Энергетика соҳасида кимнинг манфаатлари кўзланмоқда

Ўзбекистон президентининг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”ни амалга ошириш бўйича Давлат дастурининг лойиҳаси эълон қилинди. Ҳужжат лойиҳаси, қўйилган мақсадларга эришиш учун ҳақиқатдан ҳам муҳим бўлган ғоялар билан бирга 15-бандни ҳам ўз ичига олган бўлиб, унинг қўйилган мақсадларга мутлақо алоқаси йўқ, шу боис ҳам эътиборимни тортди.

Хусусан, ушбу банд қуйидагиларни талаб қилади:

2021 йил 1 мартга қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантириш “йўл харитаси” ишлаб чиқиш.

Энергетика вазирлиги “йўл харитаси” ишлаб чиқилишини таъминлаши ҳамда биринчи босқичда, 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутиши керак.

Сўз нима ҳақида боряпти

Жорий йил қишда Ўзбекистон ҳудудида табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари кескин қисқарди ва натижада, энергияни тўпловчи турли корхоналар, шу жумладан буғ генераторлари ҳам ишдан чиқди, циркуляцияни таъминлайдиган юзлаб насослар музлаб қолди, газ босимини оширувчи компрессорлар ишдан чиқди.

Ушбу вазият аҳоли орасида норозиликлар келиб чиқишига сабабчи бўлди, одамлар йўлларни тўсиб, ҳокимларни жавобгарликка чақирган ҳолда кескин ҳаракат қилишга мажбур бўлди, иш ҳатто ҳақоратларгача бориб етди. Олий Мажлис депутатларидан бири энергетика вазиридан истеъфога чиқишни талаб қилди. Бундай вазиятда Энергетика вазирлиги юзага келган вазиятдан секингина чиқиб кетишга қарор қилган кўринади.
 
Аслида улгуржи савдо бозорини шакллантириш бўйича “йўл харитаси”ни тузиш бўйича таклиф Ўзбекистон учун жуда қайғули оқибатларга эга бўлади. Гап шундаки, “электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш, улгуржи бозорни шакллантириш” тармоқнинг деярли уч қисмга ажратилишини билдиради, яъни “ишлаб чиқарувчилар – улгуржи сотувчилар – чакана сотувчилар”. Бу эса, ўз навбатида, шубҳасиз қуйидаги оқибатларга олиб келади:

– Ишлаб чиқарувчилар (ишлаб чиқарувчи компаниялар ва газ қазиб чиқарувчи компаниялар) ўз маҳсулотини улгуржи савдогарларга сотади, улар эса “ўз харажатларини қоплаган” ҳолда устама ўрнатади ва электр энергиясини чакана савдогарларга сотади;

– Чакана савдогарлар эса электр энергияси ва табиий газни кичик корхоналар ва аҳолидан иборат кўплаб майда истеъмолчиларга сотади. Табиийки, улар ҳам ўз “чиқимларини қоплайди” ва аҳолига сотишдан олдин устама қўяди. Энди бир тасаввур қилинг, бунда айланмадан қанча солиқ пайдо бўлади, ортиқча харажатлар ва устамаси пайдо бўлади. Албатта, нархлар ҳам кескин кўтарилиб кетади;

– «Бозор механизмлари»  янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш, мавжуд газ конларини пухта реабилитация қилиш ва улардан такрор фойдаланиш, янги қувурларни қуриш ва аҳолига газ етказиш учун эмас, харажатларни камайтириш учун эмас, балки энергияни тўлов қобилияти бўлган истеъмолчиларга ва фақат уларга сотиш учун хизмат қилади. Аҳолида танлов қолмайди, уларнинг кўпчилиги энергиясиз қолади. Бозор механизмлари монополия шароитларида иш бермайди;

– Табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари ва, бунинг натижасида, электр энергиясини ишлаб чиқариг ҳажмлари пасайишда давом этади, ритейлерлар икки томондан босимни ҳис қилади, бир томондан – юқори улгуржи нархлар, бошқа томонлар – асосий қисми тўловга қобилиятсиз бўлган истеъмолчилар. Улар хонавайрон бўлади ва бунинг устига улар яна “айбдор” бўлиб ҳам қолади;

– Улгуржи корхоналар – энергетика ресурсларини еказиб берувчилар фойда берувчи марказлар сифатида хусусийлаштирилади, ишлаб чиқарувчилар ва якуний истеъмолчилар эса зарар билан қолади ва энергия ташувчиларнинг нархи даҳшатли даражада ошиб кетиши ҳолатига тўқнаш келади.
 
Охир-оқибатда, вазирлик эмас, балки “очкўз” ритейлерлар айбдор бўлиб чиқади, ўз навбатида улар ҳам бирин-кетин инқирозга юз тутади. Аҳоли эса яна ўша ҳолатда, яъни энергиясиз қолади. Шу билан бирга, ишлаб чиқарувчилар ва аҳоли ва давлатнинг назоратисиз қолган улгуржи сотувчилар, гаров сифатида газ ва нефть конларини қўйган ҳолда шубҳали ва қимматбаҳо лойиҳаларга янги кредитлар ва ссудалар олиб (бу ссудалар менежерларни жуда яхши бойитади), хоҳлаган ишини қилади. Натижада биз, барча конлар ва юқори фойда келтирувчи улгуржи сотувчилар 3-5 йил ичида хорижий олғир компаниялар қўлига ўтиб кетганини ҳатто сезмай ҳам қоламиз.  

Шундай қилиб, ушбу “кичкина таклиф” энергетика секторида амалга ошириладиган контрреволюцияга тенг. У лойиҳанинг асосий мақсадига ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, унга “бехосдан” илинтириб қўйилиши ҳам бежиз эмас.
 
Ҳозирча ушбу фармон лойиҳаси муҳокамага қўйилган экан, ушбу ҳужжатга ўз муносабатимизни билдириш имкони бор.

Владимир Громов
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.