1 мартдан Тошкент шаҳрида 10 тоннадан юқори бўлган автотранспорт воситаларининг ҳаракати чекланади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган кенг кўламли ислоҳотларни 2024 йилда самарали амалга ошириш, халқимизнинг кундалик ҳаётида ижобий ўзгаришларга эришиш бўйича тизимли ҳаракатларни изчил давом эттириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларига асосланган юқори иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув ва бошқа табиий ресурслардан унумли фойдаланиш стандартларини кенг жорий қилиш ҳамда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:
2024 йил 1 мартдан бошлаб:
ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга қўйилсин;
ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилиши белгиланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқлансин. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмаслиги белгилаб ўтилди.
Унга кўра,
2030 йилга қадар Тошкент ва Нукус шаҳарлари, вилоятлар марказларида “ЕВРО – 5” ва ундан юқори стандартларига мувофиқ бўлмаган автомашиналар эксплуатацияси босқичма-босқич чекланиши ҳам қайд этилган.
Фармоннинг ушбу қисмини тўлиқ, сифатли ва сўзсиз бажарилиши учун қуйидаги вазирликлар белгиланган.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги (А.Абдухакимов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Худаяров), Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Б.Закиров), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ва Транспорт вазирлиги (И.Махкамов). (Президент фармони матнида кўрсатиб ўтилган)
Шарҳлар