Самарқандда урологик касалликларни даволашда эндовизуал технологиялар жорий этилди
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббий марказининг Самарқанд жарроҳлик филиали урологик касалликларни даволашда эндовизуал технологияларни жорий этмоқда, деб ёзади Uzbekistan Today нашри.
Бугунги кунда жарроҳлик соҳаси кичик инвазив технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш йўлидан бораётир, бу айниқса болаларни даволашда долзарб ҳисобланади. Кесилган жойлар қанча кам бўлса, жароҳат ҳам шунча кам бўлади, асоратлар камаяди ва жарроҳлик операциясидан кейинги реабилитация муддати ҳам қисқаради. Энг асосийси эса, бола операциядан кейин бемалол фаол ҳаёт тарзини юритиши мумкин.
Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббий марказининг Самарқанд жарроҳлик филиали Самарқанд Давлат тиббиёт институти билан ҳамкорликда мамлакат амалиётида биринчи бўлиб болаларда урологик касалликларни даволашда эндовизуал технологияларни жорий этишни бошлади.
– Эндовизуал технологиялар кичкина беморларни даволашда шифокорнинг имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиради, – дейди Самарқанд давлат тиббиёт институтининг фан бўйича проректори Шуҳрат Юсупов. – Шифокор махсус видеокамералар ёрдамида патологик зонани батафсил кўриб чиқиши ва кейинги даволаш ишлари бўйича узил-кесил қарорга келиши мумкин. Агар жарроҳлик операцияси талаб этилса, унда бу борадаги манипуляциялар худди шундай тешиклар орқали қўшимча асбобларни киритиш йўли билан давом эттирилади.
Шу ўринда, шифокорлар лаборатория таҳлилларини батафсил ўрганиш ва беморни асбоблар ёрдамида кўрикдан ўтказиш ишларини ўтказганидан кейингина эндовизуал ускуналар ёрдамидаги ташҳис қўйиш процедураларига ўтишини таъкидлаш жоиз. Бундай ёндашув беморни асоссиз жарроҳлик амалиётларидан кафолатли ҳимоя қилиш воситаларидан бири ҳисобланади.
Филиалда туғма ва орттирилган урологик касалликларнинг кенг спектрини даволашда эндовизуал технологияларни қўллаш ўзлаштирилди. Бунда шифокорлар шу йўл билан даволаниши мумкин бўлган касалликлар рўйхатини кенгайтириш устида мунтазам иш олиб бормоқда. Бу борада хорижлик мутахассислар билан ўзаро тажриба алмашиш, чет элдаги етакчи тиббий марказларда малака ошириб келиш ишлари муҳим аҳамият касб этади.
Яқинда ушбу филиалда фаолият кўрсатувчи ортопедлар ҳам торакопластика, яъни махсус пластиналар ёрдамида кўкрак қафасининг туғма нуқсонларини тўғирлаш бўйича янги усулни ўзлаштиришга муваффақ бўлди. Мазкур технология юқори натижаларга эришиш имконини беради ва барча органларнинг нормал фаолиятини таъминлайди.
Фотосурат: © Uzbekistan Today
Шарҳлар