50 йилдан сўнг биз IT-индустрияда муваффақиятга эришдик
Шу ҳафтада жаҳон интернетига 50 йил тўлди (1996 йил октябрида АҚШда дунёда биринчи марта интернет-хабар юборилганди), ушбу сана муносабати билан Ўзбекистон ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот анжумани ўтказди.
1995 йил 29 апрелда жаҳонда «UZ» домен зонаси пайдо бўлди ва шундан буён зонада 72 мингта «UZ» домени рўйхатдан ўтди (лекин ҳали ҳаммаси олдинда: Қозоғистоннинг «KZ» зонасида 143 мингта домен мавжуд бўлиб, бу, шу жумладан, бизнес ривожланишининг кўрсаткичидир). Бугун мамлакатимизда 35,6 минг километр оптик-толали алоқа линиялари мавжуд бўлиб, уларга 3117 та мактаб, 962 та тиббий муассаса, 201 та давлат хизматлари маркази, 544 та суд муассасаси уланган. Мобил алоқа операторлари 1605 та, шу жумладан “Обод қишлоқ” дастури доирасида қишлоқларда 132 та узатувчи станция ўрнатган.
Тилга олинган рақамлар ярим аср ичида катта ишлар қилинганини кўрсатмоқда. Бу айниқса мамлакат Президентининг “Ахборот технологиялари ва коммуникациялар соҳасини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонидан кейин алоҳида рағбатга эга бўлди. Энг аввало, IT соҳасининг янгиланиши вазирликнинг ўзига тааллуқли бўлди: охирги уч йил ичида тўртта вазир алмашди.
Аммо миллий IT-индустрия соҳаси бўйича ҳозирча вазирликнинг ўзи ҳам тўлиқ тасаввурга эга эмас. Иқтисодиётнинг исталган соҳасида асосий кўрсаткичлардан бири – бу унда генерацияланган қўшилган қийматдир. Бошқача қилиб айтганда, вазирлик вакиллари журналистларга ғурур билан маълум қилган бу миқдорий кўрсаткичлар миллий бизнес учун қай даражада самарали?
Маълум бўлишича, Ўзбекистонда қўшилган қиймат бўйича рақамлар умуман йўқ экан. “Уларни ҳисоблашнинг имкони йўқ. Чунки кўпгина кўрсаткичлар ҳозирча эълон қилинмаяпти, ҳисобланмаяпти, демакки, таҳлил ҳам қилинмаяпти. Улар – ёпиқ”, – дейишда anhor.uz нашрига шу соҳанинг етакчи агентликларидан бири – «IT Park»да фаолият кўрсатувчи таҳлилчилар. Мамлакатда интернет абоненти нечта экани аниқ маълум эмас. АҚШда эса аниқ – 116,4 миллионта абонент. Бизда – йўқ, чунки уларнинг сезиларли қисми “сояда”. Америкаликлар алоқа соҳасидаги қўшилган қиймат $2,04 триллион эканини ҳеч кимдан яширмайди, чунки у ерда ҳамма солиқ тўлайди. Бизда бу кўрсаткични ҳеч ким билмайди. Демак, “ахборот технологиялари соҳасини такомиллаштириш” ишлари ростдан ҳам амалга оширилаётганини баҳолай олмаймиз…
Ҳозирча айтилган сўзларга ишонамиз, холос…
Юрий Черногаев
Шарҳлар