228 нафар боғча ходимлари тиббий кўрикдан вақтида ўтмагани сабабли ишдан олинди

Foto: uzlidep.uz

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси томонидан мактабгача таълим ташкилотларида Президент қарорлари ҳамда Санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига риоя қилиниши устидан назорат ўтказилади.

Санитар ҳолатини ўрганиш натижаларига кўра:

Республикада жами 6824 та давлат мактабгача таълим ташкилотлари мавжуд бўлиб, уларнинг 18 фоизида “Аутсорсинг усул”да, 82 фоизида “Анъанавий усул”да овқатланиш ташкил этилган. 2024-йилнинг уч ойи давомида Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари томонидан 1272 та мактабгача таълим ташкилотида текширувлар амалга оширилган.

Текширишлар давомида мактабгача таълим ташкилотларидан кимёвий таҳлиллар учун жами 26534 та намуна олинган, шулардан 1554 таси, яъни 5,8 фоизи талабга жавоб бермаган. Бактериологик таҳлиллар учун олинган 31791 та намуналардан 3149 таси, яъни 9,9 фоизи Санитария қоидалари ва меъёрлари талабларига жавоб бермаган.

Тарбияланувчилар овқатланишининг тўғри ва хавфсиз ташкил этилгани устидан назоратни амалга ошириш чоғида микробиологик кўрсатгичларга тайёр озиқ-овқат маҳсулотларидан 3062 та намуна олинган ва улардан 109 таси талабга жавоб бермаган. Ичимлик сувидан эса 1865 та олинган намунадан 57 таси талабга жавоб бермаган.

Кимёвий таҳлиллар учун овқат тўйимлилигини текширишга 1242 та намуна олинган. Шулардан 189 та намунада овқат тўйимлилиги пастлиги аниқланган. Сабзавотларда нитрат қолдиқларини текшириш учун 3501 та намуна олинган, 76 та намунада нитрат қолдиқлари борлиги аниқланган. Ош тузида йод миқдорини аниқлаш учун 760 та намуна текширилган ва 243 та намуналарда йод миқдори меъёрга нисбатан камлиги аниқланган.

Мактабгача таълим ташкилотларида санитария қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул шахсларга нисбатан 1102 та ҳолатда маъмурий чоралар қўлланилган. 92 та муассасанинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилган. 228 нафар ишчи-ходим тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтмагани сабабли ишдан вақтинча четлатилган. 104 kg.dan ортиқ миқдордаги озиқ-овқат маҳсулотлари бракераж қилинган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.