БМТТД Нукусда иқлим ўзгариши масалаларида ОАВнинг ролини муҳокама қилди

2021 йил 14 апрель куни Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги музейнинг конференц-залида ОАВда атроф-муҳит ва иқлим мавзусини ёритувчи ҳудудий журналистлар ва блогерлар иштирокида “Иқлим ўзгариши – глобал ҳалокатми ёки янги ривожланиш парадигмаси?” мавзусида Café Scientifique форматида учрашув ўтказилди.

Тадбир БМТТД, Ҳамдўстлик ва ривожланиш ишлари (FCDO) бўйича Буюк Британия ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати марказининг ҳамкорликдаги “Марказий Осиёда иқлим хавфсизлиги бўйича сиёсий чоралар”  минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди. Ушбу лойиҳа иқлим ўзгаришига қарши курашишда фаолроқ ва изчилроқ ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш орқали Марказий Осиёда иқлим хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегик чораларни кучайтиришга йўналтирилган.


 

Иқлим ўзгариши муаммоси билан боғлиқ масалалар нафақат Ўзбекистон аҳолиси учун, балки бутун ер сайёраси учун ҳам катта аҳамиятга эга. Шу боис бугун бу ерда, Савицкий номидаги музейда Ўзгидромет ва халқаро ташкилотларнинг экспертлари ҳамда ОАВ вакиллари йиғилганидан мамнунман. Журналистларнинг миссияси фан нуқтаи назаридан мутахассисларнинг хавотирлари ва фикр-мулоҳазаларини, одамлар дуч келаётган муаммолар, уларнинг фикрларини етказишдан иборат”, – деди тадбирда сўзга чиққан И.В.Савицкий номидаги Давлат санъат музейининг директори Тигран Мкртичев. 

БМТТДнинг Ўзбекистондаги атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими раҳбари Баходур Палуаниязов ўзининг табрик нутқида учта Марказий Осиё мамлакати – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистоннинг ушбу минтақавий лойиҳада қатнашаётгани унинг муҳим жиҳатларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа доирасида бу йил Буюк Британияда ўтказиладиган Томонлар конференциясига (СОР 26) тайёргарлик кўришга ёрдам берилади, иқлим ва аҳоли билан ишлаш масалаларини ёритиш ҳам ушбу лойиҳанинг асосий компонентларидан бири ҳисобланади.


 
Баҳс-мунозара арафасида, БМТТД эксперти Лилия Завьялова глобал иқлим ўзгаришининг асосий сабаблари ва унинг одамлар ҳаётига ижтимоий-иқтисодий таъсири ҳақида, шунингдек Ўзбекистон делегациясининг БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси Томонларининг 26-конференциясида (COP-26) бўлиб ўтадиган музокараларга кўраётган тайёргарлиги тўғрисида гапириб берди. Ушбу конференция 2021 йил ноябрь ойида Глазгода (Буюк Британия) бўлиб ўтади. Унинг ўтказилиши глобал исиш борасида кўриладиган чора-тадбирлар бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришда муҳим қадам ҳисобланади.
 
Лилия Завьялова ўз нутқида:

  • иқлим ўзгариши бўйича ўтказиладиган музокараларнинг илмий ва сиёсий мазмуни,
  • мамлакатларнинг Киото протоколи ва Париж келишуви бўйича ўз мажбуриятларини бажариш шартлари каби мавзуларга тўхталиб ўтди.

Ўзгидрометнинг лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш департаменти бошлиғи Наталья Агальцева ҳам шу мавзуда ўз фикрини билдирди: “Иқлим мунтазам равишда ўзгариб туради, охирги 100 йил ичида бу ўзгаришлар инсон фаолияти туфайли экстремал ўзгаришларга айланди, ўтган асрнинг 90-йилларига келиб эса ҳавога ташланишлар миқдори тахминан 50% га ошди. Иқлим ўзгаришини тўхтатиб бўлмайди, аммо унинг инсон фаолияти билан боғлиқ оқибатларини юмшатиш мумкин – бу ҳамманинг ва ҳар бир кишининг вазифаси. Шу боис биз учун журналистлар билан учрашиш жуда муҳим, чунки айнан журналистлар жамоатчиликнинг иқлим ўзгариши масалалари бўйича фикрини шакллантиради”, – дейди у. Шунингдек, Наталья Агальцева Ўзбекистон ҳудуди учун иқлим мониторинги натижаларини ҳам тақдим этди. 

Тадбир давомида иштирокчилар бу борада олимлар, экспертлар ва журналистлар, шу жумладан, ўз материалларида иқлим ўзгариши муаммоларини кўтариб чиқаётган муаллифлар орасида ўзаро ахборот алмашиш ва алоқа қилиш самарадорлигини ошириш зарурати ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
 
"Журналистлар кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини оширишда муҳим роль ўйнайди. Фуқаролик жамиятининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга жалб этилганлик даражаси уларнинг касбий маҳоратига, журналистик материалларнинг сифатига, тақдим этиладиган ахборотнинг долзарблиги, ҳаққонийлигига боғлиқ", – дейди Ўзбекистон Замонавий журналистикани ривожлантириш марказининг директори Саида Сулаймонова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.