Тошкент вилояти учун 1000 та янги автобус харид қилинади
16 октябрь куни Зойир Мирзаев раислигида “Ҳокимлик соати” ўтказилди. Унда давлатимиз Раҳбарининг вилоятимизга ташрифи мобайнида берилган топшириқ ва устувор вазифаларни ўз вақтида, юқори савияда ижро қилиш хусусида сўз борди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
Йиғилишда таʼкидланганидек, камбағаликка қарши курашиш, меҳнат мигрантлари билан ишлаш бундан буён Тошкент вилоятида маҳаллий ижро этувчи органлар раҳбарларининг асосий вазифаси этиб белгиланди. Бунда шошма-шошарликка йўл қўймаслик, рақам ортидан қувиб, реал амалий ишдан қоғозбозликка ўралашиб қолишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, деди вилоят ҳокими Зойир Мирзаев.
Eндиликда, ҳар бир шаҳар ва туманниг ҳокими кунига камида 20 нафар меҳнат мигранти билан онлайн мулоқот қилиш тартиби йўлга қўйилади. Хорижда мигратсияда юрган хотин-қизларни Ватанга қайтариш бўйича вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Зуҳра Миргазиева раҳбарлигида махсус штаб ташкил қилинади. Бу штаб аʼзолари ҳар бир хотин-қиз билан шахсан суҳбатлашади, меҳнат шароитлари, ижтимоий-ҳуқуқий муаммоларини ўрганади ва уларинг хоҳишларига кўра, Оʻзбекистонга қайтариш, иқтисод комплекси орқали ишга жойлаштириш чораси кўрилади.
Тошкент вилоятида бугунги кунда 3 миллион нафардан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 1025 та маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Қиёслаш учун, ҳудди шунча аҳоли салмоғига эга бошқа вилоятларда маҳаллалар сони анча кам. Қуйи тизимда ишларни тўғри йўлга қўйиш, ижро аппарати ходимлари сонини қисқартириш мақсадида, вилоятда мавжуд МФЙлар сони қисқартирилади. Шу мақсадда вилоятдаги барча МФЙлар жойлашуви, аҳоли салмоғи жиҳатидан қайта кўриб чиқилади. Йиғилишда бу борадаги ташкилий ишларни бошлашни, вазиятни танқидий ўрганиш ва таклиф бериш бўйича мутасаддиларга топшириқ берилди.
Зойир Мирзаев Тошкент вилоятида транспорт соҳасидаги хизматларни яхшилаш учун 1000 та янги автобус харид қилиш бўйича топшириқ берди. Транспорт бошқармаси аҳоли вакилларининг фикрини ўрганган ҳолда, барча шаҳар ва туманлардан вилоятнинг маʼмурий маркази Нурафшон шаҳри ва пойтахтга янги қатнов линияларини ишга туширади. Бу янги ташкил этилаётган жамоат транспорт йўналишларининг марказида Нурафшон шаҳри туриши лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Шарҳлар