Ўзбек олими Бутунжаҳон фанлар академиясининг ҳақиқий аъзосига айланди
Шу йилнинг 26 октябрь куни Маскатда бўлиб ўтган Бутунжаҳон фанлар академияси (TWAS)нинг умумий йиғилишида сайловлар бўлиб ўтди. Унинг натижаларига кўра, ҳақиқий академиклар рўйхати яна 46 та фамилияга кўпайди. Уларнинг орасида Ўзбекистон Фанлар академияси, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда “Ўзпахтасаноат” уюшмаси ҳузуридаги Геномика ва биоинформатика марказининг директори, юртдошимиз Иброҳим Абдураҳмонов ҳам бор, дея хабар беради “UT” нашри.
TWAS президенти, профессор Bai Chunli ўз маърузасида бу йил TWAS аъзолигига сайлаш учун 178 нафар номзод кўриб чиқилганини ва натижада, улардан 46 нафари академик қилиб сайланганини алоҳида қайд этди.
Ўзбекистонлик ёш олимга Техас университети ва АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлигидаги ҳамкасблари билан ҳаммуаллифликда ишлаб чиқилган ғўза генларини “ўчириш” (РНК-интерференциялари) технологияси ишланмаси ҳамда ушбу технологияни амалда қўллаш бўйича олиб борган ишлари машҳурлик олиб келди.
Айни пайтда геномика ва биоинформатика марказида Абдураҳмонов технологиясини қўллаган ҳолда буғдой, картошка ва узумнинг юқори истеъмол ва техник характеристикалари билан ажралиб турувчи янги навлари етиштирилмоқда.
Қайд этиб ўтамиз, Бутунжаҳон фанлар академияси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафеълигида фаолият кўрсатади. Суперинновацион лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида истеъдодли олимлар, илмий ходимлар, муҳандислар, ихтирочилар, талабаларни бирлаштириш унинг асосий вазифаси ҳисобланади. Одатда, илм-фанда катта бурилишлар ясаган, долзарб вазифаларнинг инқилобий ечимларини таклиф этган мутахассислар академикликка сайланади.
Фотосурат: © Uzbekistan Today
Шарҳлар