2050 йилга келиб Ўзбекистон юқори даражада сув танқислигини ҳис қилади

Источник: freepik.com

2050 йилга келиб бутун дунё бўйлаб сувга бўлган талаб 20-25 фоизга ошади, бу эса дунё аҳолисининг қарийб 60 фоизи йилига камида бир ой давомида ўта оғир сув танқислигини бошдан кечиришига олиб келади. Бу ҳақда World Resources Institute (WRI) тадқиқотида сўз боради.

WRI маълумотлари шуни кўрсатмоқдаки, сувга бўлган талаб 1960 йилдан бери икки баравардан кўпроққа ошган. Ҳозирда дунё аҳолисининг қарийб ярми – 4 миллиард киши йилига камида бир ой сув танқислигини бошдан кечирмоқда.

Европа ва АҚШда сувга бўлган талаб барқарорлашган бўлса-да, Африкада у тез ўсиб бормоқда. Прогнозга кўра, 27 йилдан сўнг Яқин Шарқ ва Шимолий Африкада яшовчи аҳолининг 100 фоизи ўта юқори сув танқислигига дучор бўлади (графикда тўқ қизил ранг).

Юқори сув танқислиги (қизил) – сувга бўлган талаб мавжуд ҳажмдан ошиб кетадиган ёки сувнинг сифатсизлиги ундан фойдаланишни чеклайдиган ҳолатларга Туркия, Мўғулистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Мексика ва Австралия аҳолиси дуч келади. Ўртача-юқори сув танқислигини (зарғалдоқ ранг) – АҚШ, Хитой ва Қозоғистон ҳис қилади. Россия, Канада ва Бразилия аҳолиси 2050 йилга келиб паст ва ўрта даражадаги сув танқислигини бошидан кечиради.

Тадқиқот натижаларига кўра, дунё аҳолисининг тўртдан бир қисми истиқомат қиладиган 25 та давлат ҳозирда ўта кескин сув танқислигини бошидан кечирмоқда. Сув тақчиллиги энг юқори бўлган мамлакатлар қаторига Баҳрайн, Кипр, Қувайт, Ливан, Уммон ва Қатар киради. Ҳозирги кунда Яқин Шарқ ва Шимолий Африка аҳолисининг 83 фоизи ва Жанубий Осиё аҳолисининг 74 фоизи жуда юқори сув танқислигига дучор бўлмоқда.

“Сув танқислигининг бундай даражаси одамлар ҳаёти, иш жойлари, озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигига таҳдид солади. Сув экинлар ва чорвачиликни етиштириш, электр энергиясини ишлаб чиқариш, инсон саломатлигини сақлаш, адолатли жамиятлар қуриш ва глобал иқлим мақсадларига эришишда марказий роль ўйнайди. Сувни яхши бошқармасдан туриб аҳолининг ўсиши, иқтисодий ривожланиши ва иқлим ўзгариши сув танқислигини янада кучайтириши мумкин”, – дея таъкидлайди ҳисобот муаллифлари.

2050 йилга бориб жаҳон ялпи ички маҳсулотининг 31 фоизи (қиймати 70 триллион АҚШ доллари) 2010 йилдаги 24 фоиз (15 триллион АҚШ доллари)га нисбатан жиддий сув танқислигига дучор бўлади.

WRI сувни бошқаришнинг янада самарали стратегияларини амалга оширмаслик 2050 йилга бориб дунё ялпи ички маҳсулотининг 31 фоизини (70 триллион доллар) юқори сув танқислигига олиб келиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. Энг қийин вазият, прогнозларга кўра, Ҳиндистон, Мексика, Миср ва Туркияда бўлади.

WRI жорий сув муаммоларини ҳал қилиш учун глобал ялпи ички маҳсулотнинг 1 фоизи миқдорида инвестиция талаб қилади, деб ҳисоблайди.

Олимлар жаҳон етакчиларини шаҳар сув таъминоти ва оқава сувлардан қайта фойдаланиш тизимлари барқарорлиги бўйича режалар ишлаб чиқиш, шунингдек, фермер хўжаликларида суғориш ва экин етиштиришнинг сувдан самарали усулларини жорий этишга чақирмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.