Йил охиригача Тошкентдаги барча автобуслар GPS-навигаторлар, охирги бекатлар эса видеокамералар билан жиҳозланади

Йил охиригача Тошкентдаги барча автобуслар GPS-навигаторлар

Бугунги кунда 13 та шаҳар автобус йўналишида ҳаракат қилувчи «Mercedes-Benz» ва «Isuzu» русумидаги 134 та автобусда ҳамда «Фотон» ва «Ивеко» русумидаги 12 та микроавтобусда ушбу тизим ўрнатилган, йил охиригача эса уни шаҳар йўловчи транспортининг барча йўналишларида тўлиқ жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзАга «Тошшаҳартрансхизмат» АКнинг бош муҳандиси Мирҳосил Холматов гапириб берди.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда «Тошшаҳартрансхизмат» АКда шаҳар йўловчи транспортида қулайлик даражасини оширишга қаратилган замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилаётир. Улардан бири транспорт воситаси қаердалигини аниқлаш ва шундан келиб чиққан ҳолда унинг йўналишини режалаштириш имконини берувчи GPS-мониторинг тизими ҳисобланади.  www.via.uz сайтида исталган фойдаланувчи у ёки бу автобуснинг ўзига керакли бекатга келиш вақтини билиб олиши мумкин. Бундан ташқари, GPS-мониторинг тизими диспетчерларга йўллардаги фавқулодда вазиятларда тезкор ҳаракат қилиш имконини беради.

Ҳозир охирги бекатларда транспорт воситаларининг келиш ва кетиш вақтини қайд этиш, транспорт воситаларининг бекатларда узоқ вақт туриб қолишининг олдини олиш, эҳтимолий фавқулодда вазиятлар пайдо бўлганида тезкор ҳаракат қилиш имконини берадиган видеокузатув тизими жорий этиляпти.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳрида ва ундан ташқарида бўладиган турли тадбирларга хизмат кўрсатиш учун автобусларга онлайн режимида буюртма бериш, шунингдек фуқароларнинг компания раҳбариятига мурожаатларни тақдим этиш бўйича қатор интерфаол хизматлар ишлаб чиқилган. Мазкур хизматлар компаниянинг www.tshtx.uz сайти ва Ягона интерфаол давлат хизматлари портали орқали кўрсатилади.

Шунингдек, шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг шаҳар транспорт йўналишлари борасидаги хабардорлигини ошириш мақсадида Тошкент жамоат транспорти йўналишларининг янги интерфаол харитаси ишга туширилди. У шаҳар харитасида кўчаларнинг номи ва бекатлар кўрсатилган танланган йўналиш схемасини акс эттиради. Харитада 11 мингдан ортиқ компания ва корхоналарнинг манзиллари ва уларга бориш схемалари кўрсатилган маълумотлар ҳам мавжуд.

Шу ўринда шаҳар йўловчи транспорти ҳаракатини масофадан туриб мониторинг қилиш тизимини жорий этиш муваффақиятли амалга оширилганини қайд этиш лозим. Мазкур дастурий-аппарат мажмуи транспорт воситасининг жорий жойини аниқлаш, уни харитада акс эттириш, ҳаракатини кузатиб бориш имконини беради. Шунингдек тизим тезлик режими, ҳаракат жадвали ёки интервали бузилганида ёки ЙТҲ вазиятлари юзага келганида диспетчерга ҳайдовчи билан ҳам овозли, ҳам матнли хабарлар режимида боғланишга имкон яратади.

Фотосурат: tashkent-bus.ucoz.net

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.