28 та туманда янги ижтимоий ёрдам тизими бўйича тажриба ўтказилади
Президент “Аҳолига ижтимоий хизматлар вa ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолади.
2023 йил 15 октябрдан бошлаб 28 та туман (шаҳар)да эксперимент тариқасида Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ижтимоий ходимлар гуруҳлари томонидан ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатишнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Қуйидагилар ижтимоий хизматлар марказларидаги ижтимоий ходимлар гуруҳларининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:
- оғир аҳволга тушиб қолган ва оғир аҳволга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида комплекс ёндашув асосида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатиш;
- ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва мавжуд имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини ишлаб чиқиш;
- ички ресурсларни, шу жумладан ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича кўнгиллиларни (қариндошлар, қўни-қўшнилар, волонтёрлар) ижтимоий хизмат ва ёрдамлар кўрсатишга жалб қилиш.
2023 йил 15 октябрдан бошлаб талабгорларни ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи ёки ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахс деб эътироф этиш ёки бекор қилиш, шунингдек, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар рўйхатига киритиш (ундан чиқариш) “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг қарорига асосан амалга оширилади.
“Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари директорларига муайян яшаш жойига эга бўлмаган ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини Агентлик ҳузуридаги уй-жой фондига эга бўлган муассасаларга олти ой муддатгача вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқи берилади.
2023 йил 1 ноябрга қадар “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида ижтимоий хизматларни мувофиқлаштирувни алоҳида электрон модуль (e-case) ишлаб чиқилиши ҳамда унинг фаолият кўрсатиши режалаштирилмоқда.
Шарҳлар