Ўзбекистон ва МТС ўзаро муроса битимини имзолади

Ўзбекистон ва МТС ўзаро муроса битимини имзолади

Россия ва МДҲ мамлакатларидаги етакчи телекоммуникация оператори «Мобильные ТелеСистемы» ОАЖ (NYSE: MBT) Ўзбекистон Республикаси ва “МТС” ОАЖ орасида ўзаро муроса битими имзолангани ҳақида хабар беради. Унга кўра Компания давлат иштирокидаги қўшма корхона доирасида Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш бўйича ўз фаолиятини тиклашни режалаштирмоқда.  

Имзоланган муроса битими қўшма корхона (Оператор) ташкил этилишини, унда МТС устав капиталининг 50,01% улушига эга бўлишини кўзда тутади. Қолган 49,99% Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат унитар корхонасига тегишли бўлади. Қўшма корхона ўз фаолиятини олдин “Ўздунробита” ХК МЧЖга тегишли бўлган ва эндиликда унга бериладиган мулк, ускуналар ва инфратузилма базасида амалга оширади.

Яқин кунлар ичида томонлар Муроса битимида кўзда тутилган барча процедураларни якунлашни ҳамда уяли алоқа тармоғини 2014 йил охиригача ишга туширишни мўлжалламоқда.

Муроса битимига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳукумати Операторга 2G/3G/LTE лицензиясини, зарур частота диапазонини, рақамларни тақдим этади, шунингдек алоқа каналлари ижарасини таъминлайди ҳамда Оператор фаолияти ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мобил алоқа хизматларини кўрсатиш учун зарур бўлган барча рухсатномаларни беради.

Муроса битими шартларини бажариш ва МТСнинг қўшма корхона иштирокчилари таркибига кириши доирасида МТС ва Ўзбекистон Республикаси биргаликда Жаҳон банки ҳузуридаги Инвестицион баҳсларни ҳал қилиш бўйича халқаро марказга (ICSID) жорий низони тўхтатиш ҳақидаги аризани юборади.

Муроса битими Англия ҳуқуқи билан тартибга солинади ва томонларнинг ушбу битимдан келиб чиқувчи барча низоларини Париж шаҳридаги халқаро савдо палатаси қошидаги Халқаро арбитражда (ICC) кўриб чиқилишини кўзда тутади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.