1 июлдан бошлаб автомобилларнинг орқа ён ойналарини қорайтириш бепул бўлади
Президент Шавкат Мирзиёев сешанба куни бўлиб ўтган йиғилишда 1 июлдан бошлаб автомобилнинг орқа ён ойналарини қорайтириш тўловлари бекор қилиниши, яъни бепул бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар беради.
Ҳозир орқа ён ойналарни қорайтириш нархи жисмоний ва юридик шахслар учун 10 та базавий ҳисоб миқдорини (3 млн. сўм), шунингдек, хорижий давлатларнинг юридик шахслари учун 20 та БҲМни (6 млн. сўм) ташкил этади.
Шу билан бирга олд ва орқа ён ойналарни тўлиқ қорайтириш тўловлари 6 баробаргача арзонлаштирилади. Ҳозир у 50 БҲМ миқдорида белгиланган (15 млн сўм).
Шу санадан бошлаб ишлаб чиқарилганига 10 йилдан кўп бўлмаган енгил машиналарни мажбурий техник кўрикдан ўтказиш тартиби бекор бўлади. Бундан ташқари, 10 йилдан 15 йилгача бўлган енгил машиналар – икки йилда, 15 йилдан ортиқ бўлганлари эса бир йилда бир марта техник кўрикдан ўтказилади.
Шарҳлар