Энди тадбиркорлар инсофсиз амалдорлар устидан шикоят қилиши мумкин

Энди тадбиркорлар инсофсиз амалдорлар устидан шикоят қилиши мумкин

Республика раҳбарияти томонидан ишбилармонлик муҳитини яхшилаш вазифаси қўйилганига қарамасдан, жойларда ҳамон тадбиркорлик субъектларига нисбатан айрим амалдорлар томонидан адолатсиз муносабатда бўлиш фактлари, хусусан ортиқча ҳужжатларни талаб қилиш, меҳнат ресурсларини мажбурий жалб этиш, мажбурий ҳомийлик ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар учрамоқда, дейилади ЯИДХПда.

Энди шундай вазият юзага келганида бизнес вакиллари ўз офисидан чиқмасдан туриб, интерфаол шаклда адлия органларига шикоят қилиши мумкин. Бунда шикоятлар марказлашган ҳолда мониторинг қилинади ва улар ўз вақтида кўриб чиқилишининг назорати амалга оширилади.  Шунингдек тадбиркорлар шикоятларни кўриб чиқиш сифатига баҳо бериш ва ўз шарҳларини қолдириш имкониятига ҳам эга бўлиб, бу шикоятларни кўриб чиқишда қатнашган давлат органлари фаолиятини янада такомиллаштиришга ҳамда тушаётган шикоятларни юзаки кўриб чиқаётган ходимларга нисбатан чоралар кўришга кўмаклашади.

Мазкур хизмат Ягона порталнинг Call-маркази орқали ҳам кўрсатилади.

Ушбу хизмат тури Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 апрелдаги №ПҚ-2164-сонли “Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини тақдим этиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорини ижро этиш мақсадида жорий қилинди.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ягона порталда тадбиркорлик субъектлари учун қатор имкониятлар мавжуд, хусусан: тадбиркорлик фаолиятини рўйхатдан ўтказиш, Бош вазир номига мурожаатлар бериш, Ягона порталда Давлат солиқ қўмитаси томонидан бериладиган электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда авторлашиш, кредит олишга аризаларни расмийлаштириш ва бошқалар.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.