1 июлдан қонунчиликда нималар ўзгаради
1 июлдан миллий қонунчиликда қуйидаги ўзгаришлар кучга киради:
Фуқароларга процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига кўра, 2024 йил 1 июлдан фуқароларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатишнинг қуйидаги тартиби жорий қилинади:
— Адлия вазирлиги томонидан “Мадад” ННТ билан ҳамкорликда республиканинг барча туман ва шаҳарларидаги давлат хизматлари марказларида “Мадад” ННТнинг ҳуқуқий маслаҳат бюролари босқичма-босқич ташкил қилинади;
— ҳуқуқий маслаҳат бюролари томонидан аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилади, шунингдек низоларни судгача ва суд орқали ҳал этишда зарур бўладиган процессуал ҳужжатларни тайёрлашда кўмаклашилади.
Давлат хизматларини кўрсатишда шахсни биометрик идентификация қилиш (Face-ID) усули жорий қилинади
“Маъмурий ислоҳотлар доирасида адлия органлари ва муассасаларининг масъулиятини янада ошириш ҳамда ихчам бошқарув тизимини шакллантириш тўғрисида”ги Президент Фармонига мувофиқ, 2024 йил 1 июлдан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида қўшимча қулайлик яратиш мақсадида:
— Мобиле-ИД тизимида фуқароларни идентификация қилиш уларнинг хоҳишига кўра ИД-карта ва хорижга чиқиш биометрик паспортини давлат хизматлари марказлари орқали расмийлаштириш жараёнида композит шаклда амалга оширилади;
— аввал давлат рўйхатидан ўтказилган (давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома берилган ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатга устхат ёзиш йўли билан тасдиқланган) ва ҳозир ҳам амалда бўлган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва бу ҳақида давлат реестридан кўчирма бериш бепул амалга оширилади;
— нотурар жойларни бошқа шахсга ўтказишга оид битимларни расмийлаштириш битим томонлари давлат хизматлари марказига келган ва уларнинг шахси марказ ходими томонидан аниқлаштирилган ҳолда амалга оширилади ҳамда расмийлаштирилган битим бир вақтнинг ўзида давлат рўйхатидан ўтказиш учун кадастр органларига юборилади.
Айрим касалликка чалилганлар бепул даволанишади
“Онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган болаларга тиббий ёрдам кўрсатишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан онкологик, гематологик ва иммунологик касалликларга чалинган 18 ёшдан 21 ёшгача бўлган (21 ёш ҳам киради) беморлар белгиланган тиббиёт марказларининг болалар гематологияси ва онкологияси бўлимларида, шунингдек, улар вояга етгунларига қадар ушбу касаллик бўйича тиббий ёрдам кўрсатган бошқа тиббиёт ташкилотларида бепул даволанишни давом эттиради.
“Шаффоф қурилиш” тизимида ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади
“Ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш жараёнларини самарали ташкил этишнинг қўшимча чоралари тўғрисида”ги Президент Қарорига кўра, 2024-йил 1-июлдан “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимида автомобил йўллари ва йўл иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлашда қиймати 10 миллиард сўмдан ортиқ бўлган лойиҳалар бўйича жалб қилинадиган ёрдамчи пудрат ташкилотлари рўйхатга олинади.
Айрим шаҳарларда сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади
“Ичимлик сув таъминоти ва оқова сув тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорига кўра, 2024 йил 1 июлдан тажриба тариқасида Когон, Ширин, Янгиер, Бекобод ва Янгийўл шаҳарларида ичимлик ва оқова сув таъминоти давлат-хусусий шериклик асосида хусусий секторга берилади.
“Ижтимоий ҳимоя” АТда моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларнинг ҳисоби юритилади
“Аҳолининг ижтимоий ҳимоя олиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда давлат ижтимоий ёрдами ва хизматларини кўрсатишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ҳукумат қарорига кўра, 2024-йил 1-июлдан моддий ёрдам ва бошқа ижтимоий хизматларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини яратиш орқали ҳар бир фуқаро (оила) учун белгиланган ижтимоий тўловлар, тақдим этилган имтиёзлар, шу жумладан, субсидиялар, хизматлар ва ёрдамларнинг ҳар бир фуқаро кесимида “Ижтимоий ҳимоя” АТда ҳисоби юритилади, шунингдек, қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ очилган давлат жамғармалари ва бошқа жамғармалар интеграция қилинади.
Шарҳлар