Ўзбекистонда пилладан йилига икки марта ҳосил олиниши мумкин

Ўзбекистонда пилладан йилига икки марта ҳосил олиниши мумкин

2013 йилдан бошлаб Ўзбекистонда синов тариқасида ипак қуртини такрорий парваришлаш йўлга қўйилди. Натижада, маҳаллий иқлим шароитида пилладан йилига икки марта ҳосил олиш имконияти мавжудлиги исботланди, деб ёзади Eco.uz нашри.
 
Бу ҳақда Тошкентдаги Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида ипак қуртини такрорий боқишни ташкил қилишга бағишланган кўргазмали семинарда сўз борди. 

Анжуманда такрорий ипак қурти боқишга тайёргарлик ишларини якунлаш, ипак қурти уруғларини тайёрлаш ва уни агротехник қоидалар асосида парваришлашни ташкил этиш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек тадбирда Ўзбекистонда пиллачиликни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар натижасида кейинги йилларда пилла ҳосилининг салмоғи ортиб, сифати яхшиланаётгани таъкидланди. Хусусан, жорий йилда республикада 26 минг тоннадан зиёд пилла хомашёси тайёрланган. 

Мутахассисларнинг маълум қилишларича, жорий йилда такрорий пилла етиштиришни янада кенгайтириш мўлжалланмоқда. Бунинг учун кейинги йилларда махсус барпо этилган ихтисослашган қуртхоналарда 3200 қутидан ортиқ ипак қурти уруғи парваришланиши режалаштирилаётир. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.