 2014 йил апрелидан пайдо бўла бошлаганди. Ўшанда МТСнинг Ўзбекистонга нисбатан берган даъво аризасини кўриб чиқиш Жаҳон банки ҳузуридаги халқаро трибуналда томонларнинг келишувига биноан тўхтатилгани маълум бўлди. Май ойида “Система” компаниясининг асосий хўжайини Владимир Евтушенков холдингга кирувчи МТС компанияси Ўзбекистонга қайтишни режалаштираётганини билдирди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан расмий изоҳ олишга муваффақ бўлинмади.
Эслатиб ўтамиз, 2012 йили Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчи бўлган “МТС-Ўзбекистон” компанияси (“Ўздунробита”)(абонентлар базаси 9,3 млн киши) лицензиядан маҳрум этилиб, банкрот сифатида тан олинди.
2013 йил январида “Ўздунробита” ҳокимият органлари томонидан билдирилган кўп сонли даъволардан кейин ўзини банкрот деб эълон қилади ва бу компания фаолиятининг тўхтатилишига ҳамда умумий қиймати 600 млн долларлик молиявий даъво билдирилиши ҳақидаги суд қарорига олиб келади. Тошкент шаҳар Хўжалик суди компанияга нисбатан тугатиш ишини бошлаган ҳолда уни банкрот деб тан олади. Компания активларини сотиш бўйича кимошди савдолари тайинланади, бироқ улар аризалар йўқлиги туфайли ўтказилмаган сифатида эътироф этилади.
2013 йил охирида “Ўздунробита” мулки сақлаб қўйиш учун “Ўзбектелеком” АКга топширилади. Шу йилнинг февраль ойида Ўзбекистон “Узмобайл” базасида миллий мобил алоқа операторини ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди. У LTE (4G тўртинчи авлод тармоғи ) технологияларидан фойдаланган ҳолда GSM стандартида ишлайди.
Шарҳлар