Японияда сувда ишлайдиган аккумулятор ихтиро қилинди
Япониянинг “Furukawa Battery” компанияси оддий сувдан фойдаланган ҳолда ишлайдиган электр аккумуляторини яратди, дея хабар беради ИТАР-ТАСС.
“Mg Box” деб номланувчи ушбу аккумулятордан смартфонлар ва қўлда ушлаб юриладиган гаджетларни зарядлаш мумкин. Компания берган баёнотга кўра, ушбу қурилма декабрь ойи ўртасида сотувга чиқарилади. Бир дона аккумулятор қиймати тахминан 10 минг иена (жорий курс бўйича 93 доллар)ни ташкил этади.
Қурилма тўлақонли ишлаши учун унга икки литр сув қуйишнинг ўзи етарли – бунда сув чучук бўлиши ҳам, шўр бўлиши ҳам мумкин. Аккумулятор беш кун давомида электр энергиясини генерация қилишга қодир – ушбу вақт оралиғида телефонни қарийб 30 марта тўлиқ зарядлаш мумкин бўлади.
Япон мутахассисларининг ишланмасида электр энергиясини ишлаб чиқариши мумкин бўлган магний, сув ва кислороднинг ўзаро алоқасига асосланган тизим ишга солинган. Компанияда ушбу ишланма табиий офат шароитларида фойдали бўлишларига ишончи комил.
Шарҳлар