Ўзбекистон ва Корея АКТ соҳасида қатор битимларни имзолади

Ўзбекистон ва Корея АКТ соҳасида қатор битимларни имзолади

16 июнь куни Тошкентда Корея президентининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида Корея Республикасининг Фан, АКТ ва келажакка режалаштириш вазирлиги  (MSIP) ҳамда Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси вакиллари  иштирокида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида Ўзбекистон-Корея ҳамкорлиги бўйича анжуман ўтказилди.
 
Ташкилотчилар берган маълумотга кўра, тадбир якунлари бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги қатор ҳужжатлар имзоланган. Хусусан, «UNICON.UZ» Илмий-техникавий ва маркетинг тадқиқотлари маркази ва Корея Республикаси Электроника ва телекоммуникациялар тадқиқот институти (ETRI) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум; Ахборот хавфсизлигини таъминлаш маркази ва Кореянинг Интернет ва хавфсизлик бўйича агентлиги (KISA) ўртасидаги Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум; Тошкент ахборот технологиялари университети, «UZINFOCOM» маркази ва Корея Республикасининг Ахборот жамияти бўйича миллий агентлиги (NIA) ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум; Тошкент ахборот технологиялари университети, Сеул миллий университети (SNU) ва Корея Фан ва технологиялар бўйича етакчи институти (KAIST) ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум; Тошкент тиббиёт академияси ва Корея шарқ табобати институти (KIOM) ўртасидаги ўзаро англашув тўғрисидаги меморандум тузилди.
 
Тадбирда Корея Республикасининг АКТ соҳасида фаолият юритувчи ташкилот ва компанияиларнинг 140 дан ортиқ вакили қатнашди. Уларнинг орасида Ахборот жамияти бўйича миллий агентлик (NIA), Кореянинг Интернет ва хавфсизлик бўйича агентлиги (KISA), Электроника ва телекоммуникациялар тадқиқот институти (ETRI) каби етакчи ташкилотларнинг 40 га яқин раҳбари ҳам бор. Ўзбекистон томонидан эса Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ва унга бўйсунувчи ташкилотлар вакиллари, шунингдек вазирлик ва идораларнинг АКТ бўлинмалари раҳбарлари иштирок этди.    
 
Анжуманнинг очилиш қисмида иккала мамлакат ўртасида юқори технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳалар истиқболи Ўзбекистон ва Жанубий Кореянинг профилли идоралари томонидан имзоланган меморандумларда белгилангани қайд этилди. Тошкентда Инха университетининг ташкил этилиши эса  мутахассислар тайёрлаш соҳасидаги ўзаро алоқани ривожлантиришнинг мантиқий давомига айланди.
 
Анжуман давомида Корея вакиллари ўз мамлакатларининг тажрибаси ҳамда АКТ соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланган презентацияларни тақдим этди.   
 
Конференция якунида мазкур тадбир Ўзбекистонда АКТ ва “Электрон ҳукумат” тизимини тараққий эттириш бўйича фаол ҳамкорликни янада ривожлантиришга, шунингдек электрон ҳукуматни ривожлантириш даражаси бўйича сўнгги 4 йил ичида БМТ рейтингида биринчи ўринда бораётган Корея Республикасининг ахборотлаштириш соҳасидаги илғор тажрибасини ўрганишга хизмат қилиши қайд этилди.   
 
Фотосурат: blog.index.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.