Нега Ўзбекистонда газ қазиб чиқариш ҳажмлари тушиб кетмоқда
Энергетика вазирининг яқинда Alter Ego нашрига берган интервьюси табиий газ етишмовчилиги муаммоси ҳал бўлишига оз бўлса-да умид қилган ўзбекистонликларни ҳайрон қолдирди. Айниқса, вазирнинг Ўзбекистонда ҳамма нефть-газ соҳаси банкротга учрашидан манфаатдор бўлгани ҳақидаги сўзлари ва табдиркорларни кўмир, печ мазути ёки суюлтирилган газдан фойдаланишга тайёргарлик кўрмаганликда айблаши ҳайратга солди.
Биз “Газ қаерда? Энергетика вазирлигига бошқа саволларимиз ҳам бор” материалида давлат томонидан тармоқни қўллаб-қувватлашга ажратилган молиявий маблағлар масаласини кўтаргандик. «Ўзбекнефтгаз» холдингининг маълумотларига кўра 1991-2016 йилларда нефт-газ соҳасига йўналтирилган инвестициялар ҳажми 30,7 млрд долларни, шу жумладан тўғридан-тўғри инвестициялар ва кредитлар 17 млрд доллардан зиёдни ташкил қилган. 2021 йилга келиб, умумий қиймати 30,4 млрд долларлик нефт-газ лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилганди. Бунда ушбу рақамларда холдингнинг хорижий ҳамкорларига (Natural Gas Stream, Cyprus) ҳам, маҳаллий пудратчиларга (Eriell, Enter Engineering) ҳам тақдим этилган солиқ имтиёзлари ҳамда холдингнинг Саноатни тиклаш ва ривожлантириш жамғармаси (СТРЖ) олдидаги қарзлари ҳисобга олинмаган (ушбу қарзлардан Президент ва ҳукумат қарорлари билан воз кечиб юборилган).
Давлат қанча кўп тўласа, шунча кам газ олмоқда, 2029 йилга келиб эса умуман олмаслиги ҳам мумкин
Алишер Султонов “Ўзбекнефтгаз” холдинги бошқаруви раиси лавозимига тасдиқланган ва унга вазир мақоми берилган 2015 йилда холдинг корхоналари томонидан табиий газ қазиб чиқариш ҳажми 46,21 млрд м3 ни ташкил қилганди. 2020 йил якунлари бўйича эса кутилган табиий газ қазиб чиқариш ҳажмлари “Ўзбекнефтгаз” АК маълумотларига кўра, бор-йўғи 28,99 млрд м3 ни ташкил этган.
Бироқ қатор экспертларнинг фикрича, тармоқ “ичкарисидан” келаётган маълумотлар шубҳали бўлиб, “газлифтинг” аломатларига эга, яъни ҳисоблагичлардан ўтганидан сўнг қазиб олинган газнинг бир ҳажми бошқа конга ҳайдалиб, унда яна қазиб олинган газ сифатида ҳисобга олинадиган ҳолатга ёки мавжуд бўлмаган газ ҳажми гўёки “мамлакатнинг стратегик захираси” сифатида ер остига ҳайдалган ва ҳисоботларда ўз аксини топган ҳолатга шундай дейилади.
Бутун жаҳонга машҳур Boston Consulting Group консалтинг гуруҳи 2017 йилдаёқ охирги 5 йил ичида тармоқда амалга оширилаётган асосий лойиҳаларнинг иқтисодий ва стратегик жиҳатдан мақсадга мувофиқлигига шубҳа билан қараганди. Лойиҳаларни амалга ошириш якунлари бўйича суюқ газ олиш бўйича лойиҳаларни (GTL) ҳамда метанолдан олифенлар ишлаб чиқариш (МТО) бўйича лойиҳаларни амалга оширишдан мамлакат кўрадиган эҳтимолий зарар 10,8 млрд АҚШ долларини ташкил қилиши мумкин. Эҳтимол, айнан самарасиз, ноаниқ якуний кўрсаткичларга эга, аммо сармояси жуда катта лойиҳаларнинг амалга оширилиши тармоқни аянчли аҳволга олиб келгандир? Ахир амалда давлат табиий газ қазиб чиқаришни оширишга қанча кўп пул ажратса, ушбу ҳажмларнинг ўзи шунчалик кўпроқ камайиб кетяпти-ку.
2017 йилда Boston Consulting Group тармоқ раҳбарларини бундай лойиҳаларни амалга ошириш 2029 йилга келиб қазиб чиқариладиган газнинг жиддий танқислигига олиб келиши ҳақида огоҳлантирганди (у пайтда қазиб чиқариш ҳажмларининг бугунгидай фавқулодда тушиб кетиши ҳатто энг пессимистик прогнозларда ҳам кўриб чиқилмаганди).
Муқобил ечим борми
Муқобил йўл иккита – биринчиси, бу АЭС, қуёш ва тикланадиган энергия манбаларида ишлайдиган электр станцияларининг бошқа турлари каби муқобил ишлаб чиқарадиган қувватларни қуриш; иккинчиси – қўшни мамлакатлардан амалга ошириладиган газ импортини ошириш (Туркманистон, Қозоғистон).
Табиий газда ишлайдиган ИЭС ва бойитилган уранда ишлайдиган АЭС қурилиши лойиҳаларининг таркибий қисмларини таққослашга уриниб кўрамиз. Қуввати йилига 12,5 млрд квт/соат бўлган АЭСнинг қиймати дастлабки тасдиқланмаган ҳисоб-китобларга кўра 5,0 млрд АҚШ долларини ташкил қилади.
Худди шундай қувватга эга табиий газда ишлайдиган ИЭСнинг қиймати эса тахминан 0.9 млрд АҚШ долларини ташкил қилади. Бунда ИЭС йилига 4,5 млрд м3 табиий газ истеъмол қилган бўларди, 1000 м3 учун 50 АҚШ долларидан экспорт қилинганида эса бу тахминан 0.225 млрд доллар экспорт тушумини берган бўларди (70$ бўлганида – 0.315 млрд $).
Шунингдек, АЭС қурилишига ТИА ва ишчи чизмалар тасдиқланганидан кейин камида 10 йил, ИЭС қурилишига эса 4 йил вақт кетади. Яна шуни инобатга олиш керакки, АЭС 60 йил, ИЭС эса 25 йил хизмат қилиши мумкин. Аммо улар мос равишда 10 йил ва 4 йил қурилади.
Бошқа тенг шароитларда хизмат муддатларига кўра келтирилган АЭС варианти бўйича ишлаб чиқариладиган электр энергиясининг солиштирма қиймати бир кВт учун 0,01 долларни, ИЭС варианти бўйича эса – 1 кВт учун 0,004 долларни ташкил қилади. Ҳатто АЭСдан фойдаланиш муддатлари 2,4 баравар юқори бўлишини ҳисобга олганда ҳам электр энергиясининг таннархи анча қимматга тушади. Ҳисоб-китобларнинг тўғрилиги халқаро эксперт тадқиқотлар билан ҳам кўрсатилган.
Бунинг устига режалаштирилаётган АЭСнинг лойиҳа ҳужжатлари ҳали ишлаб чиқилмаган ва тасдиқланмаган, қурилиш якунланадиган даврга келиб АЭСнинг реал қиймати 10 млрд доллардан ҳам ошиши мумкин.
Ушбу 10 млрд долларга қўшимча харажатларни ҳам қўшиш керак, чунки атом энергетиклари учун барча қулайликларга эга шаҳарчани сақлаш, чет эл мутахассисларига ҳақ тўлаш, маҳаллий мутахассисларни ўқитиш, радиоактив чиқиндиларни олиб чиқиш, сақлаш ва утилизация қилиш ҳам катта маблағни талаб қилади.
Мавжуд геосиёсий шароитлар ва амалдаги давлатлараро келишувлар шароитларида Туркманистон ёки Қозоғистондан табиий газ импорт қилишни учинчи мамлакатларнинг иштирокисиз амалга оширишнинг имкони йўқ. Чунки қўшниларимиз ўз табиий газини кўп йиллик келишувлар асосида Хитойга, Россияга ва Эронга экспорт қилади. Кейин газ экспортчилари ҳамма вақт ҳам бир вақтнинг ўзида газ қувурларининг хўжайини ҳисобланмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам импорт қилинадиган газ ўз ватанимизда қазиб чиқариладиган газдан арзон бўлмайди. Бироқ муайян шароитларда бу қарорлар қабул қиладиган одамларни ишонтирмаслиги мумкин.
Ҳозирча эса қуёш электр станцияларини эндигина қуришни бошлашяпти, АЭС эса ҳатто лойиҳа кўринишида ҳам тайёр эмас. Бизни гўёки қўшни мамлакатлардан табиий газ импорт қилиш ўзини оқлашига тайёрлашаётгандай ҳиссиёт тарк этмаяпти, ахир 2029 йилга ҳам оз қолди…
Буларнинг ҳаммаси муаллифнинг шахсий нуқтаи назари, албатта. Бу борада реал аҳволни ичкаридан яхши биладиган соҳа мутахассисларини тинглашни истардик. Чунки асосий савол ҳамон жавобсиз қолмоқда – нега газ қазиб чиқариш ҳажмлари тушиб кетяпти?
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси
Мавзу бўйича ўқинг:
“Газ қаерда? Энергетика вазирлигига бошқа саволларимиз ҳам бор”
Шарҳлар