29 ёшли фуқаро умрбодга қамалди
Жорий йилнинг июл ойида Янгийўл туманида 1995-йилда Наманган вилоятида туғилган З. С. га нисбатан Жиноят кодексининг 97 (қасддан одам ўлдириш), 118 (номусга тегиш), 134 (қабрни таҳқирлаш), 164 (босқинчилик) ва 173 (мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб, жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича суд жараёни бошланганди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жамоатчилик билан алоқалар марказининг телеграм саҳифасидаги хабарга кўра, бугун Тошкент вилоят судида З. S.ga оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди.
Унда айтилишича ушбу жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судяси Б. Розиқов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ З. С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а», «в», «ж», «з», «и» бандлари, 118-моддаси 1-қисми, 134-моддаси, 164-моддаси 3-қисми «в», «г» бандлари ва 173-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шарҳлар