Макроиқтисодий сиёсатни мувофиқлаштириш даражаси тўғрисида
Иқтисодий ривожланиш вазирлиги “2020 йил учун Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг ривожланиш тенденциялари обзори, 2021 йил учун прогнозлар”ни чоп этди. Бундай обзорнинг чоп этилиши вазирликнинг иқтисодиёт ривожланишидаги долзарб муаммоларни жамоатчилик ҳукмига олиб чиқиш ва аҳолининг хабардорлигини ошириш учун уларни кенг аудитория билан муҳокама қилиш истагини ва бунга тайёрлигини кўрсатади.
Обзорда, иқтисодиёт ривожланишининг энг салбий шароитларига қарамасдан, Ўзбекистонда иқтисодий ўсишга эришишнинг асосий сабаблари келтирилган (2019 йил билан солиштирганда ЯИМ ўсиши 1,6%). Жаҳон ишлаб чиқариш ва истеъмол коллапсининг салбий таъсирини ортга қайтариш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан кўрилган фискал ва монетар чоралар батафсил баён этилган.
Пандемия даврида ҳукуматнинг кўплаб ҳаракатлари танқидга учраганди (оилалар, кичик ва ўрта бизнесни тўғридан-тўғри моддий қўллаб-қувватлашнинг йўқлиги, пандемияга қарши курашишга, алоҳида тармоқларни ушлаб туришга ажратилган маблағлардан фойдаланиш устидан назоратнинг самарасизлиги), бироқ мавжуд қийинчиликларга қарамасдан эришилган ҳукумат фаолиятидаги ижобий натижаларни ҳам қайд этиш лозим. Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг (ИҚКЖ) тезкор ташкил қилиниши ва тўлдирилиши, тижорат банкларининг ликвидлилигини ушлаб туриш, корхоналар олган кредитларнинг тўланишини кечиктириш, иқтисодиётга инвестиция маблағларининг киритилиши – шубҳасиз, иқтсиодиёт хонавайрон бўлишининг олдини олган муҳим омилларга айланди.
Аммо бу муваффақият ҳукуматнинг мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсати натижаси бўлмади, чунки иқтисодий блокнинг ҳаракатлари турли йўналишли эди, шу боис онгли равишда мувофиқлаштирилиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Бу қуйидагиларда намоён бўлди:
- ИҚКЖни ташкил қилишнинг конкрет мақсадига қарамасдан, ҳозиргача ушбу жамғарма маблағларидан молиялаштириш шартлари сифатида мақсадли самарадорлик кўрсаткичларининг, дастурлар ва лойиҳаларни танлаб олишнинг шаффоф мезонлари мавжуд эмас. Натижада маблағлар шундай муҳим бир пайтда пала-партиш ҳамда шаффоф ва тушунарли асоссиз ажратилди. “Ўзбекистон ҳаво йўллари” учун ҳаво кемалари харид қилинишини молиялаштириш, ИЭС (иссиқлик электр станциялари) учун кўп миллиардли маблағларнинг сарфланиши, “Ўзбекнефтгаз”га субсидиялар тақдим этилиши тушунарсиз, ҳолбуки охиргиси ИҚКЖ асосини ташкил қилган қарз маблағлари ҳисобидан эмас, балки энг яхши ҳолатда ТРЖ (Тикланиш ва ривожланиш жамғармаси) ҳисобидан молиялаштирилиши лозим эди;
- ИҚКЖ нинг ҳам бюджетдан ажратилган, ҳам мақсадли маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан жамият учун шаффоф бўлган назорат ўрнатилмади. Бундан кўплаб коррупция ҳолатлари, ИҚКЖдан ажратилган маблағлардан мақсадсиз фойдаланиш ва уларни талон-тарож қилиш ҳолатлари далолат бермоқда.
- Ўзбекистон Марказий банки учун иқтисодиётни рағбатлантириш ва тиклашдан кўра инфляцияни таргетлаш ҳамон устувор вазифа бўлиб қолмоқда. Иқтисодий сиёсатимиздаги ушбу нонсенси шу даражада мантиқсизки, ҳатто ҳар қандай тадбиркор ҳам кредитлашни чеклаш ва бизнесни юритиш учун кредитлаш ставкаларини ошириш тактикаси қай даражада ҳалокатли эканини тушунтира олиши мумкин. Барча мамлакатлар иқтисодиётни миқдорий юмшатиш ва рағбатлантириш чораларини кўрмоқда, бироқ МБ инфляцияни таргетлашдан бошқа нарсани кўришни истамаяпти. Гўёки иқтисодиётда дум танани бошқара оладигандай. Шу ерда Марказий банкка бир савол туғилади: нимага эришмоқчи бўляпсиз? Мақсадингиз нима ўзи?
- Иқтисодиётни миқдорий рағбатлантириш чоралари ресурсларни тақсимлаш ва улардан фойдаланишни самарали назорат қилиш чоралари билан бирлаштирилмади. Бошқа кўплаб мамлакатлардан фарқли ўлароқ ҳукуматимиз иқтисодиётни қарз маблағлари ҳисобидан рағбатлантирмоқда ва бу маблағларнинг қайтишини яхши назорат қилмаяпти. ИҚКЖга жалб этилган барча маблағлардан 99,8 фоизи қарз ҳисобланади, улардан деярли 60 фоизи (6,06 трлн сўм) иқтисодиётни рағбатлантиришга сарфланди (карантин мажмуаларини қуриш, иқтисодиёт тармоқларини рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш ва ўсишни таъминлаш мақсадларида ижтимоий соҳани рағбатлантириш). Шундай қисқа муддат ичида шунча маблағни сарфлаб, биз эпидемияга қарши курашишнинг на янги шаклларига, на сифатли тиббиётга, на одамлар турмушининг сифат параметрлари ўсишига, на барқарор ривожланаётган иқтисодий салоҳиятга эга бўлдик. ИҚКЖга маблағларни тўплаш, уларни тақсимлаш ва фойдаланиш жараёнига жалб этилганларнинг барчаси тезроқ “ўзлаштиришга” ва изни йўқотишга шошган деган фикр мавжуд. Жамғарма барча бенефициарларнинг батафсил ҳисоботисиз ва улар томонидан тармоқлардаэришилган ижобий ўзгаришларни таҳлил қилмасдан тугатилгани ҳам турли шубҳаларни уйғотмоқда. Энергетика соҳасида ИҚКЖнинг 1,15 трлн сўмдан ортиқ маблағларини олиб, электр тармоқларида, энергия ишлаб чиқаришини ошириш ва диверсификациялаш борасида, электр таъминотини, энг аввало иқтисодиётимиз ва уй хўжаликларини газ билан таъминлашни яхшилашда борасида ҳақиқатдан ҳам бирор нарсани ўзгартирди, деб айта оламизми? Йўқ.
- 2 йил давомида миқдорий рағбатлантириш чораларидан сезиларли наф бўлмади, чунки бу чоралар тор доирадаги хўжалик юритувчи субъектлар учун қабул қилинган, уларнинг фаолиятини ортиқча харажатлилик, молиявий оқимларнинг самарасизлиги ва шаффоф эмаслиги ажратиб туради. Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги, ДСҚнинг текширувлари якунлари бўйича маълумотлар ва ижтимоий тармоқлардаги хабарлар шуни кўрсатмоқдаки, марказлаштирилган тарзда тақсимланаётган маблағларнинг асосий бенефициарлари бюджет маблағларининг ва давлат компаниялари молиявий маблағларининг бош тақсимловчиси билан аффилланган одамлар ҳисобланади.
- Солиқ ислоҳоти молиявий оқимларни тақсимлашнинг шаклланган тармоқлараро ва ҳудудлараро мувозанатини, иқтисодий фаолият иштирокчиларининг мотивациясини сезиларли даражада ўзгартирди. У кичик ва ўрта бизнес корхоналари учун фискал юкламани оширди, айланма маблағлар олиб қўйилишига олиб келди. Бунинг натижасида кўплаб хўжалик юритувчи субъектлар банкротга учради, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўлчами майдалашиб кетди, хуфия иқтисодиётга кетиш авж олди, марказлаштирилган тарзда ажратилган бюджет маблағларини нақдлаштириш ошди. “Нақдлаштирувчи идоралар” рўйхати ва уларнинг ишлаш методлари бўйича яқинда ДСҚда ўтказилган текширувлар юқорида баён этилганларни тасдиқлайди, холос. Бюджет даромадларининг 53% (Қўшимча ва ресурс солиқлардан келадиган тушумлар йиғиндиси) хўжалик фаолияти натижаларига бевосита боғлиқ эмас. Бошқача қилиб айтганда, улар тадбиркорлик фаолиятининг асосий вазифасини ҳал қилишга, яъни барқарор ривожланиш салоҳиятини яратишга қаратилмаган. Гўёки давлатни сенинг иқтисодий ва бошқа муаммоларингиз қизиқтирмайдигандай, сенинг қийинчиликларингиз аҳамиятсиздай – ҳатто банкротга учраб, йўқолиб кетсанг ҳам тўлашинг керак.
- Максимал фискал ва молиявий кўмак олаётган тармоқлар (автомобилсозлик, нефт-газ, электротехника соҳалари) мамлакатнинг иқтисодий ва экспорт салоҳиятини шакллантиришда қатнашмайди. Бюджет даромадлари, экспорт тушумлари шакллантириш, иш ўринларини яратиш жараёнидаги асосий иштирокчиларни аниқлашга уринганимизда, уларни деярли кўрмаймиз. Бироқ ҳукуматнинг бутун “муҳаббати” айнан уларга насиб қилмоқда, қолганларга эса – қатъий қонун талаблари.
Ушбу фактлар мажмуини мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсат деб айтиб бўлмайди. Жамиятимизнинг ривожланиш мақсадлари ва устуворликларини тушунишда муайян муаммолар борлиги аниқ.
Кузатувлар асосий иштирокчилар (Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Марказий банк, ДСҚ ва ДБҚ) иқтисодий кун тартибини муҳокама қиладиган, жамият кўтариб чиқаётган муаммолар ҳақида баҳслашадиган ва мувофиқлаштирилган қарорларни қабул қиладиган бирор-бир форум, майдонча йўқлигини кўрсатмоқда. Улар мунозарали масалаларни кейин зарур далиллар билан мамлакат президенти даражасида таклифлар киритиш учун олимлар ва экспертларнинг очиқ муҳокамасига чиқармайди. Жамият ушбу давлат муассасаларининг қўшма йиғилишларини президент аппарати ёки бош вазир доирасидан ташқарида кўрмайди. Катта иқтисодий таъсирга эга йирик лойиҳалар муҳокама қилинадиган қўшма коллегиялар мавжуд эмас, идоралараро иқтисодий кенгашлар ҳам йўқолиб кетди. Шу боис мамлакат президенти шундай муаммоларни кўтармоқда, аммо бу ҳолда улар бошқа баҳс-мунозаралар инструментарийси доирасида “муҳокама қилинади”.
Обзорда қуйидаги фикр (18-бет, 7-хатбоши) кишини ҳайрон қолдиради: “юқори технологик ва инсон капиталига тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳажмларида сезиларли ўсишнинг йўқлиги мамлакатда инклюзив ўсишнинг юқори суръатларига эришиш ва камбағаллик даражасини қисқартириш жараёнини секинлаштириши мумкин”.
Айнан ривожланиш даражаси, иқтисодиётнинг барқарорлиги ва шаффофлиги қонунлар самарадорлиги билан бир қаторда мамлакатнинг тўғридан-тўғри инвестициялар учун мафтункорлигини белгилайди. Муаллифлар эса бунинг тескарисини таъкидлашга уринган, яъни тўғридан-тўғри инвестицияларсиз биз инклюзив ўсиш ва камбағалликни қисқартириш кўрсаткичларига эриша олмаслигимиз мумкин экан. Қисман бу шундай. Мамлакатга инвестициялар кириши учун даставвал ўзимизнинг макроиқтисодийй сиёсатимизга аниқлик киритишимиз зарур, унинг турли йўналишли эканини юқорида кўрсатиб ўтдик.
Иқтисодиётга йўналтирилаётган инвестициялар динамикаси кўрсаткичларига тўхталадиган бўлсак, муаллифлар урғуни унчалик тўғри қўймаган. Айнан “марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициялар ҳажми 34.9% га камайиб, 39,3 трлн сўмни ташкил қилган”лиги таъкидланади. Бунда бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган инвестициялар 33.6% га, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (ЎТТЖ) маблағлари 75.7% га, чет эл инвестициялари ва ҳукумат кафолати остига бериладиган кредитлар эса 28% га камайган». Бунда бир хатбошидан кейин “кафолатланмаган чет эл кредитлари ҳисобидан инвестициялар ўтган йилнинг худди шу даври билан солиштирганда 1,6 бараварга ошгани (2,4 млрд доллардан 3,5 млрд долларгача) асосан йирик лойиҳаларни амалга ошириш доирасидаги инвестицияларни ўзлаштириш билан боғлиқ экани” таъкидланади.
Бунда табиийки, саволлар туғилади:
ИҚКЖ, бюджет ва ЎТТЖ маблағлари асосий капиталга инвестицияларга боғлиқ бўлмаган лойиҳаларга йўналтириш ҳақидаги қарорларни ким қабул қилган? Нега Молия вазирлиги бу маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини улардан фойдаланишдан кўрилган конкрет наф билан боғлиқликда тўлақонли таҳлил килмаяпти?
Нега бундай улкан маблағлар оқилона, яъни мамлакатнинг саноат, қишлоқ хўжалик ва умуман, экспорт салоҳиятини ошириш мақсадларида сарфланмаган?
Нега кафолатланмаган молиялаштириш манбалари бўйича инвестициялар ўсишини кузатаётган пайтимизда асосий капиталга марказлаштирилган инвестициялар коллапси юз берди?
Демак, сўз тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ҳақида эмас, балки маблағларни тақсимлашда ҳам, харажатларнинг самарадорлигини назорат қилиш жараёнида ҳам марказлаштирилган маблағлардан самарасиз фойдаланилиши ҳақида бормоқда.
2020 йил иқтисодиётимизни бошқариш усулларидаги кўплаб “тор” жиҳатларга кўзларимизни очгани шубҳасиз. Тўғри хулосаларни қилиш ва ўткир масалаларни идоралараро муҳокама даражасига кўпроқ чиқариш муҳим аҳамият касб этади. Жамоавий муҳокамалар ва қарорларни жамоавий қабул қилиш каттароқ самарани беради ва ҳукуматни ўйланмасдан қабул қилинган қарорлардан асрайди. Эҳтимол, жамоатчиликни масалалар муҳокамасига кенг жалб этиш ва турли иқтисодий ривожланиш ғояларининг ташувчилари нуқтаи назаридан ҳисобга олиш талаб қилиниши мумкин.
Абдулла Абдуқодиров, таҳлилчи, Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
(Давоми бор)
Шарҳлар