Ўзбекистонда қуёш захиралари харитаси тузилмоқда
Улар электр энергиясининг битмас-туганмас манбаи бўлган қуёшдан янада самарали фойдаланиш учун зарур, деб ёзади UT.
Бугунги кунда Ўзбекистонда муайян объектдаги бор-йўғи бир гуруҳ асбобларни электр энергияси билан таъминлай оладиган унча катта бўлмаган қуёш батараеялари кенг қўлланилмоқда. Шу боис мамлакат аҳоли ва объектларни марказлашган ҳолда электр билан таъминлаш учун электр энергиясини ишлаб чиқарадиган катта қуёш станцияларини қуриш йўлидан бораётир. Ўзбекистон Президентининг “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳа ушбу йўналишдаги ишларнинг жадаллашувига туртки бўлди.
Ўзбекистонда қуёш энергетикасини ривожлантириш учун қуёш салоҳиятини ўрганиш бу борадаги илк қадамга айланди. Бунинг натижасида қуёш захираларининг дастлабки хариталари пайдо бўлиши керак. Кейинчалик улардаги маълумотлар бўйича замонавий юқори самарали электр станцияларини қуриш учун жойни осонлик билан танлаш мумкин бўлади. Бу ҳақда “Физика-Қуёш” Илмий ишлаб чиқариш бирлашмасининг Материалшунослик институти мутахассислари батафсил гапириб берди.
Уларга кўра, харита замонавий технологияларни қўллаган ҳолда тузилади. Шу боис биринчи навбатда метеорология станцияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарур. Ҳозирга қадар республиканинг олтита нуқтасида автоматлаштирилган замонавий метеостанциялар ўрнатилган бўлиб, улар бир йилдан буён автомат режимда қуёш радиацияси тўғрисидаги маълумотларни йиғмоқда. Республика ҳудудидаги қуёш радиацияси тўғрисидаги сунъий йўлдошлардан олинган маълумотлар ҳам сотиб олинди. Уларга ишлов бериш аниқ харитани яратиш учун зарур бўлган ҳаққоний ахборотни олиш имконини беради.
Ахборотга ишлов беришда қатор лойиҳалар бўйича қарор қабул қилишга тўғри келди. Бир пайтлар Қорақалпоғистон ва Хоразм вилоятлари ҳудудида қуёш электр станцияларини қуриш тарафдорлари кўп бўларди. Бироқ мазкур ҳудудларни батафсил ўрганиб чиқиш ишлари бу ерда тўлиқ фойдали иш коэффициенти билан ишлайдиган станция қурилиши учун мос келадиган жой йўқлигини кўрсатди. Дастлабки маълумотлар бўйича қуёш электр станциясини қуриш учун жой мавжуд бўлмаган Фарғона водийсида эса шундай ер топилди.
Бу борадаги ишлар якунланиб, харита яратилганидан кейин қуёш энергетикасидан фойдаланиш бўйича йўл хариталарига ўзгартиришлар киритиш мумкин бўлади. Айрим маълумотларга кўра, электр энергиясига бўлган эҳтиёж деярли икки бараварга ошади. Шундай экан, Қуёш унинг қудратли манбаига айланиши керак.
Шарҳлар