«Бизни ўзбошимчаликдан ҳимоя қилинг» – “Дархон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқароларнинг президентга мурожаати

Anhor.uz таҳририяти Зангиота туманидаги “Дархон” маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролардан Ўзбекистон президентига мурожаат қилинган хатни олди. Бу ерлик аҳоли қўриқланадиган зонада дарахтлар кесилаётгани, ушбу зона атрофида тўсиқ-деворлар пайдо бўлаётгани ҳамда гаражлар бузилиши режалаштирилаётганидан хавотирда. Қуйида фуқароларнинг мурожаатини қисқартирилган шаклда келтирамиз.                                  
 

Ўзбекистон Президенти
Шавкат Мирзиёевга

 
Муҳтарам Шавкат  Миромонович !
 
Сизга Тошкент вилоятининг Зангиота туманидаги “Дархон” маҳалласининг аҳолиси катта илтимос билан мурожаат қилмоқда. Маҳалладаги 4 қаватли уйларда 1500 кишидан иборат 176 та оила 60 йилдан ортиқ яшаб келмоқда. Уларнинг яшаш жойи қонун томонидан қўриқланадиган ҳудудга киради, бу ерда дарахтлар кесилиши ва қурилиш тақиқланган.
 
Аҳоли кўп миллатли ва жуда аҳил. Маҳалла ҳудудида Декоратив боғдорчилик маркази ва Республика ўрмон хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази (собиқ Ўрта Осиё Ўрмон хўжалиги ИТИ, кейин Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги ИТИ) жойлашган. Ушбу муассасалар раҳбарияти ҳар доим ўз илмий ходимлари ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик қилиб келган. Кўпчилигимиз ушбу институтда 50 йилдан ортиқ меҳнат қилганмиз, ҳукумат мукофотлари билан мукофотланганмиз. 
 
70-йилларда, кейин эса 1986 йилда СССР давлат ўрмон қўмитасининг рухсати билан маҳаллий кенгаш ва Ўрта Осиё Ўрмон хўжалиги ИТИнинг қўшма қарорига асосан собиқ чиқиндилар ташланадиган жой гаражлар қурилишига ажратилди. Мустақилликка эришилганидан сўнг, 2012 йил 17 июлда Декоратив боғдорчилик ва ўрмон хўжалиги илмийишлаб чиқариш маркази, Марказ маъмурияти ва “Деҳқон Қўрғони” автоишқибозлар жамияти қўшма қарор билан гаражлар остидаги майдонни бепул фойдаланишга ажратди, чунки ушбу участкалардан фойдаланишда қонунбузарликлар аниқланмади.
 
Биз қишлоқ жойда яшаймиз, бизда кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш имконияти йўқ, чунки бу алоҳида қўриқланадиган ҳудуд, ундаги ўрмон ўсимликлари ноёб турлар тоифасига киради.
 
2016 йилда Тошпўлатов исмли тадбиркорТошкентнинг “яшил ўпкаси” ҳисобланган  алоҳида қўриқланадиган зонада омборхоналар қуриш учун 0.5 га ер ажратишни сўраб мурожаат қилди. Марказ илмий ходимлари ЎзР Ўрмон хўжалиги бош бошқармасига мурожаат қилди, жавоб бошқарма бошлиғи Эргашевдан келди (25.03.2016 йил №06/10-306). Унда дендропарк ҳудудида ҳар қандай қурилиш тақиқлангани айтилганди. Худди шундай жавоблар барча манфаатдор ташкилотлар ҳам келди. Тошпўлатовнинг илтимоси рад этилди.   

 
Маҳаллий аҳолининг сўзларига кўра, кеча ўрнатилган тўсиқ-девор. Фотосурат маҳаллий аҳоли томонидан тақдим этилган. 
 
Бироқ Тошпўлатов туман ҳокимияти органларига мурожаат қилади ва яна катта йиғилиш ўтказилади. Тошпўлатовга қурилиш тақиқлангани яна тушунтирилади, бироқ у яна туман органларига мурожаат қилади. Бу вазият бизни ишдан чалғитмоқда, аҳолини асабийлаштирмоқда.
 
Биз кекса одамлармиз, кўпчилигимизнинг ёшимиз 70 дан ошган – бизга раҳм қилинглар! Биз Ватанимиз учун жуда кўп меҳнат қилдик. Гаражларимизни бузманглар – бу участкалар бизга хизматимиз эътирофи сифатида, мукофот сифатида ажратилган.
 
Биз вазиятдан келиб чиқиб, бу ерда алоҳида раҳбарларнинг шахсий манфаатдорлиги белгилари бор деб ўйлаймиз.
 
Муҳтарам, Шавкат Миромонович! Биз одамлар ҳақида қанчалик ғамхўрлик қилаётганингизни кўриб турибмиз, шу боис ҳам ҳалқ сизни яхши кўради ва сизга ишонади. Бизни ўзбошимчаликдан ҳимоя қилинг.
 
Улар гаражларимизни бузиб ташлашига йўл қўйманг, чунки бу соғлиғимизга тузалмас зарар етказади ва ҳукуматнинг оддий меҳнаткашлар ҳақида ғамхўрлик қилишлари ҳақидаги ишончимизга путур етказади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.