2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилди

Бугун кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида жами 2 тонна 158,4 кгдан зиёд гиёҳвандлик воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинмоқда, деб ёзмоқда Божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Пойтахтнинг Янгиҳаёт туманида “26 июнь – Халқаро гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмоли ва ноқонуний айланишига қарши курашиш” куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ноқонуний муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ташкил қилинди.

Тадбир аввалида мавзу юзасидан брифинг ташкил қилиниб, унда республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар бўйича журналистларга батафсил маълумотлар тақдим этилди.

«БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал хоним гиёҳвандликка қарши кураш йўналишида Ўзбекистонинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан амалга оширилаётган ишларни юқори баҳолади», – дейилади хабарда.

Бугун ташкил этилган тадбирда махсус печда:

37 кг 567,58 гр героин;
184 кг 697,11 гр опий;
413 кг 834,34 гр гашиш;
28,58 гр кўкнор бошоғи;
95 кг 924,44 гр кўкнор сомони;
11 кг 262,76 гр кўкнор ўсимлиги кўсаклари,
424 кг 708,92 гр марихуана ўсимлиги;
961 кг 386,86 гр каннабис ўсимлиги;
18,73 гр каннабис мойи;
347,85 гр тетрагидроканнабинол;
6,48 гр кокаин ҳамда турли хилдаги психтроп ва психофаол моддалар, синтетик гиёҳвандлик воситалари ёқиб юборилади.

Таъкидлаш жоизки, божхона органлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2023 йилда амалга оширилган тадбирлар натижасида аниқланган жами 785 та ҳолатда 9 тонна 179,4 кг гиёҳвандлик воситалари, 17 772 дона психотроп моддалар, 827,3 гр прекурсорлар ҳамда 197 594 дона ва 109 кг 170,353 гр кучли таъсир қилувчи моддалар мусодара қилинган.

«Алоҳида қайд этиш лозимки, 2023 йилда мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг асосий улуши Ўзбекистон божхона хизмати органларининг сўнгги 30 йиллик тарихида илк бор қайд этилган 8,5 тонна кўкнор гиёҳвандлик воситасининг фош қилиниши ҳолати бўлди.

Божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати томонидан “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комлексининг “Авиаюклар” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида ҳаво йўллари орқали республикамизга хориждан олиб келиниб, сўнгра юк автотранспорт воситаси орқали транзит тарзида олиб ўтилиши режалаштирилган 25 тонна оғирликдаги 1000 қоп қандолат кўкнориси уруғлари озиқ-овқат маҳсулоти белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилган», – дейилган тадбирда.

Божхона кўриги давомида ҳужжатларда қандолат кўкнориси деб кўрсатилган 25 тонна уруғ ва сомонлар таркибида, ҳақиқий гиёҳвандлик воситаси ҳисобланган 8,5 тонна кўкнори сомони борлиги аниқланган.

Бугунги кунда контрабанда ашёларини аниқлаш мақсадида чегара божхона постлари 23 та инспекцион кўрик мажмуалари, 15 та инсон танасини сканер қилувчи ускуна, 202 та рентген аппаратлари ҳамда бошқа зарур воситалар билан таъминланган.

Шунингдек, Божхона қўмитасининг Миллий кинология марказида гиёҳвандлик воситалари, кучли таъсир қилувчи ва психотроп моддаларни ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашиш йўналишида кинологлар ва хизмат итлари тайёрланмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.