2024 йилда дунё иқтисодиётида кузатиладиган 10 та воқеа ва тренд прогноз қилинди
The Economist 2024 йилда бизнесга ўз таъсирини ўтказадиган ўнта ҳодиса ва трендларни прогноз қилди. Булар қуйидагилар:
- Бутун дунё бўйлаб Марказий банклар, шу жумладан, АҚШ Федерал захира тизими нарх ошиши секинлашгани сайин фоиз ставкаларини пасайтиришни бошлаши мумкин. Bank of America иқтисодчилари ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил мобайнида 2020 йилдан буён биринчи марта 150 мартадан кўпроқ ставкаларни пасайтириш ҳолатлари кузатилади.
- Иқлим ўзгаришига қарши кураш фонида янгиланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш 2024 йилда 11 фоизга ўсиб, янги максимум кўрсаткичларга етади. Яшил энергияни ишлаб чиқариш нархи қисқаради, аммо 2020 йилги кўрсаткичдан 10-15 фоизга юқори бўлади. Шу билан бирга, қазилма ёнилғи глобал талабнинг тахминан 80 фоизини қондиришда давом этади.
- IТ-тизимларга харажатлар 9 фоизга ошади, асосан ускуналар қимматлашуви эвазига. Компаниялар самарадорликни ошириш, харажатларни қисқартириш ва рискларни бошқариш учун нейротармоқлардан фойдаланади. Бироқ сунъий интеллектдан фойдаланиш компанияларга катта даромад олиб келиши амри маҳол.
- Дунё ўзи эҳтиёж сезаётган ва эга бўладиган инфратузилма ўртасидаги фарқ 3 триллион долларга тенг бўлади. Муаммони ҳал қилишда ялпи инвестициялар ёрдам беради. Аммо бу йил улар етарли бўлмаслиги мумкин. АҚШда инфратузилмага харажатлар 1 фоизга ошади, Осиё иқтисодиётига сармоя 4 фоизга ошиши керак.
- Реклама саноати даромадлари 5 фоизга ошиб, 762,5 миллиард долларга етади, бунда АҚШдаги президент сайловлари ва йирик спорт тадбирлари, хусусан, Париждаги Олимпия ўйинлари сабаб бўлади.
- 2024 йилда халқаро туризм асосан нархлар ўсиши эвазига 1,5 триллион миқдорида рекорд даромад олади. Саёҳатчилар ўрмон ёнғинлари ва рекорд даражадаги жазирамадан хавфи туфайли, ёзги сафарлардан воз кеча бошлайди, натижада авиакомпаниялар ўз жадвалини уларнинг талабларига мослаштиришига тўғри келиши мумкин.
- 2024 йилда соғлиқни сақлашга глобал харажатлар дунё ялпи ички маҳсулотининг 10 фоизидан ошиб кетади. Фармацевтика маҳсулотлари савдоси 1,6 триллионга етади: қарийб 30 фоизи АҚШ, 10 фоизи Хитой улушига тўғри келади.
- АҚШнинг мудофаа учун харажатлари 886 миллиард долларни ташкил қилади. Унинг умумий ҳарбий бюджети бор-йўғи 3 фоизга ўсади, Хитойда эса мудофаага харажатлар 7 фоизга ошади.
- Автомобиль саноати кўрсаткичлари бу йил пандемиядан аввалги даражагача чиқолмайди. Дунё бўйича янги машиналар савдоси атиги 3 фоизга ошади. Сотилган автомобилларнинг қарийб 25 фоизини электрокарлар ташкил қилади. Уларнинг ярмидан кўпи Хитойда сотилади.
- Компанияларнинг 60 фоизи уйдан ишлашга рухсат берадиган АҚШда офис биноларининг 20 фоизи бўшаб қолади. Канадада бўш бинолар улуши 15 фоизгача ўсади, масофадан туриб ишлаш энг кам маъқулланадиган Евроиттифоқда эса 8 фоизгача ошади.
Улашиш:
Шарҳлар