13 декабрдан АИ-80 бензини бир литр учун 5700 сўмдан сотилади
13 декабрдан бошлаб «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамиятига қарашли барча UNG Petro АЁҚШларда АИ-80 бензинининг нархи 1100 сўмга арзонлашади. Бу ҳақда ҳукуматдаги манбага таянган ҳолда UzNews.uz нашри ёзади.
Хусусан, 13 декабрь соат 00:00 дан бошлаб АИ-80 бензинининг 1 литри 5700 сўмдан сотилади. Бу маълумотни Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳам тасдиқлади.
Айни пайтда АИ-80 бензинининг нархи 6800 сўмни ташкил қилмоқда.
«Газета. uz» хабарига кўра, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 12 декабрь куни “Куз-қиш мавсумида истеъмолчиларни автомобиль бензини билан узлуксиз таъминлаш ва унинг нархи кескин ошишига йўл қўймаслик чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолаган.
Ҳужжатга кўра, 2022 йил 10 декабрдан 2023 йил 1 мартгача истисно тариқасида импорт қилинадиган ва маҳаллий АИ-80 бензинига акциз солиғи ҳамда уни чакана сотишда акциз солиғини ҳисоблаш ва ундириш нолга тенглаштирилди.
Бу АИ-80 бензинининг чакана нархларини жорий нархларга нисбатан ўртача 8,7 фоизга тушириши кутилмоқда. “Ўзбекистон 24” телеканали кўрсатувининг сюжетида акциз солиғининг вақтинчалик бекор қилиниши натижасида аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида 213,7 миллиард сўм қолиши, яъни давлат бюджети ушбу маблағдан маҳрум бўлиши қайд этилган.
Шарҳлар