2022 йилда дарахтларнинг ноқонуний кесилишидан кўрилган зарар 10 млрд сўмни ташкил қилди

Источник: пресс-служба Госкомэкологии

Ўтган йилда дарахт ва буталарни ноқонуний кесиш билан боғлиқ 4599 та ҳуқуқбузарлик фактлари аниқланиб, 7,3 миллиард сўм миқдорида маъмурий жарималар қўлланилган, табиатга етказилган зарар миқдори эса 10 миллиард сўмни ташкил этган. Бу ҳақда Табиат ресурслари ва қурилиш ҳамда уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари маълумотларида айтилади, деб ёзади Kun.uz.

Ўтган йили жами 1777 туп қимматбаҳо ва кўп йиллик дарахт кесилган. Вазият таҳлил қилинганида, қурилиш натижасида дарахтлар кўпинча шикастлангани ва нобуд бўлганлиги маълум бўлди.

“Экологик экспертиза тўғрисида”ги қонуннинг 11-моддасида давлат экологик экспертизаси объектларига барча турдаги қурилишлар учун ер участкаларини, шунингдек, барча турдаги шаҳарсозлик ҳужжатларини бериш тўғрисидаги материаллар назарда тутилган. Бироқ мутасаддилар Тошкент шаҳридаги қурилиш объектларини кўздан кечирганида, давлат экологик экспертизасининг хулосаси олинмасдан, 2019 йилда 235 та, 2020 йилда 89 та, 2021 йилда 99 та объектни қуриш учун ер участкалари ажратилгани аниқланган.

2022 йилда Тошкент шаҳрининг 11 та туманидаги 332 та хўжалик юритувчи субъектлар ҳудудларида ўтказилган ўрганишлар натижасида жами 21 031 туп ҳар хил турдаги, жумладан 17 767 та манзарали, 2 599 та мевали дарахтлар кўрикдан ўтказилган, улардан 103 таси қуриган, 20 таси турли касалликларга чалинган.

Айтиш жоизки, республикада жами 500 дан ортиқ қурилиш объектлари ўраб олинган, у ерда ўсаётган 24 мингга яқин дарахтнинг тақдири хавф остида. Қурилиш майдонларида дарахтларни кесиш ҳолатлари кўп учрамоқда.

Хусусан, Мирзо Улуғбек туманида жойлашган қурилиш обектида тупроқ ишлари олиб борилаётган жойда 55 туп дарахт нобуд бўлган. Аниқланишича, Чилонзор туманидаги кўп қаватли тураржой биноси қурилиши учун ўраб олинган ҳудудда 18 туп дарахт шикастланган, Яшнобод туманидаги қурилиш майдонида эса 83 туп кўп йиллик манзарали дарахт ноқонуний равишда кесилган.

Қонунчилик палатасида бўлиб ўтган тингловларда депутатлар томонидан мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан қатор таклиф ва тавсиялар берилди. Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 апрелдаги “Қурилиш соҳасидаги ягона маъмурий қурилиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига қурилиш объектларида дарахтларни кесишнинг олдини олиш мақсадида ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Қонунчиликда қурилиш объектларини ўраб олиш тартибига аниқлик киритиш, республикадаги давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтларни тўлиқ рақамли инвентаризациядан ўтказиш бўйича таклифлар киритилди.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.