28 август куни Олий Мажлис Сенатининг 56-ялпи мажлиси ўтказилади
Бугун, 27 август куни Танзила Нарбаева раислигида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисини 2023 йил 28 август куни видеоселектор шаклида ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Бўлажак йиғилишда сенаторлар бир қатор муҳим қонун лойиҳаларини кўриб чиқади, жумладан:
– “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган тадбиркор” янги фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида
– Ерлар ва ер ости бойликларини муҳофаза қилиш мақсадида Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида
– Судларда ишларни кўришда прокурорларнинг ваколатларини кенгайтириш тўғрисида
– Коммунал тўловларни суд орқали ундириш тартибини соддалаштириш тўғрисида
Шунингдек, кун тартибига айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ва Сенат Кенгаши қарорларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалалар киритилган.
Шарҳлар