1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда ниқоб тақиш режими бекор қилинади
1 мартдан бошлаб Ўзбекистонда жамоат жойларида мажбурий ниқоб тақиш ҳақидаги талаб бекор қилинмоқда. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтказилган Махсус республика комиссиясининг йиғилишида маълум қилинди, деб ёзади “Газета” нашри.
«Чунки мана вилоятларда ҳам дефакто ҳеч ким ниқоб тақмай қўйди», — деди бош вазир Абдулла Арипов. У жамоат транспорти, бозорлар, таълим муассасалари, театр, музейлар, масжидларда ниқоб тақиш тавсиявий характерга эга бўлишини қайд этди.
Йиғилишда бош вазир ковид инфекцияси тобора камайиб бораётгани сабабли (суткасига 200 тадан кам) чекловларни юмшатиш, айримларини бекор қилишга тўхталиб ўтди.
Соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ходимларига, улар коронавирус билан касалланганлар билан алоқада бўлишидан қатъий назар, ниқоб тақиш талаби қолдирилади.
Шарҳлар