1 миллиард 406 миллион сўмлик контрабанда

Фото: Фарғона божхонаси

Божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда мамлакатимизга сифати кафолатланмаган дори воситалари ва тамаки маҳсулотларининг ноқонуний олиб кирилишига тизимли равишда қарши кураш олиб борилмоқда. Фарғона вилояти божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

«Бошқарманинг Контрабандага қарши курашиш бўлими ва вилоят ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда Данғара туманида навбатдаги тезкор тадбирни амалга оширдилар. Унда ушбу туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган фуқаро бошқарувидаги “ДАМАС” русумли автотранспорт воситаси яшаш хонадонларининг бирига кирган вақтида тўхтатилиб автотранспорт воситаси ва мазкур хонадон холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада, автотранспорт воситаси ва хонадонда четдан ноқонуний олиб кирилаётган ва сақланаётган хорижда ишлаб чиқарилган ҳамда божхона расмийлаштирувидан ўтганлигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 18 турдаги жами 131 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда 3 турдаги 9 500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланди», – дейилади хабарда.

Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб ушбу туман ҳудудида ҳаракатланиб кетаётган “HAFEI” ва “Дамас” русумли автотранспорт воситалари ҳам тўхтатилиб кўздан кечирилганида автомашиналарда тегишли ҳужжатлари бўлмаган 14 турдаги жами 67 мингдан зиёд сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 2 турдаги 20500 қути тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.

«Ўтказилган тезкор тадбир давомида, дастлабки умумий қиймати 1 млрд. 406 млн. сўмлик жами 292 мингдан ортиқ сифати кафолатланмаган дори воситалари ва 30 000 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинди», – дейилади.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасида тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритганлик учун, 182-моддасида эса Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан тамаки маҳсулотларини жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.