1 миллиард сўмлик “паққилдоқ”лар фош этилди

Фото: Божхона қўмитаси

Республика божхоначилари пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмасига чек қўйишга қаратилган тезкор тадбирларни мунтазам давом эттиришмоқда. Бу хақда Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси матбуот хизмати хабар беряпти.

“Пойтахтнинг Сергели туманида аввалдан кузатувга олинган шахснинг хонадони белгиланган тартибда ва холислар иштирокида кўздан кечирилганида, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва муқаддам турли йўллар билан республикамизга олиб кирилган 162 минг 153 дона салютлар ва петардалар сақланаётганлиги маълум бўлди”, – дейилади хабарда.

Фото: Тезкор тадбирда қўлга олинган махсулотлар. Божхона қўмитаси

Ушбу маҳсулотлар Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия ва Ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро яшаш хонадонидаги яширин омборда фош қилинган.

“Фақатгина шу эмас, бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган, аммо рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган 9500 қути тамаки маҳсулотлари ҳам сақланаётганлиги аниқланди”, – дейилади хабарда.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, олиб қўйилган пиротекхника воситалари ва тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати  1 млрд сўмдан ошмоқда.

Эслатиб ўтамиз, республика божхоначилари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида аниқланган 140 га яқин божхона қонунбузилиши ҳолатларида қиймати салкам 2,7 млрд сўмлик 3 млн. 158 минг донадан зиёд пиротехника воситаларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб кирилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланамасига чек қўйилган.

Ҳозирда юқоридаги ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Anhor.uz аввалроқ Тошкент шаҳар Божхона бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Отабек Одилов билан айни пиротехникалар мавзуда сухбатлашганди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.