28 декабрдан бошланган Янги йил тадбирлари 248 жойда ўтказилиб бўлинди

Фото: Anhor.uz / Бобур Каримов

Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти ахборот хизмати раҳбари Музифа Султонова байрам тадбирлари давомида жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида АОКАда ўтказилган брифингда маълумот берди.

Унга кўра, “Президент арчаси” ҳамда “Янги йил байрами” тадбирларини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва ташкил этиш бўйича жорий йилнинг 12 декабрида ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Ситуацион марказида, шунингдек жойларда идоралараро тезкор штаблар ташкил этилиб, тадбирлар штаб раҳбарлари томонидан онлайн назоратга олинди.

«Департамент штаби томонидан республикамиздаги “Янги йил арчалари” ҳудудини, йўл-патруль хизмати масканларини, жамоат тартибини сақлаш хизматининг махсус муассасаларини, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизматининг муассасаларини, хамда асосий чорраха ва жамоат жойлари нуқталари онлайн кузатилиб, назорат қилинмоқда. Асосий тадбирлар 28 декабрь куни бошланган бўлиб, бугунга қадар республиканинг 248 та жойларида янги йил байрам тадбирлари ўтказилди ва унда тахминан 300 минг  нафар фуқаролар қатнашди. Байрам тадбирларида хавфсизликни таъминлаш учун жами 17 573 нафар куч-воситалар сафарбар этилган», – дейилади хабарда.

Шулардан, 11 474 нафари ИИВ, 3 925 нафари Миллий гвардия ва 2 174 нафари ФВВ ходими ва ҳарбий хизматчиларидир. Уларга 5 878 та алоқа воситалари ва 1 677 та автотранспорт, 2 903 та металлодетектор ҳамда 280 бош хизмат итлари ажратилган. Байрам тадбирлари ўтказиладиган объектлар атрофига видеокамералар ўрнатилиб, мониторинг марказларига интеграция қилинди.

«Байрам тадбири ўтказиладиган жойларда адашиб қолган ёш болаларни вақтинча сақлаш учун хоналар ташкил этилиб, уларга инспектор-психологлар бириктирилди. Муайаян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларнинг 425 нафари Реабилитация  марказларига 5 нафари эса Меҳр-саҳоват уйларига жойлаштирилди. Байрам тадбирлари ўтказилаётган вақтда электр-энергия, газ, сув, ободонлаштириш ва бошқа мутасадди ташкилотларнинг туну-кун навбатчилиги ташкил этилган», – дейди у.

“Президент арчаси” ҳамда “Янги йил байрами” тадбирлари ўтказиладиган жойларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга 2 325 нафар йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари сафарбар этилган бўлиб, байрам тадбирлари ўтказиладиган жойлардан 150 метр узоқликда 282 та автотураргоҳлар ташкил этилди.

Бундан ташқари, тадбир ўтказиладиган жойларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, 177 та кўчаларни жисмоний ёпиш учун жами 851 та “Бдо-5” бетон ва темир тўсиқлар ёрдамида транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиб, объектларга олиб келувчи йўлларга 757 та қўшимча йўл белгилари ўрнатилди.

«Аҳоли гавжум бўладиган тунгги кўнгилочар жойлар атрофида транспортни етказиб бериш хизматлари ташкил этилди. 2023 йил 16 ноябрдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида пиротехника буюмларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш мақсадида олиб борилаётган комплекс чора-тадбирлар натижасида, бугунга қадар 3 минг 641 та ҳолатлар аниқланди, 8 млрд 922 млн сўмлик маҳсулотлар олиб қўйилди, 1 941 нафар ҳуқуқбузарлар маъмурий жавобгарликка тортилди, 26 та жиноят ишлари қўзғатилган«, – дейилган хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.