2023-2027 йилларда Ўзбекистонда ОИВга қарши курашиш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди
Ўзбекистон президенти имзолаган қарор билан аҳоли орасида ОИВ инфекцияси тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини оширишга доир 2023-2027 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ҳужжат Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 2030 йилга бориб ОИВ эпидемиясига барҳам бериш учун “95-95-95” стратегиясига мувофиқ қабул қилинган бўлиб, унинг доирасида ОИВ инфекциясини юқтириб олган шахсларнинг 95 фоизи ўз мақомини билишлари, махсус даволаш курслари билан қамраб олиниши, 95 фоизининг қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушиши керак.
Мазкур стратегияга мувофиқ тадбирларни амалга ошириш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигига Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023-2027 йилларда Давлат бюджети маблағлари, ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича Глобал жамғарма маблағлари, Осиё тараққиёт банки ҳамда Осиё инфратузилмавий инвестициялар банкининг қарз маблағлари ҳисобидан аҳоли ўртасида ОИВ инфекциясини эрта аниқлаш, ташхислаш ва даволаш сифатини ошириш мақсадида тест-тизимлари ва ретровирусга қарши воситаларни харид қилиш, ОИТСга қарши кураш марказлари ва уларнинг туманлараро диагностика лабораторияларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини ошириш, кенг тарғибот ишларини ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилий тадбирлар учун 120 миллиард сўм ва 54 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар йўналтирилишини таъминлаш топширилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигига 2027 йилда:
– ОИВ инфекциясини юқтириб олган ҳамда ўз мақомини билган, махсус даволаш курслари билан қамраб олинган ва қонида вирус юкламаси аниқланмайдиган даражага тушган шахслар кўрсаткичи 95 фоизга етказилишини таъминлаш;
– ОИВ инфекциясининг онадан болага юқишига барҳам берилишини таъминлаш;
– никоҳланувчи шахсларни ОИВ инфекцияси бўйича мажбурий тиббий кўрикдан ўтказиш жараёнини электрон тизим орқали амалга оширишни йўлга қўйиш мақсадида Адлия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июнга қадар Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида, 2023 йил якунига қадар эса бошқа ҳудудларда “Электрон ҳукумат” тизимининг идоралараро интеграция платформаси орқали ФҲДЁ органлари ва тегишли тиббиёт муассасалари ўртасида электрон ҳамкорликни ташкил қилиш;
– 2023 йил якунига қадар ОИВ инфекцияси аниқланган ҳолатлар мониторингини таъминлаш, реал вақт режимида препаратлар ва диагностикумларнинг ҳаракатланишини кузатиб бориш имконини берувчи электрон ахборот тизимини яратсин ҳамда ушбу тизимни Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармасининг электрон базалари билан интеграция қилиш орқали ўзаро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш;
– икки ой муддатда Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда ОИВ инфекциясига чалинган шахсларни ижтимоий, ҳуқуқий, маънавий ва тиббий-психологик қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёшлар орасида ОИВ инфекцияси тарқалиши масалаларида кенг тушунтириш ва тарбиявий ишлар олиб бориш, жамиятда оилавий ва маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлашга доир идоралараро чора-тадбирлар дастурини тасдиқлаш топширилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ҳудудлар кесимида 2023 йилга мўлжалланган ОИВга қарши курашиш тизимини кучайтиришга доир “йўл хариталари”нинг амалга оширилишини, 2024-2026 йилларда тегишли даврга мўлжалланган “йўл хариталари”нинг ишлаб чиқилишини таъминлаш топширилди.
Мавзу бўйича кўринг:
Шарҳлар