Ўзбекистонда қоплонлар сони ошди
Жаҳон ёввойи табиат жамғармаси (WWF)нинг Россиядаги ваколатхонаси кўмагида ўтказилган илмий мониторинг Ўзбекистоннинг жануби-ғарбида жойлашган Ҳисор қўриқхонасида 50 га яқин қоплонни қайд этиш миконини берди, деб ёзади “РИА Новости”.
Мазкур қўриқхона директорининг илм-фан бўйича ўринбосари Бахтиёр Аромовнинг сўзларига кўра, қўриқхонани яратиш даврида қоплонлар сони бор-йўғи тўртта бўлган, ҳозир эса уларнинг популяцияси 50 тага етган.
2013 йил охирида WWF нинг Россиядаги ваколатхонаси ва “Panthera” жамғармаси кўмагида Ҳисор қўриқхонаси ўрмончилари ва илмий ходимларидан иборат жамоа фототузоқлардан фойдаланган ҳолда ушбу жониворларнинг рўйхатини олганди. Ушбу фототузоқларга камида иккита қоплон ва Ўзбекистоннинг Қизил китобига киритилган туркистон силовсини ва оқ тирноқли айиқ каби бошқа йирик йиртқич ҳайвонлар тушган.
Айтиш жоизки, замонавий техникадан фойдаланиш ҳайвонларнинг сони, уларнинг ёши ва жинсий таркибини аниқлаш, ёввойи ҳайвонларнинг табиатда ўзини қандай тутишини кузатиш имконини беради.
Қайд этиб ўтамиз, Ҳисор қўриқхонаси Қашқадарё вилоятида Ҳисор тоғ тизмасининг ғарбий ёнбағирларида жойлашган. Шарқ ва жануби-шарқ томондан у Сурхондарё вилояти, шимолда эса Тожикистон билан чегарадош. Мазкур қўриқхона 1983 йилда Қизилсув ва Мироқи қўриқхоналарини бирлаштириш асосида ташкил этилган. Унинг ҳудудида Ўзбекистон Қизил китобига ва Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг Қизил рўйхатига киритилган сут эмизувчиларнинг бир нечта тури яшайди.
Шарҳлар