13 ёшли қизга тегажоғлик қилган эркакка ҳукм чиқарилди
Жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди метро вагонида 13 ёшли қизга ножўя ҳаракатлар қилган шахсни айбдор деб топди ва 2 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Бу ҳақда Sputnik нашри Тошкент шаҳар судлари матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
Қайд этилишича, суд айбланувчини ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш моддаси бўйича айбдор деб тан олган. Шунингдек, ҳуқуқбузарнинг иш ҳақидан 20% ушлаб қолинади.
Жиноят кодексининг 62-моддаси (ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғи вақтини ҳисобга олиш қоидалари) тартибида узил-кесил ўташ учун 1 йил 10 ой 21 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Эслатиб ўтамиз, воқеа 18 сентябрь куни пойтахт метрополитенида содир бўлганди. Чилонзор метро йўналишининг “Олмазор” бекатида вояга етмаган ўсмир қизга эркак тагажоғлиқ қила бошлаган. Қиз ушбу жараённи телефонининг камерасига тасвирга олишга муваффақ бўлган. Кейинчалик қизнинг онаси видеороликни ҳуқуқ муҳофазачиларига ашёвий далил сифатида тақдим этган.
Шарҳлар