13-14 февралда унча кучли бўлмаган магнит бўронлари кутилмоқда

13 февраль куни ерга магнит бўрони таъсир кўрсатади ва бу икки кун давом этади. Ҳисоб-китобларга кўра, унинг кучи ўртача бўлади. 13 февралда 1 диапазонида геомагнит бўронлар бўлиши кутилмоқда. Геомагнит бўронларнинг даражаси 1 дан 5 гача бўлган шкала бўйича ўлчанади. G1 геомагнит бўрони – бу кам кучли магнит бўрони бўлиб, электр тармоқлари ва электрон қурилмалар ишига катта таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, одамлар томонидан ҳам сезилмаслиги мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, магнит бўронлари чўққиси 13 февралнинг ўртасига тўғри келади. Олимларнинг маълумотларига кўра, геомагнит тебранишлар G2 (5 балли шкала бўйича иккинчи) даражадан ошмаслиги керак.

Магнит бўронлари нима?

Геомагнит бўронлар – бу Ернинг магнитосфераси билан Қуёш шамолининг ўзаро таъсири натижасида Ернинг юқори қатламларида юзага келадиган ҳодиса. Улар Ер яқинидаги электромагнит муҳитга таъсир қилиши мумкин, бу эса ўз навбатида электрон қурилмалар, сунъий йўлдош навигацияси, радиоалоқа ва ҳатто электр узатиш тизимлрининг ишини ҳам бузиши мумкин.

Магнит бўронларнинг энг кенг тарқалган сабабларидан бири – Қуёш сиртидаги портлашлар бўлиб, улар катта миқдорда энергия ва зарядланган зарралар ажралиб чиқишига олиб келади. Иккинчи сабаб – Қуёшнинг тожли отилишлари. Бу Қуёш тожидаги, яъни паст ҳароратли ҳудудлардан зарядланган зарралар ва магнит майдонларни ўз ичига олган отилишлардир. Айнан улар сайёрамизнинг магнит майдонига таъсир кўрсатади.

Магнит бўронининг хавфлилик даражаси унинг интенсивлик даражаси билан белгиланади, бу Dst индекси билан ифодаланади. Ушбу кўрсаткич Ернинг магнит экваторидаги станциялардаги магнитометрлар ёрдамида ҳисоблаб чиқилади. Ўртача кучли бўронлар -50 дан -100 нТл (нанотесла) гача, кучлилари -100 дан -200 нТл гача баҳоланади, экстремал даражадагилари эса -200 нТлдан юқори бўлади. Тинч ҳолатда шкала -20 дан 20 нТл гача тебранади.

Тушуниш учун олимлар G индексидан фойдаланадилар, бу геомагнит бўроннинг алоҳида хавф даражасини ва унинг электр, алоқа, одамлар, ҳайвонлар ва бошқаларга таъсир даражасини билдиради. Ушбу шкала бўйича магнит бўронлари бешта даражага бўлинади:

G1 – кам кучли магнит бўронлар, ҳар бир циклда тахминан 1700 марта юз беради. Электр тармоқлари ва электрон қурилмалар ишига катта таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, одамлар томонидан ҳам сезилмаслиги мумкин.

G2 – ўртача кучли, ҳар циклда 660 марта юз беради. Баъзи ҳолларда кучланиш тебранишларига сабаб бўлади, шимолий кенгликларда трансформаторларни ишдан чиқаради. Шунингдек, космик аппаратлар ҳаракатига ва қутб ёғдуларига таъсир қилади – улар қутблардан узоқроқда пайдо бўлади.

G3 – кучли, ҳар циклда тахминан 200 марта юз беради. Энергия тизимларига бевосита таъсир қилади ва сунъий йўлдош навигацияси ҳамда радиоалоқада узилишларга сабаб бўлади. Бунда қутб ёғдулари экваторга яқинроқ пайдо бўлади.

G4 – оғир, ҳар циклда тахминан 100 марта юз беради. Бундай даражада кучланишни назорат қилишда муаммолар, ҳимоя қурилмаларининг нотўғри ишлаши кузатилади. Қувурларда электр токлари пайдо бўлади, сунъий йўлдош навигацияси ва радиоалоқа ёмонлашади. Қутб ёғдулари Краснодар ҳудудида кўринади.

G5 – ниҳоятда кучли, ҳар циклда тўрт мартагача юз беради. Электр тармоқларида йирик муаммолар, тўлиқ узилишлар ва сунъий йўлдошлар, радиоалоқа ишида жиддий носозликларга олиб келади. Қутб ёғдулари субтропик ҳудудларда ҳам пайдо бўлиши мумкин.

 Магнит бўронлари даврида пайдо бўлиши мумкин бўлган тез-тез учрайдиган белгилар:

  • Бош оғриғи
  • Уйқусизлик
  • Беҳоллик
  • Тахикардия
  • Қон босимидаги «сакрашлар»

Шунингдек, космик ўзгаришлар таъсирида хафақон касаллигининг кучайиши, қон томирлар оқимининг секинлашуви ва кайфиятнинг бузилиши кузатилади. Турли психо-эмоционал бузилишларга дучор одамлардаги асабийлашув кучаяди. Баъзан бўғимлар яллиғланиши, бел оғриқлари, оёқларда оғирлик сезилиши мумкин.

Айниқса юрак-қон томир касалликларидан азият чекувчи одамлар хавф гуруҳига киради, чунки геомагнит бўронлар қон айланишига бевосита таъсир қилади. Бу ҳолат олимлар томонидан илмий исботланган, магнит бўрон пайтида шифохонага ётқизилган беморлар сони 1,5 баробар ортганлиги аниқланган.

Одам ўзини ҳимоя қилиш учун қуйидаги шифокорлар тавсияларига амал қилиши зарур:

  • Қон босимини назорат қилиш;
  • Дори-дармонлар дозаси ва қабул қилиш жадвали бўйича даволовчи шифокор билан маслаҳатлашиш;
  • Зарур барча дори-дармонлар ва сувни ўзи билан бирга олиб юриш;
  • Стрессдан, салбий ҳис-туйғулардан ўзини тийиш;
  • Спиртли ичимликларни, тамаки ва зарарли овқатларни чеклаш.

Геомагнит бўронларнинг салбий оқибатларини камайтириш учун эҳтиёт чораларини кўриш ва бундай ҳолатларда тиббий мутахассислар тавсияларига амал қилиш муҳимдир.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.