228 минг қути контрабанда тамаки йўқ қилинди
Тошкентнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш тадбири ўтказилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 22 февраль куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Миробод туманидаги хонадонлардан бирида ўтказилган тезкор тадбирда бу ерда хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 140 дан зиёд турдаги 228 минг 144 қути тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф тарзда сақланаётганлиги аниқланган эди.
Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судининг жорий йил 15 июндаги хукмига кўра, жиноят иши бўйича ашёвий далил тариқасида олинган мазкур тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланди.
Шу куни айнан ушбу тамаки маҳсулотлари – 228 минг 144 қути сигаретлар журналистлар, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари гувоҳлигида ёқиб юборилди.
Шунингдек, тадбирда Божхона қўмитаси ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари масъул раҳбар ва ходимлари, Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария эпидемиологик ва жамоат саломатлиги бошқармаси, Мажбурий ижро бўлими ходимлари, Интелектуал мулк департаменти вакиллари иштирок этишди.
Шундан сўнг журналистлар ва блогерлар учун брифинг ҳам ташкил қилинди.
Брифингда Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига жавоб берди.
Маълумотларга кўра, 2022 йилда божхона органлари томонидан 338 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 19,8 млрд. сўмлик 1 млн. 619 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 85 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 253 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган. 2023 йилнинг 6 ойида божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 37,5 млрд. сўмлик 1 млн. 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.
Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.
Бундан ташқари ноқонуний сигарет маҳсулотлари билан боғлиқ 12 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари божхона органлари томонидан кўриб чиқилмоқда.
2022 йилда ноқонуний муомаладан олинган 1 млн. қутидан ортиқ, 2023 йилнинг ўтган даврида эса 100 минг қутидан зиёд сигарет товарлари белгиланган тартибда йўқ қилинган.
«Таҳлилларга кўра, республикамиз ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринилмоқда. Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади. Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган сигаретларнинг асосий қисмини “Милано”, “Эссе”, “Монд”, “Кавалло”, “Парламент”, “Неетс”, “Марлборо” каби сигаретлар ташкил қилмоқда», – дейилади Божхона қўмитаси ахборот хизматининг маълумотида.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасида тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритганлик учун, 182-моддасида эса Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан тамаки маҳсулотларини жуда кўп миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 25 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги 200-сон қарорига мувофиқ тамаки маҳсулотлари мажбурий тарзда йўқ қилиб ташланиши белгиланган.
Шарҳлар