Ўзбекистонда капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий муаммолари

2021 йил 17 март куни Олий Мажлис Сенати (ОМС) Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги (КБРА) билан ҳамкорликда “молиявий бозорнинг иқтисодий ўсишни рағбатлантиришдаги роли. Ҳуқуқий ва институционал жиҳатлар” мавзусида халқаро анжуманни ўтказди. Унда турли экспертлар, қонун чиқарувчилар ва регуляторларнинг капитал бозорини ривожлантиришдаги муаммолар ва мамлакат иқтисодий фаолиятининг ушбу йўналишида юзага келаётган институционал тартибсизликлар ҳақидаги нуқтаи назарлари билдирилди.

Менга, давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг собиқ биринчи бош директори сифатида (КБРА айнан унинг базасида ташкил қилинган), биз қаерда эканимизни, қаерга ҳаракатланаётганимизни, нималар халақит бераётгани ва ҳамроҳлик қилаётганини тушуниш муҳим эди.

Сенатор Содиқ Сафоевнинг кириш нутқи шуниси билан қизиқарли бўлдики, у зарур ислоҳотларнинг қонунчилик базасини такомиллаштиришга тайёр бўлган қонун чиқарувчилар томонидан капитал бозорини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган барча чора-тадбирларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, мен Евроосиё тараққиёт банки Бошқарувининг раиси маслаҳатчиси Григорий Марченконинг қизиқарли чиқишини ҳам алоҳида қайд этишни истардим. Унинг сўзларининг асосий моҳияти қуйидагидан иборат эди: Ўзбекистон учун бирор-бир хорижий капитал бозорининг ривожланиш тажрибаси мақбуллиги ва мослашиши мумкинлигига унчалик ҳам умид қилмаган маъқул. У ўз ривожланиш устуворликларидан ва амалга оширилаётган иқтисодий ва тузилмавий сиёсат шароитларидан келиб чиқиш кераклигини маслаҳат беради.
 
Маълумотнома: Григорий Марченко замонамизнинг ноёб молиячиси. У икки бор (1996 ва 2009 йиллар) Қозоғистон Республикаси Миллий банкининг раиси этиб тайинланган, 1998 йилда Қозоғистонда Пенсия ислоҳотини ишлаб чиқди ва жорий этди, 2004 йилда Молия бозорларини бошқариш ва назорат қилиш бўйича агентлик ташкил қилиниши ташаббуси билан чиқди, 2011 йилда МДҲ мамлакатларидан Халқаро валюта жамғармаси раҳбари лавозимига ягона номзод сифатида илгари сурилди, бироқ бахтли кексаликни кафолатловчи лавозимни қатъий рад этди.
 
Бироз тарихдан

АҚШдаги каби барча иштирокчилар учун капитал бозорининг кенг автоном ваколатларига эга регулятори билан Қимматли қоғозлар бўйича мустақил комиссияни яратиш ғояси узоқ 1994 йилда Ўзбекистон Молия вазирлиги биносида туғилганди. Хусусийлаштириладиган корхоналарнинг акцияларини чиқаришни ташкиллаштириш учун жавоб берувчи Давлат мулк қўмитаси ва банклар – АЖ фаолиятини тартибга солиб турган ва Молия вазирлиги билан бир қаторда давлат қимматли қоғозларининг эмиссияси учун жавоб берган Марказий банк ушбу ғояга қарши чиқишди. Охир-оқибатда Қимматли қоғоўзлар бўйича комиссия Молия вазирлиги ҳузурида автономсиз ҳамда алоҳида штатлар ва ваколатларсиз ташкил қилинди.
 
1994 йил охирида давлат мулкини хусусийлаштиришни тезлаштирмасдан ва мулкдорларнинг янги синфини яратмасдан ҳамда унга хусусийлаштириш йўли билан собиқ давлат активларини бермасдан туриб, иқтисодиётда ҳеч қандай ўзгаришларга эришиб бўлмаслиги яққол кўзга ташланди. Шу тарзда, хусусийлаштириладиган корхоналарнинг акциялари ва ҳам давлат, ҳам хусусий корхоналарнинг облигациялари кўринишидаги давлат қимматли қоғозларининг кенг эмиссияси давлат иқтисодий сиёсатининг бир қисмига айланди ва қимматли қоғозлар бозори (ҚҚБ)нинг фаолиятини самарлироқ назорат қилувчи органни шакллантириш зарурати туғилди.

Бироқ, худди органларнинг ўзи бундай орган яратилишига қатъий қарши эди. Натижада, 1995 йилда Қимматли қоғозлар бозорининг фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази (ҚҚБФМНМ) яратилди, аммо энди Ўзбекистон Давлат мулк қўмитасининг ҳузурида. У автоном бошқариш тузилмасига ва регулятор сифатида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бир йил ичида марказ томонидан 62 та норматив ҳужжат ишлаб чиқилди, барча вазирликлар ва идоралар билан мувофиқлаштирилди ва Адлия вазирлигида расман тасдиқланди. Қимматли қоғозлар бозорини шакллантиришга бевосита алоқаси бўлган Ўзбекистоннинг 11 та қонуни қабул қилинди. Бутун қимматли қоғозлар бозорининг инфратузилмаси деярли нолдан яратилди, у эмитентларни, инвестицион воситачиларни, фонд биржаларини, инвестицион компанияларни, хусусийлаштириш инвестицион фондларини, брокерлик идораларини, қимматли қоғозлар депозитарийларини ва қимматли қоғозлар ҳаракатининг регистраторларини ўз ичига олди. Қимматли қоғозлар бозорининг мутахассисларини тайёрлаш ва аттестациядан ўтказишнинг яхлит тизими ташкил қилинди.

Бугун биз олдин тўпланган қонунчилик-регулятив ва ташкилий-инфратузилмавий салоҳиятни унутишга ҳаққимиз йўқ, эҳтимол у йиллар ўтиб қисман ўзининг долзарблигини йўқотгандир, аммо, шубҳасиз, яшашга қодир. Аммо ушбу мақоланинг вазифаси Ўзбекистонда ислоҳотларнинг бугунги босқичида капитал бозорини ривожлантиришнинг асосий муаммоларини билдиришдан ҳамда Ўзбекистонда капитал бозорини шакллантириш ва ривожлантиришда бевосита қатнашган молиячининг ўй-мулоҳазаларини баён этишга уринишдан иборат.

А. Капитал бозорини ривожлантиришнинг ташкилий-институционал муаммолари

Бугунги кунда капитал бозорини ривожлантириш масалалари турли бошқариш ва таъсир кўрсатиш соҳаларига ва, шунга мос равишда, иқтисодиётни бошқаришнинг турли вазифаларига эга бир нечта регулятор томонидан тартибга солинмоқда:

·         Молия вазирлиги давлат қимматли қоғозларининг (шу жумладан, халқаро фонд бозорларида жойлаштириладиган халқаро бондларнинг ҳам) асосий эмитенти ва бенефициари ҳисобланади;
·         Марказий банк банклар капиталининг улар томонидан олинган мажбуриятларга адекват бўлишини тартибга солиш учун жавобгар ҳисобланади, шунга мос равишда, бизда барча банклар акциядор ҳисобланади. Улар қимматли қоғозларни таъсисчилар орасида ва эркин бозорда нашр этади ва жойлаштиради. Банклар алоҳида ҳолатларда ҳам маҳаллий (бўлғуси), ҳам хорижий инвесторлар орасида жойлаштириладиган облигацияларнинг (халқаро бондлар) эмитентлари ҳисобланади. Буларнинг барчаси бугунги кунда Марказий банк томонидан назорат қилинади;
·         Давлат активларини бошқариш агентлиги давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнини тартибга соладиган  орган ҳисобланади, шунингдек, агар хусусийлаштириш шакли АЖни яратиш бўлса, хусусийлаштириладиган давлат корхоналарининг акцияларини чиқариш вазифасини ҳам Агентлик бажаради;
·         Халқаро қимматли қоғозларнинг эмитентлари ҳисобланган Ўзбекистон тижорат банклари уларнинг эмиссияси ва муомаласи тартибини белгилайди .
КБРА хусусийлаштириладиган давлат корхоналари томонидан АЖ акциялари шаклида эмиссия қилинган қимматли қоғозлар ҳамда ички бозор учун эмиссия қилинган корпоратив облигациялар (бўлғуси) муомаласини тартибга солиш ва унга таъсир кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Регуляторларнинг бундай турли-туманлиги мавжудлигида капитал бозорини ривожлантиришнинг ягона сиёсати ҳақида гапиришга тўғри келмайди, чунки асосий Агентлик ҳам ҳажми бўйича, ҳам мамлакат иқтисодиётининг ривожланишига таъсир кўрсатиш даражаси бўйича капитал бозорининг жуда тор сегментига алоқаси бор.

Шунга қарамасдан, мавжуд қонунлар (“Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”, “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Иневстициялар ва инвестицион фаолият тўғрисида”ги қонунлар, ВМ қарори билан тасдиқланган 7.08.2019 йилдаги 650-сонли “Ўзбекистон Республикасининг капитал бозорини ривожлантириш агентлиги тўғрисидаги Низом”  ва бошқалар) КБРАга жуда кенг ваколатларни берган бўлиб, улар Агентлик томонидан капитал бозорини ривожлантиришнинг ўз қарашини фаол ўтказиш учун етарли эмас деб ўйлашга асос йўқ.

Шу боис, агар КБРА мавжуд қонунчиликдаги ва амалиётдаги камчиликларни кўрсатса, уларни бартараф этиш бўйича конкрет чораларни таклиф қилса, Молия вазирлиги ёки Марказий банк капитал бозорини тартибга солиш ва назорат қилишнинг оқилона чораларини кўради. Зотан сўз муайян идораларнинг амбициялари ҳақида эмас, балки компетенциянинг шаклланган даражаси ва ҳар бир идоранинг компетенцияси ҳақида бормоқда.

Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб, шуни тасдиқлашим мумкинки, турли норматив ҳужжатларни, уларга ҳар бир мунозарали масала моҳиятини тушунтирган ҳолда ҳар бир вазирликка, ҳар бир ижрочига мувофиқлаштиришга йўналтириш бўйича шаклланган тартиб вақтни бекорга ўтказиш бўлади.  Давлат мулк қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш марказининг бош директори бўлган давримда ҳар бир ижрочи билан – у хоҳ Молия вазирлиги, хоҳ Марказий банк ёки Адлия вазирлиги мутахассиси бўлсин – унинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини шахсан муҳокама қилишимга тўғри келган. Бизнинг муҳокамаларимиз ҳужжатга фойда келтирарди – у кейин ижро этиш учун тушунарлироқ бўларди. Ҳеч ким бирор-бир идоравий ўйинларни ўйнамасди, “уйда ким хўжайин” эканини кўрсатишга ҳаракат қилмасди.

Турли органлар фаолиятида ворислик йўқлиги, қонун ҳужжатларини қўллаш амалиётининг мавжуд эмаслиги туфайли мавжудлиги тўлиқ “унутилган” бир талай ҳужжатлар (концепциялар, стратегиялар) ва қонун ҳужжатлари борлигига ишончим комил. Эҳтимол, уларнинг инвентаризацияси ва ўрганилиши қатор янги ҳужжатларни қабул қилиш заруратини бартараф этиб, мутахассисларнинг вақти ва асабини сақлар.

Баъзида бемаъни вазиятлар юзага келади. 2021 йил 23 мартда КБРА давлат корхоналарининг акцияларини бозорга қўйиш монополияси тугатилгани ҳақида тантанали равишда ҳисобот берганди. Унда нега Mulk-sarmoya brokerlik uyi кутилмаганда давлат активларини сотувга қўйишга монополиячи бўлиб қолгани тушунарсиз! Бундай монополия 1995 йилдаёқ тугатилганди! Бу ерда Адлия вазирлигига, Капитал бозорини ривожлантириш агентлигига, Давлат активларини бошқариш агентлигига, Молия вазирлигига жиддий савол туғилади: ким, қачон ва қайси ҳужжат билан монополияни бундай шаклда тиклади?

B. Капитал бозорида транзакцион харажатлар муаммоси

Капитал бозори эмитентлар ва инвесторлар ҳисобидан паразитларча яшайдиган инвестицион воситачилар (брокерлар, инвестицион компаниялар, биржалар, регистраторлар, депозитарийлар ва бошқалар) деб номланувчи кўплаб институтларни ўз ичига олишини тан олиш керак. КБРА Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Марказий банк ва Молия вазирлиги билан ҳамкорликда транзакцион чиқимлар тузилмасини ва чегаравий миқдорларини, шу жумладан, инвестицион битимларни амалга оширганда  тижорат банклари ва тўлов тизимларининг комиссияларини ҳам белгилаши мумкин эди.  Юқорида тилга олинган халқаро конференция иштирокчиларининг маълумотига кўра, капитал бозори иштирокчиларининг транзакцион харажатлари инвестициялар суммасининг 8-10% гача миқдорини ташкил қилади, бу мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат.

КБРА барча мавжуд биржаларни (товар-хомашё, фонд ва валюта) ягона молия бозори биржасига бирлаштириш ташаббусини билдирди. Эҳтимол, қонун-норматив ва ташкилий база тегишли тарзда тайёрланганида, бундай ғояни қўллаб-қувватлаш мумкиндир, чунки капитал бозорида инвестицияларнинг ташкилий қийинчиликларининг бир қисмини бартараф этиши, капитал бозорининг фаолиятини “транзакцион харажатларни қисқартиришга ҳаракат қилган ҳолда ўз капиталини бир турдаги активдан бошқасига ташлашга” одатланган барча инвесторлар учун ҳам тушунарлироқ қилиши мумкин.

С. Қонун-норматив ташаббус

КБРАнинг таъкидлашича, Молия бозорини ривожлантириш стратегияси ОТБ ва ЕТТБ кўмагида 24.01.2019 йилдаги президент қарорини ижро этиш учун ишлаб чиқилган. Нега ушбу ҳужжат лойиҳаси ҳукумат электрон порталида ҳеч бўлмаганда мутахассислар орасида кенг муҳокама қилинмаяпти? Нега бундай муҳим масалага жамоатчилик фикри жалб этилмаган?

Биз Стратегия қачон ва ким томонидан ишлаб чиқилганини, вазирликлар ва идораларнинг асосий фикр-мулоҳазалари қандай эканини, ушбу фикр-мулоҳазалар устида ким ва қандай ишлаётганини, қандайдир бир келишув комиссияси, бундай ташаббуслар, келишмовчиликларни муҳокама қилиш ва муроса ечимларини қабул қилиш учун бирор-бир идоралараро ишчи орган бор-йўқлигини билмаймиз.
 
Эҳтимол, сенатор Содиқ Сафоев КБРАнинг норматив-ҳуқуқий ташаббусларини илгари суришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирганида  айнан шуни назарда тутгандир. шунга мос равишда жамоатчилик фикри ҳам бундай ташаббусларни илгари суриш ишида муҳим роль ўйнаган бўларди, айниқса, агар уларда капитал бозорини ривожлантиришнинг ва унинг инвестицион таркибий қисмини оширишнинг оқилона истиқболлари мавжуд бўлса.

D. Кадрлар тайёрлаш

Бу ерда шундай қайд этиш жоизки, бахтимизга, фонд бозори кадрларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини текшириш бўйича яхши инфратузилма сақланиб қолган бўлиб, у ҳамон ишлаяпти.  Бироқ ушбу инфратузилма муайян шахсларнинг, масалан, Бутиков Игорь Леонидовичнинг ташаббуси ва саҳоватига таяниб қолган, бу шахслар 90-йиллардан буён ўз ҳаётини капитал бозорини ривожлантириш масалаларига бағишлаган.

КБРА  капитал бозори учун кадрлар тайёрлаш институтларининг фаолиятини ва кадрлар малакасини тасдиқлаш тизимининг самарадорлигини батафсил таҳлил қилиши мумкин эди. Бу борадаги ишларсиз молия бозори ривожланишига ва мамлакат ичида тайёрланган ёш, амбициоз мутахассисларнинг энергиясидан озиқланишига умид қилиб бўлмайди. Хорижий тажриба эса, Григорий Марченко қайд қилганидай, ҳеч бир мамлакатга ҳеч қачон яхши ёрдам бермаган.

Менинг таклифларим фақат КБРАраҳбариятига унинг қийин фаолиятида ёрдам бериш истаги билан буюрилган, шу боис ушбу муассасанинг кейинги амалий фаолиятида фойдали бўлишига умид қиламан.
 
Абдулла Абдуқодиров,
Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.