Ковиддан кейинги даврда одамларнинг хатти-ҳаракатлари ва иқтисодиётнинг ривожланиши

Деярли бир йил олдин бутун дунё бўйлаб COVID-19 пандемияси сабабли бир вақтнинг ўзида иқтисодий ва ижтимоий фаолликнинг катта қисми тўхтаган эди. Мамлакатлар иқтисодий ларзаларни турлича бошдан кечирди, энди хулосалар қилиш вақти келди. Ижтимоий формациялар ва одамларнинг ижтимоий хатти-ҳаракати билан нималар бўлганини тушунишга уриниб кўриш муҳим. Охиргиси турли иқтисодий тизимлар, шу жумладан Ўзбекистон иқтисодиёти ҳам қандай қилиб бўлғуси таҳдидларга реакция кўрсатишини белгилайди.

COVID-19 пандемияси нафақат инсон фаолияти кўламларининг, ишлаб чиқариш ва хизматлар ҳажмларининг қисқаришига, балки ҳам глобал, ҳам маҳаллий бўлғуси инвесторларнинг ихтиёрида бўлган фойда жамғармалари кўлами пародоксал тарзда ошгани ҳолда, бутун дунё бўйлаб инвестицион иштаҳаларнинг ҳам қисқаришига олиб келди. Одамлар ҳаёт фаолиятининг, ишлаб чиқариш-хўжалик тузилмалари ва ҳукуматларнинг устувор йўналишлари ўзгарди.

Ушбу ўзгаришлар яқин 3-5 йил ичида турли тармоқлар ва ҳудудларга йўналтириладиган инвестициялар йўналишини ва уларнинг миқдорини белгилайди. Агар олдин инвестицион таваккалларнинг асосий мўлжали фойданинг таваккалга нисбати бўлса, энди айнна ижтимоий натижалар (демакки, сиёсий натижалар ҳам) тоборо сезиларли роль ўйнай бошлайди. Одамларнинг  фикрларидаги бундай бурилишни тушунмайдиган ҳукуматлар муваффақиятсизликка, ҳам элита билан, ҳам ўз халқи билан зиддиятнинг кучайишига маҳкум.

Хўш, ижтимоий дунёқарашларда нималар ўзгарди?

Қуйидаги мантиқий хулосалар 2020 йилда одамларнинг ўй-фикрларидаги ўзгаришларнинг асосий якунларига айланди:

  • Глобал эпидемиялар хавфи перманент ҳисобланади, ҳукуматлар ўз ҳалқининг адекват ҳимоясини таъминлашга қодир эмас, самарали соғлиқни сақлаш тизимини қуришга бўлган умидлар, давлат томонидан жамоатчилик тартибининг муҳофаза қилиниши – хомхаёл;
  • Ҳаётий макон ва мобиллик тушунчалари ўзгарди. Энди бу нафақат тураржой метр квадратлари ва ҳаракатланиш имконияти, балки фаол ҳаёт фаолияти учун имконли макон ҳамдир. Эркин ҳаракатланиш имкониятининг йўқлиги ёки ҳаётий маконнинг чекланиши беморлар ва заифларни йўқ қилишнинг, одамларнинг иммунитети ва иродасини синдиришнинг энг самарали усули ҳисобланади;
  • Соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя тизимида коллапс таҳдиди юзага келганида (назарий жиҳатдан бу аҳолининг 2% дан камини қамраб олиши мумкин), ҳукуматлар қолган 98 фоиз аҳолининг манфаатларини қурбон қилишга ва, ҳар қандай ижтимоий ва иқтисодий фаоллик шаклини бостирган ҳолда, қатъий чеклайдиган карантин чораларини жорий этишга тайёр;
  • Камбағал мамлакатлар ҳукуматлари тўғридан-тўғри одам бошига пул тўловлари ва бизнесга тўловлар йўли билан аҳолини кенг моддий қўллаб-қувватлашга тайёр эмас, улар, пайтдан фойдаланиб кредит ва инсонпарварлик ёрдами учун жаҳон капиталига мурожаат қилишни маъқул кўради;
  • Пандемия даврида чет эл кредитлари ва инсонпарварлик ёрдами – бу элита бойиши, коррупция авж олиши ва жамият бойликларининг ҳокимиятга яқин бўлган муайян доиралар фойдасига қайта тақсимланиши учун идеал муҳитдир. Пандемия ҳаммасини ёпди-ёпди қилади, ҳаиммасини кечиради;
  • Ўзинг учун ўл етим… Одамлар на соғлиқни сақлаш тизимига, на ижтимоий кўмак тизимига умид қилмагани маъқул, ўзимиз инфекцион-эпидемиологик хавфсизлик чораларини сафарбар қилишимиз, беморларга ўзаро ёрдам кўрсатишимиз ва кийим-кечак, овқат ва дори-дармонлар кўринишидаги оддий моддий бойликларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари орасида қайта тақсимлашни ташкил қилишимиз лозим;
  • Оддий ҳуқуқ ва эркинликлар: соғлиқ ҳимояси, ҳаракатланиш ҳуқуқи энди ўз-ўзидан бўлиши керак нарса эмас, унинг учун, ҳар қандай ҳаётий маконга эгалик қилиш учун  курашиш зарур;
  • Кутилмаган фалокат олдида ҳимоясиз эканинг англаш қора кунга асраб қўйиладиган нақд пулларнинг аҳамиятини оширди, чунки одамларнинг кўпчилиги бугунги кун билан яшамоқда. Кимда асраб қўйган пуллари бўлмаса ёки зарур молиявий ресурсни сафарбар қилиш имконияти бўлмаса, улар ижтимоий иерархия тубига тушиб кетиш хавфи остида қолмоқда;
  • Одамлар қадриятлар иерархиясини қайта кўриб чиқди. Оила, яқин кишилар аморф тушунча бўлишдан тўхтади. “Яқин киши” тушунчаси бироз ўзгача маъно касб этди: одамлар ўзини ўраю турган токсик одамлардан халос бўлишни ва дунёқараши, руҳияти ҳақиқатдан ҳам ўзига яқин бўлган кишиларни излай бошлади;
  • Ҳукумат кўчаларда ва одамларнинг бошига кимёвий элементларни пуркаш кўринишида эпидемияга қарши курашиш бўйича тез-тез қизғин, аммо самарасиз ва унумсиз  фаолиятни олиб борди, одамларнинг табиий иммунитетини бостирган ва тез орада ижобий ўзгаришлар бўлиши истиқболисиз стресс вазиятни яратган ҳолда уларни тор ҳаётий маконга қамаб қўйди;
  • Чеклаш чоралари аҳолининг реал даромади пасайишига, ижтимоий тенгсизлик, ишсизлик ўсишига, криминоген вазиятнинг ёмонлашишига, ҳаддан ташқари экстремистик қарашларнинг кўпайишига олиб келди. Ҳаёт қадри, инсон қадр-қиммати камбағаллик ошиши сабабли деградацияга учради. Одамлар бунга қандай муносабатда бўлишни билмаяпти, шу боис давлат томонидан қатъий чоралар кўрилишига чақирмоқда, бу эса зўравонлик ва ижтимоий портлаш хавфи ўсишининг спирал механизмини ишга тушириши мумкин.

Ушбу ўзгаришлар одамларнинг ҳаёт қадриятларига бўлган муносабатини белгилайди ва, шунга мос равишда, жамиятнинг хатти-ҳаракатлар моделини ҳам белгилайди. Социологлар содир бўлган ўзгаришларни таҳлил қилиш ва бағолашга кўп вақт сарфлайди. Ижтимоий психологиянинг аҳамияти конкрет амалий характер касб этади. Давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро муносабатлар ўзгаради. Одамларнинг хатти-ҳаракатидаги ўзгаришлар давом этаверади.

Жамиятнинг хатти-ҳаракатлар модели қандай ўзгарди?

Юқорида кўрсатилган  хулосалар бизнинг хатти-ҳаракатларимиз ва умидларимизга бевосита таъсир кўрсатиши шубҳасиз. Ушбу ўзгаришларни англаш давлат бошқаруви тизимини қайта тузиш имконини беради, бу эса мамлакат президентини сақлаш йилида жуда долзарб масала. Ўзгаришлар жамият хатти-ҳаракатида қай тарзда конкрет ифодаланаётганини ёки ифодаланишини умумлаштиришга уриниб кўрамиз:

  • Аҳоли ҳукумат томонидан берилаётган ижтимоий ҳимоя ҳақидаги ваъдаларга камроқ ишона бошлади ва ижтимоий ҳимоянинг конкрет шаклига нисбатан талабчанроқ бўла бошлади;
  • Ҳаёт фаолияти чекланган ва маиший шароитлар (газ, ичимлик сувининг йўқлиги, ёмон йўллар, коммуникациялар ва ҳ.к.) қониқарсиз бўлган шароитларда одамлар, айниқса ёшлар йўқотадиган нарса йўқлигини англай бошлади. Жамият онги бироз манипуляция қилинса, умидсизлик энг ёмон натижаларга олиб келиши мумкин, уларнинг айримлари карантин давомида ва совуқ қиш даврида кузатилди;
  • Одамлар қонун томонидан кафолатланган имтиёзларнинг таъминланишига талабчанроқ бўла бошлади, масалан: меҳнат қилиш ҳуқуқи, соғлиққа бўлган ҳуқуқ, таълим олиш ҳуқуқи, ҳаракатланиш ҳуқуқи. Агар авваллари бу ҳуқуқлар қандайдир бир ўз қиёфасини йўқотган декларациядан янграган бўлса, энди ушбу ҳуқуқларнинг муҳимлигини англаш бир неча баравар ошди, давлат ҳам бу билан ҳисоблашишга мажбур;
  • Кишилар кўпроқ ҳаракатланадиган ва мамлакат ичида саёҳатларга кўпроқ маблағ сарфлайдиган бўлади;
  • Одамлар ўз сарф-харажатларига эҳтиёткорлик билан муносапбатда бўлади ва шунга ўхшаш, аммо унча қиммат бўлмаган маҳсулотларга бўлган талаб ошади, қимматбаҳо буюмлар эса кўпроқ маълум бир доирада талабга эга бўла бошлайди. Фуқаролар оз бўлса-да, маблағларини кутилмаган ҳолатлар учун асраб қўядиган бўлади. Бошқача қилиб айтганда, банклардаги пул қолдиқлари ўсади, чет эл валютаси жамғариладиган маблағ сифатида талабга эга бўлади;
  • Онлайн хизматларга ва онлайн меҳнатга бўлган талаб сезиларли даражада ошади, одамлар меҳнатни тўлақонли оилавий ҳаёт билан бирга олиб боришга ҳаракат қилади. Яхши тўланадиган ишга асосий ижтимоий қониқиш манбаси сифатида қаралмайди. Шунингдек одамлар кун кўриш манбаларидан бирини йўқотганда маоши билан таваккал қилмаслик учун уни диверсификациялайди;
  • Ҳукумат билан фаол мулоқотга талаб ва ҳукуматни аҳолининг реал талабларига қулоқ солишга мажбурлаш ошади. Шунга мос равишда фуқаролик-сиёсий фаоллик ошади, буни истироҳат боғлари, маданий мерос ёдгорликларини ҳимоя қилиш ҳаракатларида, муқобил сиёсий партияларни ташкил қилишга уринишларда кузатиш мумкин;
  • Ҳаёт фаолиятини чеклашнинг кам самарали чоралари ҳар қандай вазиятда ҳам энг охирги қўллаш чораларига айланиши лозим. Акс ҳолда, ижтимоий кескинлик ошиб боради ва бир вақтнинг ўзида ҳукуматни ишлаб чиқаришни, меҳнат унумдорлиги ўсишини раҳбатлантириш ўрнига аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга улкан ресурсларни сарфлашга мажбур қилади.

Кўрсатилган омилларнинг ҳаммаси яқин 5-10 йилга давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатини ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамиятга эга.

Бундай сиёсатнинг контурлари нималарда намоён бўлиши керак?

Биринчидан, ижтимоий ҳимоя конкрет мазмунга эга бўлиши зарур ва у, пандемия шароитларида, умумхалқ бўлиши керак. Камбағалликнинг бошқа мамлакатлардан қайтиб келаётган мигрантлар, катта ҳаётга қадам ташлаётган ёшлар билан доимий “озиқлантириб туриш”, аҳоли сонининг тезлашган тарзда ошиши шароитларида камбағалликни қисқартириш сиёсатини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Иккинчидан, ҳукумат эпидемиялар даврида воқеалар ривожланишининг кўп вариантлилигидан келиб чиқиши ва воқеалар ривожланишининг ҳар бир сценарийсида инсон, моддий ва молиявий ресурсларни сафарбар қилишнинг тегишли мустаҳкамлик даражасига эга бўлиши лозим. Бошқача қилиб айтганда, давлат бюджети мустаҳкамлик захирасига эга бўлиши, одамлар ва моддий ресурсларни сафарбар қилиш методлари, тегишли ижро ва жазо назорати интизоми билан, ҳарбий давр методларига яқинлаштирилиши зарур.

Учинчидан, хўжалик юритувчи субъектлар, тадбиркорлар ҳам қисқа муддатли карантин шароитларига чидаш ва фаолиятни кичикроқ кўламларда давом эттириш учун молиявий ва моддий ишлаб чиқариш захираларини яратишлари лозим. Давлат корхоналарда турли вазиятда турлича ҳаракат қила олишига кўпроқ имконият бўлиши учун солиқ юкламасини ва кредит ставкалари сиёсатини қайта кўриб чиқиши керак;

Тўртинчидан, давлат инвестицияларининг барча таваккаллари пандемияга қарши кўрилаётган чоралар туфайли дунёда воқеаларнинг эҳтимолий салбий ривожланишини ҳисобга олган ҳолдақайта кўриб чиқилиши зарур. Маблағлар адекват соғлиқни сақлаш тизими, инфратузилмавий лойиҳалар (газ таъминоти, сув таъминоти, йўллар, мактаблар, болалар боғчалари ва ҳ.к.), кадрлар тайёрлаш, моддий ресурсларни ишлаб чиқариш фойдасига қайта тақсимланиши лозим.

Ҳозирнинг ўзидаёқ режалаштирилаётган инвестицион режаларни глобал қайта кўриб чиқиш, маблағларнинг пандемия таъсир қилиш хавфи чекланган ҳудудлар (ривожланаётган мамлакатлар) ва тармоқларга қайта йўналтириш тенденцияси кўринмоқда. Юқори технологик тармоқлар 11% га, асосан АКТ ва фармацевтика соҳасидаги трансчегаравий қўшилишлар ва ютилишлар 54% га ўсди. Иқтисодиёт диверсификацияланмоқда (8-10 та маҳсулотнинг доминант ҳолатига боғлиқ эмас) ва у динамик (кичик ва ўрта бизнес (КЎБ) ролининг устувор бўлиши ҳисобидан осонгина қайта йўналтирилади).

Ўзбекистонда дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 2020 йил якунларига кўра асосий капиталга тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг ҳажми 2019 йилнинг худди шу даври кўрсаткичларига нисбатан 98% га ўсиш суръати билан 6,38 млрд долларни ташкил қилган, улардан: 

  • тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари – 3,5 млрд. долл. (асосий капиталга – 2,86 млрд. АҚЖ доллари);
  • бошқа чет эл инвестициялари ва кредитлари – 3,8 млрд. АҚШ доллари (асосий капиталга – 3,5 млрд. АҚШ доллари).

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, Инвестицион дастур доирасида 197 та лойиҳа амалга оширилган, бунинг ҳисобидан 38 мингта иш ўрни яратилган. Бундан ташқари, ҳудудий институционал дастурлар доирасида умумий қиймати 59,1 трлн сўмлик 10 586 та лойиҳа амалга оширилган, бу 131,5 мингта янги иш ўрнини яратиш имконини берди.

Юқорида баён этилган асослар 2021-2026 йилларда инвестицияларни йўналтиришни ва уларнинг мазмунини қайта кўриб чиқишда ҳисобга олинишига умид қилишни истардик.

Ўзбекистон ҳозирнинг ўзидаёқ ҳам ички, ҳам ташқи савдода сезиларли ўзгаришларни шартлаб қўйган айрим омилларга дуч келмоқда:

  • Озиқ-овқат маҳсулотларига, айниқса, гўшт, ун, ўсимлик ёғи, барча турдаги ёрмалар, паррандачилик маҳсулотлари, мева-сабзавот маҳсулотлари каби асосий товарларга бўлган талаб сезиларли даражада ошди. Мева-сабзавот маҳсулотлари билан савдо қилиш мамлакат экспортининг янги драйвери сифатида чиқаётгани кўзга ташланаётир;
  • Иммунитетни мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлашга, беморларни хавфли касалликларга оммавий чалиниш шароитларида даволашга йўналтирилган соғлиқни сақлаш хизматларига талаб кўпайди. Келгусида соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, аҳоли саломатлигини таъминлаш билан боғлиқ маҳсулотлар импорти ошиб бораверади;
  • Хомашё маҳсулотлари ва энергия ташувчиларга бўлган ташқи талабнинг тушиб кетиши ички истеъмолчиларга бўлган талабни кўпроқ қондириш учун замин яратмоқда. Мамлакатнинг хомашё маҳсулотлари ва энергия ташувчилари (табиий газ) экспортидан олаётган даромади, энергетикани ривожлантиришни қўллаб-қувватлашга харажатлар ошгани ҳолда, сезиларли даражада қисқарди. Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатини қайта кўриб чиқиш кераклигини шартлайди. Ҳозир кўпроқ муқобил энергия манбаларига эътибор қаратиш талаб қилинаётир;

Ушбу глобал талабнинг қисқариши ва ички талабнинг иқтисодиёт тор сегментида концентрацияланиши омиллари инфляцияни оширади ва истеъмол нархлари индексини юқорига кўтаради.

Бундай шароитларда денгизга чиқишни таъминлаш учун янги транспорт коридорларини ишлаб чиқиш ва Осиё-Тинч океани минтақаси билан савдога туртки бериш (янги бозорлар) жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода Афғонистон, Покистон, Ҳиндистон ва Хитой билан ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш стратегик муҳим ҳисобланади.

Яқин 3-5 йил ичида ташқи савдо баланси юқорида тилга олинган тузилмавий ўзгаришлар сабабли манфий бўлиб қолиши мумкин. Демак, Ўзбекистонда олтин сотиш ҳисобига ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун импорт ҳажмлари ошгани ҳолда, глобал талаб тузилмаси ва моҳияти ўзгариши натижасида экспорт тушумларининг вақтинчалик камайишини компенсация қилиш ҳам яна маълум муддат давом этади. Ушбу тенденция 2023 йил давомида, мамлакат иқтисодиёти тикланаётган пайтда “синиши” мумкинлиги тоборо барқарор характерга эга бўлмоқда.
 
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.