Нега резервлар ўсмоқда, бу айирбошлаш курсига қандай таъсир кўрсатади

Ҳозирча бир вақтнинг ўзида олтин-валюта захираларини (ОВЗ) кўпайтираётган ва ўз ташқи қарзини, шу жумладан давлат қарзини фаол ошираётган Ўзбекистоннинг замонавий иқтисодий сиёсатини каби феномен иқтисодиёт фани томонидан ҳозирча ўрганилмаган.

Марказий банк маълумотларига кўра, 2020 йил 1 апрель ҳолати бўйича Ўзбекистоннинг расмий захира активлари ва чет эл валютасидаги бошқа активлари 30 260,3 млн АҚШ долларини, шу жумладан олтин кўринишида – 17 449,6 млн долларни (захиралар умумий ҳажмининг 57,7%) ташкил қилган. 1 йил ичида (01.04.2021 йил ҳолати бўйича) тегишли кўрсаткичлар 32 675,96 ва 19 283,22 млн АҚШ долларигача (59,01%) ўсган. Олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам 10,9 млн трой унциясидан 11,4 млн трой унциясигача ошган.
 
2021 йил 1 январдан бошлаб кейинги уч ой ичида ОВЗ ҳажми фақат иет эл валютасидаги резервларни сотиш ва бошқа банкларда чет эл валютасидаги депозитлар қисқариши ҳисобидан 2 238 млн АҚШ долларига қисқарган. Бошқача қилиб айтганда, олтин Марказий банк томонидан сотилмаган (унинг жаҳон бозоридаги нархи тушишда давом этаётганига қарамасдан. Унинг сабабларига қуйида тўхталиб ўтамиз).
 
Агар бир йил ичида (2020 йил январидан 2021 йил январигача) ОВЗ ўсиши 5 732 млн АҚШ долларини ташкил қилган бўлса, унда ялпи ташқи қарз ўсиши (МБ маълумотлари бўйича) 98 86,4 млн АҚШ долларини ташкил қилган. Гўёки мамлакат бюджетни молиялаштиришнинг ўз имкониятларига эга бўла туриб, иқтисодий мантиқ нуқтаи назаридан тушунарсиз бўлган сабабларга кўра, чет эл қарз маблағларини жалб этишни афзал кўраётгандай.

Нега Ўзбекистон ўз ОВЗдан фойдаланмасдан, балки анча қиммат турувчи пулларни қарзга олишни ёқтиришини ва бунда ОВЗ тузилмасида олтин ҳажмини ошираётганини тушунишга уриниб кўрамиз. Ушбу оддий бўлмаган саволга эҳтимолий жавоблар бир нечта бўлиши мумкин:

1.     Разведка қилинган бой олтин конларининг (Мурунтов) мавжудлиги ва олтинга бўлган давлат монополияси Ўзбекистон молиявий барқарорлигининг асоси ҳисобланади.  Олтинни ишлаб чиқарувчилар, яъни давлат корхоналаридан харид нархлари бўйича харид қилинар ва худди шу олтинни халқаро нархлар бўйича сотар экан, давлат молиявий мустаҳкамликнинг улкан захирасига эга бўлади ва деярли чекланмаган манёврларни қилиши мумкин. Табиийки, бундай манёврлар бўлиши имконияти фақат бир омилга – ички харид ва халқаро нархлар орасидаги фарққа боғлиқ. Айнан шу омил миллий валютанинг барқарорлигини белгилашда МБ ва Молия вазирлиги учун қулай (ҳозирча) шароитларни белгилайди. Қолган барча омиллар иккиламчи ҳисобланади (эксопрт тушуми, ташқи савдо баланси, талаб ва таклифдаги ўзгаришлар ва ҳоказо). Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмаган, фақат 2008 йил 1 февралдан кейин, яъни олтиннинг трой унцияси нархи 950 АҚШ долларидан ошганидан сўнг;

2.     2001 йил июнидан бошлаб олтин нархи узлуксиз ўсмоқда, бунинг сабаби –саноат эҳтиёжлари учун олтиннинг металл сифатидаги истеъмол ҳажмлари ўсишида эмас. Асосий сабаб – жаҳон молия институтларининг олтиндаги захираларини оширишга, пулларнинг олтин эквиваленти назариясидан ҳаддан ташқари четга чиқишнинг ҳалокатли эканини, жаҳон валюталарининг (АҚШ доллари, Евро, Фунт стерлинг, Юань, биткоинлар) бир нечта эмиссия марказлари шароитларида бу бутунжаҳон молиявий муваффақиятсизлик билан якунланиши мумкинлигини тушунишга қаратилган мақсадли ҳаракатлари. Олтин нархининг вақтинчалик ўзгаришлари кузатилади, 2021 йил учун прогнозларда зиддиятлар мавжуд. Бироқ, олтин бозоридаги профессионал иштирокчиларнинг фикри олтин нархи келгусида яна ошиши борасида муроса мавжудлигида якдилдир.  Бунинг сабаби – постковид даврида  бошқа товар бозорларида ўзгарувчанликнинг ўсиши. Айнан шу боис Ўзбекистон МБ 2021 йил 1-чораги давомида монетар олтинни сотмади, балки захира валютани сотди ва хорижий банклардаги вақтинчалик депозитларни узди.

3.     Шунингдек  монетар сиёсат борасидаги мутахассисларимиз яқин вақт ичида бизни молиявий бозорларда жиддий ларзалар кутаётганини ва COVID-19  жаҳон молиявий инқирозини фақат бироз кейинга сурганини яхши тушунади. Инқироз бошланганида, ўз ОВЗ мамлакатнинг ягона молиявий таянчига айланади. Бироқ, қайд этиш жоизки, АҚШ ва бошқа барча мамлакатлар иқтисодиётига 2020 йил давомида ва 2021 йил бошида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш ва соғломлаштириш учун қилинган улкан қуйилмалар глобал бозорда товарлар ва пуллар паритетини жуда бузади, бу жаҳон молиявий рецессияси юз бериши жараёнини тезлаштиради. Агар жаҳон ишлаб чиқаришини тиклаш ишлари ортиқча пул массасини абсорбциялаш имкониятларидан жуда ортда қолса, унда молиявий инқирознинг юз бериши – бу бор-йўғи бир неча ойлик масала (https://gold.ru/news/devid-morgan-puzyr-vsego-dostig-svoih-granic.html). Мана шунинг учун ҳам жаҳон марказий банклари монетар олтинни сотишга шошмайди ва иложи борича уни харид қилади.

4.    Энг қайғули тахмин: қарз маблағлари сарфланиши устидан назорат самарасиз бўлиб, улар талон-тарожликка йўл қўювчи шаффоф бўлмаган шароитларда амалга ошириладиган, кам асосланган инвестицион лойиҳаларга сарфланиши мумкинлигини билдиради.

2021 йилнинг 3 ойи ичида ички бозорда қўшимча 0,7 млн олтин трой унциясини (тахминан 22,5 тонна) сотиб олган Ўзбекистон МБ олтин-валюта захиралари таркибида олтинни кўпайтиришни давом эттириб, узоқни ўйлаб иш қилмоқда.
 
Ўз навбатида, ички бозорда олтин ОВЗ таркибида бўлган хорижий валютанинг сотилиши бозорни стериллаш чоралари билан бирга сўмнинг АҚШ долларига нисбатан айирбошлаш курсини сезиларли даражада мустаҳкамлади. Охирги ой давомида сўм АҚШ долларига нисбатан 0,3% га мустаҳкамланди, у 1 АҚШ доллари учун 10 503,92 сўмдан  10 473,07 сўмгача тушди.

Бу Ўзбекистон МБ ўзи учун иккита асосий устувор йўналишни танлаганини намойиш этади: инфляцияни таргетлаш ва барқарор айирбошлаш курси. МБнинг постковид даврида инфляцияни таргетлаш бўйича сиёсати ва тактикаси ҳақида кўп бора ёзгандим, бу ерда уни яна такрорлаб ўтиришни истамайман.

Мен ушбу мақолада МБнинг охирги ўн йилликлар давомида шаклланган энг самарасиз солиқ-бюджет сиёсати механизмида айирбошлаш курсининг барқарорлигини ушлаб туришга қаратилган сиёсатининг ҳалокатли эканига эътибор қаратишни истардим.

Бир томондан, 2019 йилги солиқ ислоҳоти иқтисодиётда ҳақиқий тартибсизликка олиб келди ва тўлиқ бўлмаган бир йил давомида бизнеснинг барча айланма маблағлари фискал чоралар ёрдамида олиб қўйилди, корхоналарнинг кўпчилиги ёпилди, банкротга учради, хуфия иқтисодиёт ҳажмлари жуда ошиб кетди ва бу билан қисқал чораларнинг самарадорлигини манфий кўрсаткичларгача тушириб юборди.

Бошқа томондан, биз бюджетдан молиялаштириш ишлари, инвестицион лойиҳаларни, бозорда монопол ҳолатни эгаллаб турган давлат хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини бюджетдан молиялаштириш базасининг таркибий қисми бир вақтнинг ўзида ўсишида, тўсатдан катта бюджет танқислиги пайдо бўлишининг жиддий таваккалларига эгалигини кўрамиз. Бундай вазиятда Ўзбекистон МБ томонидан деярли белгиланган айирбошлаш курсини ушлаб туриш бўйича танланган тактика ва сиёсат мутлақо самарасиз, чунки ташқи қарзнинг нисбатан арзонлиги, қурилишни, хусусан уй-жой қурилишини рағбатлантириш учун пул эмиссиясининг “оғриқсизлиги”  иллюзиясини яратади.

“Евро оталари”дан бири ҳисобланган канадалик иқтисодчи ва Нобель мукофотининг лауреати Роберт Манделл ўтган асрнинг 60-йилларда  белгиланган айирбошлаш курсида солиқ-бюджет сиёсати маҳсулот ишлаб чиқариш учун қудратли таъсир воситасига айланишини, пул-кредит сиёсати эса бунда кучсиз (буни биз охирги 4 йил давомида кўряпмиз) экани ҳақида ёзади (“Monetary Theory”). “Сузувчи” айирбошлаш курсида эса бунинг тескариси кузатилади, яъни фискал рағбатлар эмас, балки пул-кредит сиёсати ишлаб чиқаришни рағбатлантириши керак. “Шунингдек ушбу модель белгиланган айирбошлаш курсида мамлакат узоқ муддатли истиқболда мустақил пул-кредит сиёсатини ўтказа олмаслигини кўрсатади, мустақил пул-кредит сиёсати ўтказилганида эса белгиланган айирбошлаш курслари имконсиз”.

Бундай белгиланган айирбошлаш курсида бизнинг солиқ-бюджет сиёсатимиз қай даражада самарали эканини “ортиқча ҳисоблаб ёзилган / бюджетга тўланмаган ҚҚС суммалари”ни ундириш, бўйича кўламли чоралар натижаларида, экспортчиларнинг ўз маҳсулотини ўз зарарига экспорт қилишидан “манфаатдорлиги”да ҳамда фақат Молия вазирлигининг фақат битта департаменти томонидан ўтказилган бюджет интизомига амал қилиш бўйича текшируви натижаларида (хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 246 млрд сўмдан ортиқ маблағ талон-тарож қилинган бўлиб чиқди) кўряпмиз. Ҳисоб палатаси, прокуратура, давлат тармоқ назорат хизматлари томонидан амалга оширилган текширувлар якунлари бўйича яна қанча талон-тарожликларни аниқланди?
 
Миллий валюта айирбошлаш курсининг барқарорлигини ютуқ сифатида тақдим этиш мумкин, бироқ, шунингдек, бунга иқтисодий пропорцияларни қандай бузиб кўрсатиш ва ишлаб чиқариш ва экспортнинг ўсиш рағбатларини қандай бостириш ҳисобидан эришилаётганини ҳам намойиш этиш виждонан бўларди. Иқтисодиётда текин сомса бўлмайди, ҳаммаси пулга келади ёки сезиларсиз сарфланган ун ёки ёғ билан бўлади.

Фуқаролар ўз ютуқларининг нималар эвазига эришилаётганини билишга ҳаққи бор.

Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.