TeliaSonera бош директори: «Ўзбекистонда “UMS”нинг иш бошлаши рақобатни оширади»
2014 йил октябрь ойи ўрталарида TeliaSonera компаниясининг технологиялар бўйича янги бош вице-президенти Сверкер Ханнерволнинг Ўзбекистонга илк ташрифи бўлиб ўтди, дея хабар беради “Дарё” нашри “Infocom.uz”га таянган ҳолда.
Ташриф якунида Ханнервол компания бош директори Тону Грюнберг билан биргаликда матбуот анжуманида иштирок этган. Журналист билан учрашувда Ucell мобил алоқа оператори томонидан юқори технологияларнинг жорий қилиниши масаласига катта урғу берилган.
Жумладан, Ucell абонентлари учун 2G ва 3G тармоқлари сифатларини яхшилаш масаласи ўртага қўйилган. Ўзбекистоннинг 2G тармоғи билан қопланган аҳоли пунктларини 93 фоиздан 97 фоизга, 3G тармоғи қамровини эса 38 фоиздан 49 фоизга ошириш режалаштирилгани таъкидланган. Сверкер Ханнервол Ucell 2010 йилдан буён 4G технологиясини ҳам синовдан ўтказаётганини ва яқин орада бу тармоқ ҳам йўлга қўйилишини маълум қилган.
Жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда UMS мобил алоқа операторининг иш бошлаши тўғрисида берилган саволга Тону Грюнберг бундан хафа эмаслигини, алоқа бозоридаги янги иштирокчини, шунингдек, шаффоф ва соғлом рақобатни ёқлашини айтиб жавоб қайтарди. Рақобат ўсиш, хизматлар диверсификацияси ва тарифлар арзонлаштирилишига олиб келиши ва бундан биринчи навбатда мижозлар ютиши эътироф этилди.
Фотосурат:© infocom.uz
Шарҳлар