Сурхондарёда 2 та машина тўқнашиб кетди, 3 киши ҳалок бўлди

Foto: Surxondaryo viloyati IIB

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида 3 киши ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда вилоят ИИБ.

Ҳодиса 17 сентябр куни соат 03:15 ларда Сариосиё тумани, “Шабнам” МФЙ ҳудудидан ўтувчи М41 автомобил йўлининг 1463 километрида юз берган. 2004 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган фуқаро Nexia-2 русумли транспорт воситасини “Денов-Сариосиё” йўналиши бўйлаб бошқариб келиб қарама-қарши бўлакдан ҳаракатланиб келаётган 2005 йилда туғилган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ҳайдовчи бошқарувидаги “ВАЗ-2107” русумли транспорт воситаси билан тўқнашиб ЙТҲ содир этган.

Ҳодиса жойидан олинган дастлабки маълумотларга кўра, ВАЗ-2107 русумли автомобиль салонида бўлган 3 нафар йўловчи (ҳайдовчининг синфдошлари) вафот этиб, иккала автотранспорт воситасидаги қолган йўловчилар тан жароҳати олиб туман Тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Сариосиё туман ИИБ Тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.