Қизилқум бағридаги миллион йиллик музей…

Қизилқум бағридаги миллион йиллик музей...

I. ТОШЛАР ФАЛСАФАСИ

Она табиат ғаройиб мўъжизаларга, сиру синоатларга бой. Ер юзида ўзига хос тилсимларга эга бўлган “Тошўрмон”ларнинг борлиги ҳам ана шундай бетакрор мўъжизалар сирасига киради.

Дунёнинг кўплаб мамлакатларида бундай ноёб тошларнинг сеҳрли оламини кузатиш мумкин. Масалан, Хитойнинг Юнань музофотида 350 квадрат километрни эгаллаган “Тошўрмон” (Shilin) миллий парки ҳақида гапирадиган бўлсак, асосий тошўрмон Хитойнинг жанубий ғарбий томонида жойлашган бўлиб, денгиз сатҳидан 1500-1900 метр баландликда бўлиб, ўртача йиллик ҳарорат 16 градусдан иборат бўлган ягона субтропик музей ҳисобланади.
Бу қўриқхона 1931 йилда ташкил этилиб, 1982 йилда Хитойнинг табиий ёдгорликлари рўйхатига киритилган. Аслида Мин ( 1369-1644 й.й) сулоласи давридаёқ “Шилинь”- “Тошўрмон” Хитойнинг машҳур жойларидан ҳисобланган. 26 минг гектар ерни эгаллаган бу жой “ Очиқ осмон остидаги биринчи мўъжиза” деб ном олган.

“Тошўрмон” миллий боғи Юнань провинциасининг маркази ҳисобланган Куньминг шаҳридан 80 километр узоқда жойлашган бўлиб, бу шаҳар серқуёш гўзал туристик шаҳар мақомини олган. Уни “ Мангу баҳор шаҳри” деб ҳам аташади. У умрбоқий миллий қадриятлар қаторида бетакрор фауна ва флорага бой шаҳар сифатида ҳам тарих саҳифаларидан жой олган.
Яна бир “Тошўрмон” Лена дарёсининг Якутскдан Россияга қараб оқадиган оқимидан 60 километр юқорида жойлашган бўлиб, 150 метр баландликдаги бу ажойиб тош минора дарёнинг тахминан 80 километрлик ўзанини ювиши билан ложувард манзара кашф этади. Бу жой сайёҳларнинг севимли масканига айланган.

Болгарияда эса Варна шаҳридан София шаҳригача 20 километрлик масофада жойлашган ажойиб “Тошўрмон” жаҳоннинг ҳеч қайси мамлакатида йўқ. Дунё олимлари, геологлар Болгария тошўрмонлари тилсимларини топишга кўп ҳаракат қилишган. Расман 15 дан ортиқ гипотеза тахминлар мавжуд бўлиб, ана шу тахминларнинг энг оммабопи 50 миллион йил олдин денгиз бўлган жойларда сув тугаб, кварцли қумлар бирлашиб, мустаҳкам тош устунларига айланган деган хулосаларга олиб келган. “Тошўрмон”ларда жуда кучли энергетика борлиги аниқланган. Жуда катта тошларнинг турли кўриниш ва шаклларга айланиб қолганлиги ҳам тошлар  фалсафасидан.

Сайёрамиздаги энг катта “Тошўрмон” АҚШнинг Аризон чўлларида ястаниб ётибди. Бу ердаги манзараларни кўрган киши тошлар тилсими нафақат тирик дарахтлар шохида қушлар сайраши мумкинлиги, балки тошга айланган гиёҳлар ҳам сайёҳлар ҳайратини оширишга қодирлигини англайди.

II. АФСОНАВИЙ МЎЪЖИЗА
Ана шу тарихий ва афсонавий табиат мўъжизаларига эга бўлган давлатлар қаторида жонажон Ўзбекистонимиз ҳам бор. Асрлар оша сукут сақлаб келаётган бу мўъжиза айнан бизнинг вилоятимизда эканлиги ҳам яна бир табиий бойликка эга эканлигимиздан далолат беради.
Маълумки, вилоятимизнинг ўзида 500 га яқин археологик ва 300 дан ортиқ меъморчилик ёдгорликлари рўйхатга олинган. Кўҳна Сангижумондаги сеҳрли тошлар,  Сармишсойдаги ноёб суратлар, Нурота чашмаси ва Буюк Ипак йўлида жойлашган Сардоба, Работи Малик силсиласи ва бошқа қатор объектлар тарихнинг келажакка тутган кўзгусидир.

Республикамизнинг 30 миллион гектар майдонини эгаллаб ётган Қизилқум саҳроси эса ўзига хос чўл флора ва фаунаси билан алоҳида эътиборга лойиқ . У ўзининг ўта қурғоқ жазирама иссиқ характери билан ажралиб туради. Унинг ландшафти ҳам жозибадорлиги ва ранг-баранглиги билан диққатга сазовордир. Бу ерда тупроқли, лойли тепаликларга эга бўлган текисликлар, ойнадек сип-силлиқ ва метиндек қаттиқ тақирликлар, унча баланд бўлмаган қояли тоғлар, минерал манбалар, саксовулли ўрмонлар, ёши миллиард ва ундан катта бўлган тоғ жинслари ҳамда мавжуд кўллари, ўзига мафтун этувчи жойлари ноёбдир.

Бир вақтлар афсоналарда тасвирланган «Қуш учса қаноти, одам юрса оёғи куядиган” саҳрода бугун ҳаёт қайнайди. Яратувчанлик, бунёдкорлик билан нафас олаётган меҳнат кишилари чўлни бўстонга, гулистонга айлантирмоқда. Қадим ўтмишнинг ўчмас излари, мўъжизалари эса ҳамон сақланиб қолган.
Бугунги кунда бу сеҳрланган тошлар макони геологлар ва олимларга жуда яхши таниш. Кейинги юз йилда бу ерда оламшумул янгиликлар кашф этилди. Ва ранг-баранглиги жиҳатидан бетакрор бу топилмалар дунёнинг бошқа ҳеч бир мамлакатидаги “Тошўрмон”ларга асло ўхшамайди деган хулосалар ҳам бор.

Учқудуқ туманининг Мингбулоқ қишлоғидан 30 километр нарида жойлашган “Жарақудуқ” дарасидаги бундан 95-100 миллион йил аввал мавжуд бўлган “Тошўрмон” деб аталувчи ноёб геологик, полеонтологик, тарихий ва табиий объект дунё олимларини ҳам ўзига жалб этмоқда. Калифорниялик палеонтолог олим, профессор Жеймс Дэвид Арчибальд бошчилиқ қилган Ўзбекистон, Россия, Буюк Британия, Америка ва Канада давлатлари ҳамкорлигида фаолият юритган ( ЎРБАК) Халқаро экспедиция кўмагида Қизилқум табиатининг бундай ноёб мўъжизаси тўғрисида кўпчилик хабардор бўлди.

Бу мўъжиза Тетис денгизи қирғоқлари ва унга учиб тушган метеоритлар билан боғлиқ деган тахминлар ҳам мавжуд. Айтишларича, коинотдан метеоритлар учиб келиб тушиши натижасида денгиз суви парчаланиб, бу ерлар юз йиллар давомида қуёш нуридан панада –чанг-тўзон гирдобида қолади. Ва барча физик жинслар кимёвий тарзда қоришиб денгиз атрофидаги ўрмонзорлар, сувда ва қуруқликда яшаган ҳайвонлар ўзга бир шаклга, яъни тошга айланади… Ҳақиқатан ҳам “Тошўрмон” ҳудудида бўлган киши тарихий-табиий манзарани: тош қотган чиғаноқлар, акула тишлари ва скелети суяклари, дарахт таналари, меваларни, ҳаттоки ўрдакбурун диназаврнинг тошга айланган болдир суякларини ҳам кўриши мумкин.
Буларнинг барчаси Қизилқум ҳудуди қачонлардир  океаннинг бир бўлаги бўлганлигидан далолат беради.

Тарихнинг ўқилмаган саҳифалари кўп. Олис ўтмишнинг бетакрор ва ўчмас саҳифаси бўлиб муҳрланиб қолган тошлар ўрмони ажойиб ва ғаройиб табиат мўъжизаси бўлиш билан бирга давлат ва жамият бойлиги ҳамдир. Шундай экан, Учқудуқдаги “Тошўрмон”га Ўзбекистон Республикасининг “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги Қонуни талаблари асосида муҳофаза мақомини бериш ва унинг қўриқланишини ташкил этиш зарур.
Тўғри, кейинги йилларда экоҳаракат фаоллари, табиатни муҳофаза қилиш соҳаси ходимлари томонидан бу афсонавий жойни қўриқлаш, унга мақом бериш ҳаракатлари бошланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 21 декабрдаги йиғилиш баёни билан тасдиқланган “Навоий вилоятининг чўл ҳудудларида мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича 2013-2015 йилларга мўлжалланган Комплекс чора-тадбирлар Дастури”да кўрсатилган “Учқудуқ туман Жарақудуқ ҳудудидаги тошўрмоннинг муҳофазасини ташкил этиш ва уни туман тарихий –ўлкашунослик музейи филиалига айлантириш” тадбири “Навоий вилоятида 2014-2017 йиилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш Дастури”га киритилган бўлиб, маълум миқдорда маблағ ажратилди.

Бундан ташқари,  вилоятда 2002 йилдан буён фаолият кўрсатаётган “Жонли табиат” биоэкологик   маркази ҳам  ноёб   наботот ва ҳайвонот  оламини асраб-авайлашга ҳисса қўшмоқда.

  Энг муҳими,  “Жонли табиат  марказининг “Учқудуқ тумани Жарақудуқ ҳудудидаги “Тошўрмон”га табиий тарихий ёдгорлик мақомини бериш” номли лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант танловида ғолиб деб топилиб,  марказ давлат ижтимоий буюртмаси лойиҳаси ижрочисига айланди.

Грант лойиҳаси шарофати билан бу ноёб табиат мўъжизаси давлат реестрига олинади ва қўриқланади. Энг муҳими, миллион йиллик тарихий тошўрмонга четдан келганларнинг зарар етказишларига йўл қўйилмайди. Мазкур лойиҳанинг яна бир хайрли жиҳати, Мингбулоқдаги умумтаълим мактабида “Қизилқум мўъжизалари” клуби ташкил этилиб, ёшларни ватанпарварлик, атроф-муҳитни асраш, табиат мўъжизаларини авайлаш руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшади.

Мазкур клубни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, ёш табиатшуносларга етарли шарт-шароитлар яратиш ҳам ана шу лойиҳа доирасида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Халқимизда “Юз марта эшитгандан кўра, бир марта кўрган афзал…” деган яхши мақол бор. Худди ана шу лойиҳа доирасида Жарақудуқдаги “Тошўрмон”га экомедиотур ташкил этилди.

                 III.  “ТОШЎРМОН”ГА САЁҲАТ…

Экомедиотур шарофати билан вилоят табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ходимлари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати Навоий ҳудудий бўлинмаси фаоллари, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Навоий бўлинмаси ходимлари, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари “Тошўрмон”ни ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлдилар.
     
Саҳро қўйнидаги мўъжизани тамоша қилиш иштиёқи Навоий шаҳридан «Тошўрмон»гача бўлган саккиз соатлик йўл қийинчиликларини ҳам билдирмади. Қолавеса мўъжизавий маконгача қолган 30 километрда асфальт йўл тугаб қумлик оралаб кетишга тўғри келди. Йўлни яхши билган чўпон ҳамроҳлар кўмагида манзилга беталофат етиб олдик. Йўл йўлакай саҳро ўсимликлари, коврак, ёвшан, янтоқ ҳар икки, уч қадамда атай экиб чиқилгандек, тартиб билан ўсган. Қуриган айрим шох шаббалар гўё саҳна декорацияси каби антиқа кўриниши билан кўзни қувнатади. Шаҳарда умуман учрамайдиган яшил патли, тумшуқлари қизил қушчаларнинг чуғурлашигина саҳронинг узра таралган ягона овоз эди.  Барча саёҳатчилар ички ҳаяжон билан космос «назари» тушган, ноадатий тусда тошга айланиб қотган маконни тезроқ ўз кўзи билан кўришга шошар, унинг яралиши билан боғлиқ афсоналар бош мавзу эди. Ҳақиқатдан ҳам орадан миллион йиллар ўтган бўлишига қарамай, қумли тоғларда бу ер дениз бўлганини билдирувчи тўлқинларнинг изи сақланиб қолган… Тупроқ эса гиламдан ҳам майин, унга қадам босишимиз билан ҳориган оёқлар бир зум ором олди. Қуёш ҳам булутлар ортига яшриниб, салқин шабода кун иссиғида танга ёқарди. Яёв юриб тошларга қараб борарканмиз, «Жонли табиат» маркази раҳбари Эшмамат Тоғаев,  «Тошўрмон»даги тошларнинг ташиб кетишгани, камайиб қолгани, тезроқ бу ерни қўриқхонага айлантирилиб қўриқланиши лозимлигини таъкидлади. Ҳақиқатан ҳам «Тошўрмон»нинг аввалги суръатлари билан бугунги кўриниши анча фарқ қилади. Тошга айланган дарахт қолдиқлари, балиқ ва чиғаноқлар анча сийраклашиб қолган… Айрим қоришмаларнинг нима эканлигини ҳам билиб бўлмайди, фақат кучли яшиндан қолган куйгинди излари кўринади. Ҳаётнинг аниқ бир қоидалари бор. Мисол учун ҳар қандай тирик жисм тупроққа айланиб, чириб емирилиб кетади. Лекин бу ерда ўсимлик ва жониворларнинг тошга айланиши ана шу буюк қоиданинг йўққа чиққанини, ҳаётда мўъжизалар содир бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Бироқ бундай каромат ҳам ҳар куни содир бўлаётгани йўқ. Миллион йилда бир бўлган ғаройибот осмон ости музейи сифатида бугун ўз қадрини топиши лозим.

    Вилоятда эко туризмни ривожлантирилса, соҳага жуда катта даромад олиб келиши аниқ. Умид қиламизки, «Жонли табиат» маркази томонидан бошланган хайрли иш ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилса бу ер сайёҳларнинг энг севимли масканига айланишига шубҳа йўқ. Яна бир муҳим томони, бундай сайи ҳаракат, бу ерик аҳолининг ҳам иш билан таъминланишида  асос бўлади.

Маруса ҲОСИЛОВА

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.