1 миллиард сўмлик электрон тамаки Божхонада қўлга тушди
Республикамиз божхоначилари томонидан товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига ноқонуний тарзда олиб кирилишига қарши тизимли кураш олиб борилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Арк булоқ» божхона постида навбатдаги ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйилди, деб ёзмоқда матбуот хизмати.
«Тақдим этилган божхона юк декларацияси асосида қизил йўлакка йўналтирилган, хориждан келтирилган юк ҳужжатларида 9 600 дона «кўп маротаба қўлланиладиган никотинсиз электрон тамаки маҳсулотлари» дея кўрсатилган товарларнинг божхона кўриги давомида товар қадоғидаги товар таркиби тўғрисидаги маълумотлар ўрганилганида, никотинли электрон тамаки маҳсулотлари эканлиги маълум бўлди», – дейилади хабарда.
Шунингдек, кўрик давомида юк ҳужжатларида кўрсатилганидан ортиқча бўлган 390 дона электрон тамаки маҳсулотлари борлиги маълум бўлди.
Ушбу ҳолатда товарларнинг ТИФ ТН кодлари нотўғри таснифланиши натижасида давлат бюджетига 280 млн. сўмлик божхона тўловларининг ундирилмай қолинишининг олди олинди ва қиймати 1 млрд. 300 млн. сўмлик 9900 дона электрон тамаки маҳсулотлари вақтинча сақловга олинди.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар