Ҳуқуқсизликнинг 48 куни
Ҳозирда Россияга Қозоғистон орқали қандай боришаётганлигини билмайман, лекин ўша пайтда биз автобусда боришга қарор қилгандик ва нақ қирқ саккиз, ҳа – қирқ саккиз кун йўлда қолиб кетгандик!… Ҳикоям мана шу 48 кун қандай ўтгани ҳақида…
Зафар Усмонов, facebook фойдаланувчиси, блогер.
Москвадан қўнғироқ қилиб, бригадам билан тезда келишимни – биз учун иш борлигини айтишди. Ўзим билан бировни олиб кетишдан чўчирдим, чунки бу ортиқча жавобгарлик дегани, қандай етиб борамиз, нархини келиша оламизми ва, умуман, иш берувчи пул тўлармикан-йўқми – билмасдим… Бошқа томондан, мен Москвадаги ҳаёт ҳақида яхшигина хабардор эдим ва бир ўзим борсам, бошқалар учун қулдек ишлашимни билардим. Шу сабабли бир ўзим эмас, укам билан боришга қарор қилдим – ҳар қалай, бир қориндан талашиб тушганмиз, нима бўлса бирга баҳам кўрамиз. Биз билан жияним ва яқин дўстим ҳам борадиган бўлди. Уларга Москвада нималар кутаётганлигини, қандай яшашимизни билмаслигимни айтди. Барибир фикрларидан қайтмадилар.
Агар бир ўзим борсам, бошқалар учун қулдек ишлайман.
Пул тўпладим, кассага бордим, лекин яқин икки ҳафтага чипталар қолмаганлигини айтдилар. Авиачипта жуда қиммат – пулим етмайди, лекин бориш керак – Москвада кутиб турибдилар. Уйга қайтдим, болаларга чипта йўқлигини айтдим. У пайтлар чиптасиз ҳам кетса бўларди. Шу вариантни таклиф қилгандим, ҳаммалари рози бўлишди. Тўрттовлон Тошкентга отландик. Келдик. Болаларни қариндошларникида қолдирдим. Ўзим вокзалга бордим, аммо бу ерда ҳам чипталар йўқ эди. Касса олдида турибман. Икки киши келди, Қозоғистон орқали автобусда олиб кетишлари мумкинлигини, шунда узоғи билан бир ҳафтада Москвада бўлишимизни айтдилар. Шундай ваъдалар бердиларки, ишонмай илож йўқ эди. Болаларга айтдим – улар ҳам рози бўлдилар.
Вокзалга бордим. Лекин бу ерда ҳам чипталар қолмаганди.
Бирга қозоқ постига келдик. Бу ерда тумонат одам йиғилганди… Оқшомга яқин бир амаллаб чегарани кесиб ўтдик. Одамлар жуда кўп эди – санаганим йўқ, лекин кўпчилик эди. Бизни Қоплон қишлоғидаги бир уйга олиб келдилар. Дарвозани очиб, ичкарига киритдилар, у ерда эса одамлар тўлиб ётарди. Худди бозор дейсиз. Қўнишга жой топа олмадик, қоровулларнинг будкасида тунадик. Тонг отди. Тошкентда биз билан келишган Паша ака (асл исми Паҳлавон, Андижондан, лекин ҳамма уни Паша ака деб чақирарди) келди. “Пул билан паспортларни беринглар, чипта олиб келаман”,- деди у. Қайсидир шаҳаргача автобусда, уёғига поездда боришимизни айтди. Ҳамма ўз қўли билан ҳужжатлар ва пулларни топширди. Кимдир бош тортса, қозоқ йигитлар таҳдид қилиб, барибир тортиб олишарди. Биз ҳам беришга мажбур бўлдик.
Ҳамма ўз қўли билан ҳужжатларни топширди.
Бир кун ўтди, иккинчи кун… тўрт кундан кейин Паша акани ҳеч нарса бўлмагандек, ёнимиздан ўтиб кетаётганида учратдим. Сўрайман:
– Нима бўлди, Паша ака? Қачон жўнаймиз?
– Кут, сабр қил, ҳаммаси бўлади,- жавоб берди у.
– Жўнатишда муаммолар чиқиб қолди.
Бу вақт ичида мингтача одам келиб-кетди. Ўша ерда автобусга одамларни қандай жойлашларини кўрдим: икки кишилик ўриндиққа учтадан, йўлкаларда ҳам одамлар ўтиради, юкхонага ҳам одамларни тиқишганди. Шу тариқа, 50 та ўриндиқли автобусга 100 нафаргача одам сиғиб кетди. Кимдир қаршилик қилса, уришарди. Биз ҳам мана шундай лиқ тўла атвобусда кетишга рози эдик. Паша паспортимизни олиб қўйган, ҳеч қаерга кета олмасдик.
Биз ҳам мана шундай лиқ тўла автобусда кетишга рози эдик.
Бир ҳафта ўтди, сумкалардаги озиқ-овқатларимиз, пулимиз тугади. Бу ерда эса ҳатто ҳожатхона ҳам пуллик эди. Саккизинчи куни Паша яна бир гуруҳ одамларни олиб келди. Уни тўхтатиб, бизни ҳам жўнатишини, акс ҳолда уйга қайтишимизни айтдим. У эътибор ҳам бермади. Яна олдига кирдим, ейишга нарсамиз, пулимиз қолмаганлигини айтдим, ялиндим. Шунда у бизни янги партия билан қандайдир аёлнинг уйига олиб борди. У ерда камида 25 нафарча киши бўлиб, улардан 15 нафари аёллар эди. Еб-ичирдилар. Аниғини билмадим, булар балки анави бечора одамларнинг нарсалари бўлгандир. Улар эса, ҳеч нарсадан шубҳаланмай, хурсанд ўтиришарди. Тўртталамизни бир хонага жойладилар. У ерда яна 1-2 кун қолдик, ҳовлини, уйни йиғиштирдик – овқат учун ишлардик. Аёлларнинг иши қийин бўлди – Паша ва унинг одамлари уларга тегажоқлик қиларди.
Ҳовлини, уйни йиғиштирдик – овқат учун ишлардик.
У партия ҳам кетди. Биз ва яна иккита одам қолдик. Кечқурун дам олгани ётгандик, кимдир дарвозани тепа бошлади. Бека яширинишимизни айтди, биз меҳмонхонага кирдик ва хона эшигини қулфлаб олдик. Ҳовлидан бақир-чақирлар эшитилди, биз эса, очиғи, сичқондек пусиб ўтирдик. Одамлар ҳалиги икки кишини олиб кетишди. Билмадим нечанчи куни, 15-ми ёки 16- куними, Паша келиб гапира бошлади:
– Дардисар бўлдиларинг, сизларнинг пулингизни кейинги партияни жўнатишга, уларникини учинчи партияни жўнатишга ишлатиб юбордим…
Ўша куни у бизни бошқа партия билан Чимкент вокзалига олиб келди. Поездга чиптасиз чиқарди, биздан қутилганидан хурсанд бўлиб қайтиб кетди. Лекин бизнинг қувончимиз узоққа чўзилмади. 2–3 соатдан кейин, бошқа станцияда милиционерлар вагонга кирдилар ва барча чиптасизларни олиб чиқиб кетдилар. Биз 20 киши эдик, ҳаммамизни кутиш залига олиб бордилар. Барчамиз очмиз, укам ва жияним полда ётишларини кўриб, томоғимга бир нима тиқилди. Тунда иккита одам кириб, укаларим устидан кула бошлади. Ўрнимдан туриб, улар укаларим эканлигини айтдим. Ҳалигилар ёқамдан ушлаб, сўкиб ташқарига олиб чиқиб кетдилар. Биз билан ҳеч кимнинг иши йўқ, укаларим ухлаб ётарди. Бахтимга, кўчага олиб чиқишганда милиция патрули келиб қолди, уларни сўроқ қилиб қўйиб юборди, мени эса, участкага олиб бордилар – у вокзалдан 500 метрча нарида жойлашганди. У ерда сўроқ қилдилар, тинтиб кўрдилар, мазаҳ қилдилар, гапимга ишонмадилар. Кейин бир милиционерни гапим ростлигини текшириб кўришга жўнатдилар ва шундан кейин қўйиб юбордилар. Укаларим олдига қайтдим. Тун соат 3:00 эди. Амаллаб тонг орттирдим.
Биз билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди.
Пашанинг тўдаси келди, машинада яна Чимкентга олиб бордилар, 10 кишини бошқа аёлнинг уйига жойладилар, яна уч кун фақат нон еб, сув ичдик. Уй бекаси ҳатто чойни ҳам пулларди. Эртасига Пашанинг одами келиб, бир кунга милиционернинг уйида иш борлигини, икки киши кераклигини айтди. Мен дўстим билан бордим. Уйни йиғиштирдик, улар қорнимизни тўйдирдилар. Ҳаммамизга иш борлигини, укам ва жиянимни ҳам шу ерга чақиришимизни айтдилар. Уларни ҳам олиб келдик. У ерда 4–5 кун ишладик. Яшаб қолиш учун шундай курашдик. Бу иш тугагач, яна Пашанинг тўдасига қайтдик.
Улар Катя деб аташган бир аёлнинг уйига олиб бордилар. Тўрт кун уникида қамоқда ўтиргандек ўтирдик, нима беришса, едик. Катяга бошдан кечирганларимизни сўзлаб бердик. У ҳам Паша каби одамларни Россияга жўнатиш билан шуғулланар экан. Пашадан паспортларни олиб, бизга қайтаришини айтди. Биз пулларимиздан воз кечишга ҳам тайёр эдик. Биринчи гал бизни олиб келишган жойга бориб, паспортимизни олиб келдим. Катя, агар уйини оқлаб, шифтини суваб берсак, Россиягача чипта олиб беришини айтди. 14 кунда ишни тугатиб, жойини йиғиштирдик. Катя сўзида турди. Чипта сотиб олиб берди, бир пакет озиқ-овқат берди, Актюбинсккача чиптасиз боришимизни, уёғига чиптамиз борлигини айтди, кузатиб қўйди. Хайрлашаркан, болаларини кузатаётган онадек кўзлари ёшланди. Умри узоқ бўлсин (ҳали ҳам ҳақига дуо қиламан). Актюбинсккача қоплар остига яшириниб бордик, кейин хотиржам кетдик – чиптамиз бор эди. Бир амаллаб Москвага етиб олдик. Ўзбекистондан Москвага боришга 48 кун кетди…
Бахтимизга, иш жойимизга етиб борганимизда, буюртмачи энди бошқа бригада билан гаплашиб турган, лекин ҳали келишишмаган экан. Аллоҳга шукр, ишимни ўзим қиладиган бўлдим. Янги бригадани ҳам менга бердилар. Мени 48 кун кутганларига ҳайрон бўлдим. Аллоҳ ризқимизни нақ 48 кун биз учун асрабди…
Булар – кўрганларимнинг бир қисми, фақат ёдимда қолганларини ёздим. Агар батафсил тасвирлайдиган бўлсам, бир неча кун кетади. Вақти келса, ҳаммасини қоғозга туширарман. Кундалигимда ҳаммаси тўлиқ, кунма-кун ёзилган…
Ҳамманинг йўли бехатар бўлсин, қаерда бўлишмасин, яқинлари ҳузурига соғ-саломат қайтсинлар. Ўтганларнинг жойи жаннатда бўлсин. Омин. #zafarruz
Шарҳлар